Жамият | 13:12 / 02.03.2018
22860
12 дақиқада ўқилади

Вояга етмаган болалар нега жиноят содир этмоқда?

Фото: Fotolia

Халқимиз азалдан болажонлик фазилатини намоён қилиб, фарзандни дунёга келтиришдан тортиб, то камолга етказгунга қадар унинг таъминоти, таълим-тарбияси ва билим олиши, касб-ҳунар эгаллашига, умуман, етук инсон бўлиб камол топишига алоҳида эътибор қаратиб келган.

Миллий қонунчилигимизда бу инсонпарвар қадриятларимиз ўзининг теран ифодасини топган. Хусусан, Асосий Қонун — Конституциямиз, Оила кодекси, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги, "Воя­га етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғ­рисида"ги қонунлар, Президентимизнинг кўплаб фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорларида фарзандларимиз, айниқса, вояга етмаган болалар манфаатларининг ишончли ҳимояси кафолатланган.

Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан болалар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама баркамол инсон қилиб тарбиялаш, вояга етмаган болаларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш ва уларнинг юқори даражада таълим-тарбия олишини ҳар томонлама таъминлаш борасида изчил ҳамда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, бугунги кунда мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этиш лозим. Зе­ро, кейинги даврда айни соҳага татбиқ этилаётган шиддатли янгиланишлар давлатимиз томонидан болаларга туғилганидан бошлаб ғамхўрлик қилишга юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир яққол далилидир.

Бола дунёга келганидан бошлаб унга ғамхўрлик қи­лиш, соғлом ва тўғри тарбия ҳамда замонавий таълим олишини таъминлаш — жамиятимиз келажаги, эртанги кунимиз пойдеворидир. Нега деганда, болалар зилол сувга ўхшайди. Сув қайсики идишга солинса, шу идиш шаклини олганидек, болалар муҳит, ота-она ва тарбиячилар одоб-ахлоқи ва хатти-ҳаракатларини айнан кўрганидек қабул қилиши ҳеч кимга сир эмас. Зотан, "Қуш уясида кўрганини қилади", деган нақл бежиз айтилмаган.

Шунинг учун фарзанд тарбиясига ғоятда масъулият билан ёндашиш, бунда шахсий ибрат жуда муҳим омил эканини унутмаслик жоиз. Улуғ аллома Абу Ҳомид Ғаззолий таъбири билан айт­ганда, "Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гав­ҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади."

Аллома яна шуни таъкидлайдики, агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Агар бо­ла эътиборсиз ташлаб қў­йилса, ёмонлик ичида ўсса, бахтсизликка юз тутади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга сол­ганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади.

Асрлар оша бизгача етиб келган ана шу ҳикмат дурдоналари бугун ҳам бола тар­бия­сига катта аҳамият бераётган юртдошларимизнинг айни кўнглидаги гаплардир, десак, асло муболаға эмас. Чиндан ҳам, фарзанд тарбиясида йўл қўйилган хато, эътиборсизлик ҳеч қачон беиз кетмайди.

Тўғри, бирон-бир бола "катта бўл­сам жиноятчи бўламан", деб ният қилмайди, шунингдек, ҳеч қайси ота-она фарзандининг жиноятчи бўлишини истамайди.

Шундай экан, бугун вояга етмаган болаларимиз томонидан содир этилаётган жиноятларнинг сабабларини қаердан излаш керак?

Таҳлилларга кўра, айни пайтда бунга сабаб бўлаётган бир қатор омиллар мавжуд.

Биринчидан, айрим ота-оналар фарзанди дунёга келгач, арзимаган баҳонани рўкач қилиб, ажрашиб кетади. Ўз навбатида, оила бузилиши болага ўта салбий таъсир кўрсатиб, унинг тарбиясини издан чиқариб юбораётганини, афсуски, ҳаётда учраётган кўплаб нохуш воқеалар тасдиқлаб бермоқда.

Конституциямизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур экани қайд этилган.

Аммо ажрашиб кетган айрим ота-оналар фарзанд тарбиясида умуман иштирок этмаслиги, ҳатто фарзанди моддий таъминотини ҳам ихтиёрий амалга оширмаётгани каби ҳолатлар ниҳоятда ачинарлидир.

Буни рақамлар мисолида кўрайлик: биргина ўтган йилнинг ўзида 3 минг 99 нафар фуқародан — суднинг ҳал қилув қарори асосида, 38 мингдан зиёд фуқародан эса, суд буйруғи орқали фарзандлари таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.

Ваҳоланки, муқаддас Ҳа­дисда келтирилганидек, "Ки­ши ўз аҳлига мутасаддидир ва қўл остидагиларга масъулдир. Аёл эрининг уйида мутасаддидир ва у қўл остидагиларга масъулдир".

Шундай экан, ҳар қайси ота-она ўз фарзандларига нисбатан мутасадди ва масъул эканини унутмаслиги шарт. Зеро, бу фарзанд келажаги, унинг комил инсон бўлиб вояга етишида энг муҳим ва зарур омилдир. Шу билан бирга, бу қонун талаби, маънавий бурч, муқаддас динимиз арконларига кўра ҳам фарзу қарз, демакдир.

Шубҳасизки, бунда ота-оналарнинг ўзлари кундалик турмушда, ўзаро мулоқоту муомалаларида ва жамият ҳаётига муносабатларида фарзандларига ҳамиша намуна бўлишлари лозим. Хусусан, уларга ёшликдан нима яхши-ю нима ёмон, савоб ва гуноҳ нимада эканлигини, шунингдек, одоб-ахлоққа доир ижобий фикрларни ўргатиб боришлари даркор.

Иккинчидан, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборсизлиги, ўз фарзандининг тарбиясини бировларга ишонишлари ҳам салбий ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунда айрим ота-оналар катта орзу-ҳаваслар билан, яъни фарзандини яхшироқ моддий таъминлаш, тўйини бошқаларникидан кўра дабдабали ўтказиш, сарполарини бекаму-кўст қилиш ниятида боласини қари ота-онасига, қа­рин­доши ёки таниш-билиш, қўни-қўшнисига ташлаб, ўзлари бошқа юртга ишлаб, пул топиб келиш учун кетаётганлиги ҳам бор гап. Лекин улар фарзандга айни тарбия бериш лозим бўлган вақтни беҳуда йўқотаётганини ва кейинчалик бунинг ўрнини на моддий неъмат, на маънавий-маърифий сабоқ билан қоплаб бўлмаслигини ҳар доим ҳам англаб етавермайдилар. Ниҳоят тушунганларида эса, таассуфки, кеч бўлади.

Бола тарбиясига оид рисолалардан, мутахассислар фикри, халқимиз тажрибасидан ҳам яхши маълумки, хоҳ у ўғил, хоҳ қиз бўлсин, айни балоғат ёшига қадам қўяётган бир пайт­да, руҳшунослар тили билан айтганда, "ўтиш даври"да боланинг ҳар қандай хатти-ҳаракати ва ҳолатларини, юриш-туришини жиддий назорат қи­лиш шарт. Айниқса, бундай пайтда фарзанд тарбия­сини бировларга ишониб бўлмайди.

Қайсидир ота-она енгил-елпи ҳаваслар ортидан қувиб, хорижга мўмай даромад излаб кетди ва ҳатто бирмунча пул топиб келди ҳам, дейлик.

Би­роқ уларнинг чуқур ўйлаб қилган ишлари аввало ўзларига қимматга тушаётганига кўп бор гувоҳ бўлмоқдамиз. Негаки, ўтган фурсат оралиғида қаров ва эътиборсиз қолдирилган фарзанди аржуманднинг таълим-тарбияси издан чиқиб кетган бўлади.

Бугунги кунда жиноят содир этиб, жазо ўтаётган воя­га етмаганларнинг аксарияти, аниқроқ айтганда, 70 фоиздан кўпроғи ажрашган ёки бошқа юртга ишлаш учун оила бағридан узоқ муддат четга чиқиб кетган ота-она фарзандлари экани ҳам уш­бу фикр-мулоҳазаларимизни тасдиқлаб турибди.

Учинчидан, бу муаммонинг навбатдаги сабаблари — оиладаги ўзаро муносабатлар тўғри йўлга қўйилмаганлиги, ота-онанинг спиртли ичимликка муккасидан кетганлиги, оилада эр-хотин ва фарзандлар ўртасида ўзаро иззат-ҳурмат йўқолганлиги, қисқача айт­ганда, оила бошлиқларининг ўзлари биринчи галда тар­бия­га муҳтож эканида ўз аксини топмоқда.

Мисол учун 2017 йилда 1 минг 198 нафар ота ва она оталик ҳамда оналик ҳу­қуқидан маҳрум этилган. Қарийб 800 нафар фуқаро, яъни ота ёки онанинг спирт­ли ичимлик истеъмол қилганлиги ва бош­қа сабабларга кўра муомала лаёқати чекланган. Мана шундай ташвишли ҳолатлар ҳам, аслида, вояга етмаган ёшлар келажагига рахна солаётганидан кўз юмиб бўл­майди.

Бу масалада яна бир хатарли ҳолат кузатиладики, буни асло инкор этиб бўл­майди. Айтмоқчимизки, болаларнинг жиноят йўлига кириб қолиши сабаблари ҳа­қи­да сўз борганда, вояга етмаган фарзандларимизнинг онгига салбий таъсир этаётган турли ахборотлар хусусида жиддий ўйлаб кў­риш тақозо этилади.

Интернетда тарқатилаётган зўравонлик ва фаҳш манзаралари акс этган маълумотлар ёшлар онгига кучли салбий таъсир ўтказиши ўз-ўзидан равшан. Шундай экан, болаларни бундай тажовузлардан жуда эҳтиёт қилишимиз зарур.

Табиийки, вояга етмаган ёшларни жиноятчилик кўчасига етаклаётган барча ҳо­лат-сабабларнинг бари таълим-тарбия билан бевосита ва билвосита боғлиқ. Мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртлари нафақат таълим, балки тарбия масканлари ҳам ҳисобланади.

Чунки ушбу маърифат даргоҳларининг асосий вазифаси ёшларга таълим-билим беришга қаратилган. Айни чоғда, атиги бир ёки бир неча ўқитувчи кўп сонли ўқувчи-талабалар тарбияси билан алоҳида-алоҳида тартибда шуғулланишининг имкони йўқ.

Шунинг учун фарзандларимиз тарбиясини биргина таълим муассасаларига юклаб қўйиш тўғри бўлмайди, деб ўйлаймиз. Албатта, у ҳолда нима қилиш керак, деган савол туғилади. Фикримизча, ёшлар, хусусан, вояга етмаганлар тарбияси билан шуғулланиш масаласини жамоатчилик асосида доимий назорат қилиб бориш лозим.

Яъни ушбу масалада маҳалла, хотин-қизлар қўмиталари, диний идора вакиллари, меҳнат фахрийлари, ижодкорлар, Ёшлар иттифоқи вакиллари, ички ишлар, прокуратура, адлия ва суд тизими ходимлари томонидан барча тоифадаги ёшлар билан, ўз-ўзидан — тегишли ўринларда ўғил болалар билан алоҳида, қиз болалар билан алоҳида ҳолда — тизимли, демакки, ўқув йили бошида тасдиқланадиган аниқ режа асосида тарбиявий ишлар олиб борилиши яхши натижа бериши тайин.

Қолаверса, айнан шу масалага мослаб, васийлик ва ҳомийлик органлари ходимларини янги йўналишда ўқи­тиш, малакасини ошириш, касбга тайёрлаш ва уларнинг иш фаолияти самарадорлигини талаб даражасида йўлга қўйиш катта аҳамиятга эга. Бунда биринчи галда ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини ошириш, нотинч-носоғлом оила фар­занд­лари билан ишлаш масаласини тизимли йўлга қў­йишга эътибор қаратиш талаб этилади.

Мактаб ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиб, болаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга эътибор қаратиш — яна бир муҳим масала, деган фикрдамиз. Бунда айни пайт­даги ҳуқуқ асослари фани дарсликларини содда, болалар учун тушунарли тилда тайёрлаш, ўқув машғулотларини янгича, қизиқарли тарзда ташкил этиш, юқори синф ўқувчиларини ички ишлар, прокуратура ва суд фаолияти билан яқиндан таништириб бориш каби долзарб масалалар узлуксиз йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқдир.

Ўйлаймизки, бу каби амалий ва таъсирчан чора-тадбирлар вояга етмаган болаларимиз билан ишлаш самарадорлигини янада оширади. Бир сўз билан айтганда, фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суд раисининг ўринбосари,

Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Мавзуга оид