Ўзбекистон | 11:52 / 07.03.2018
31307
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик юздан ортиқ санъаткор Душанбега етиб келди

Фото: City24

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК чартер рейси билан Душанбега 6 март куни ўзбекистонлик 100дан ортиқ санъаткор етиб келди. Улар 9 март куни кечқурун Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокидаги “Дўстлик кечаси” концертида иштирок этишади. Бу ҳақда АП хабар бермоқда.

Ўзбекистонлик санъаткорлар орасида Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков борлиги айтиляпти.

Тожикистондан концертда, кутилишича, таниқли хонандалар Давлатманд Холов, Нигина Омонқулова, Рустам Дулоев, «Шашмақом» ижрочилари, рақс гуруҳлари қатнашади.

Концертга икки давлат раҳбаридан ташқари, Ўзбекистон расмий делегацияси аъзолари, Тожикистон ҳукумати ва парламенти аъзолари, жамоатчилик вакиллари ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи ҳақида расмий маълумот берилганди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 2018 йил 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлади. Олий даражадаги музокараларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро ташрифларини осонлаштириш масалалари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади.

Музокаралар якунлари бўйича президентларнинг Қўшма баёноти, Ўзбекистон - Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома, Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисидаги битим, шунингдек, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган жами 25дан ортиқ ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.

Мавзуга оид