Жаҳон | 22:00 / 14.03.2018
29746
2 дақиқада ўқилади

Энг «ақлли шаҳар» номи эълон қилинди

2017 йил якунларига кўра, Сингапур сайёранинг "энг ақлли" шаҳри дея тан олинди. Juniper Research компанияси томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари шундан далолат бермоқда. 

Консалтинг компания Intel корпорациясининг қўллаб-қувватлаши остида ўтказган тадқиқот якунларига кўра, "ақлли шаҳар" тушунчасига мувофиқ келувчи 20 шаҳар номи эълон қилинган. Гап интернет-технологиялар максимал даражада бошқарув тизимига татбиқ қилинган, шунингдек транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, жамоатчилик тартибини сақлаш  тизимларини қўллаб-қувватлаш имконини берувчи аҳоли пунктлари ҳақида бормоқда. Business Insider'да хабар берилишича, рейтингда иккинчи йил кетма-кет Сингапур шаҳар-давлати биринчи ўринни эгалламоқда, бу сафар у барча номинацияларда етакчилик қилди. 

Масалан, Сингапурда йўл тармоғи бошқа жойларга нисбатан жуда яхши ўйланган, бу йўллардаги тирбандликни камайтириш ва шу билан аҳоли мобиллигини ошириш имконини беради. Бунга шаҳар-давлатда қабул қилинган янги автомобиль хариди жараёнини қийинлаштирувчи қонунлар ҳам туртки беради.

Бундан ташқари, махсус тиббий иловалар инсонга ўз саломатлигини доимий назорат қилиш ва масофадан туриб шифокорлар билан мулоқот қилиш имконини беради. 

Шунингдек Сингапурда содир этилган қоидабузарликларга тезкор реакция қилиш имконини берувчи видеокузатув тизими ҳам жуда яхши йўлга қўйилган. 

Рейтингда Сингапурдан кейин Лондон, Нью-Йорк, Сан-Франциско ва Чикаго номлари келтирилган. Хитойнинг уч шаҳри ва Ҳиндистоннинг Бхубанешвари ҳам йигирматаликдан ўрин олган.

Таъкидлаш жоизки, Сингапур ўтган йили ҳам рейтинг етакчиси бўлган. Ундан кейинги ўринларда эса Барселона, Лондон, Сан-Франциско ва Осло келганди. Бу йили Каталониянинг бош шаҳри тўққизинчи ўринда қайд этилган, Норвегия пойтахти эса умуман рўйхатда йўқ. 

 

Мавзуга оид