Жамият | 00:48 / 18.03.2018
37367
2 дақиқада ўқилади

Шулар олдида хижолат бўлмай дейман-да…

Фото: ijod.uz

Ўтган асрда замонанинг улуғ қаламкашлари бир вилоятда халқ оралаб учрашувлар ўтказишгани, шеърхонликлар уюштирилгани сир эмас. Ана шундай учрашувлардан бири тугагандан сўнг ёзувчилар меҳмонхонада дам олиб ўтирганларида радиодан ижодкорларга давлат мукофотлари берилганлиги тўғрисида хабар эълон қилинади. Ҳамма бу рўйхатда ўзининг бор-йўқлигини билиш учун тараддудланиб қолади. Кимдир бу борада Тошкентга телефон қилиб, билиш мумкинлигини айтади. Мукофотланганлар орасида Асқад Мухтор, Туроб Тўла ва Саид Аҳмадлар бор эди. Телефон орқали рўйхатни қайта-қайта суриштиришмасин, Шайхзода йўқ эди.

Бу ҳақдаги хабарни устозга айтиш ноқулай эканлигидан Саид Аҳмад Тошкент билан боғланишнинг иложи бўлмади, деб айтади. Аммо домла эртаси куни газетани, албатта, топиб ўқиши мумкин-ку. Шунинг учун мукофотланган ёшлар уни бу нохуш ҳолатга тайёрламоқчи бўладилар.

– Домла, – дейди ёш ёзувчилардан бири, – сиз билан менга мукофот беришармиди? Шу ёруғ дунёда юришимизнинг ўзи мукофот эмасми?

– Йўқ, – дейди домла ишонч билан. – Сизни-ку, билмайман, аммо менга...

– Орденга шунчалик ишқивозмисиз? – дейди ҳазилга суяги йўқ ёшлардан бири.

– Гап орденда эмас... Аммо менинг юзлаб талабаларим шу топда радио карнайига қулоқ тутиб ўтиришипти. Шулар олдида хижолат бўлмай дейман-да…— дейди Мақсуд Шайхзода. Чиндан ҳам, “Жалолиддин Мангуберди”, “Мирзо Улуғбек” каби тарихий драмалар, кўплаб юракларга етиб борган шеърлар муаллифи М. Шайхзода замона қадрига етмаган сиймолардан эди.

Мавзуга оид