Спорт | 17:00 / 23.03.2018
31646
7 дақиқада ўқилади

Месси Буффонга, Роналду Салоҳга қарши. Бугун катта ўйинлар бор

Бугун терма жамоалар ўртасида қизиқарли ўртоқлик учрашувлари бўлиб ўтади. «Трибуна» бу учрашувларнинг энг асосийлари анонсини тақдим этади.

Чемпионлар ўйинлари
Германия - Испания. Дюссельдорф. «Эсприт арена» стадиони. Бошланиш вақти соат 00:45

15 июль куни Москвадаги «Лужников» ўйингоҳида охирги икки жаҳон чемпионлари - Испания ва Германия ўзаро рўбару келса, ҳеч ким ҳайрон қолмайди. Гап титулларда ҳам эмас, немислар ва испанлар намойиш этаётган ўйин даражасида. Бу икки терма жамоа айни вақтда Бразилия билан бир қаторда жаҳоннинг энг кучли терма жамоалари бўлиб турибди. Катта турнирлар арафасидаги стратегияга кўра, бу икки терма жамоа ҳам бўлажак ўйинда эҳтиёткороналик билан ҳаракат қилиши ҳам мумкин. Германия термаси бош мураббийи бу ўйинда Ройснинг соғлиғини таваккал остида қолдиришни истамади. Бугун шунингдек, кичик жароҳати бор Эмре Жаннинг ҳам майдонга тушиш эҳтимоли оз.

Хулен Лопетеги эса «Қизил фурия» таркибига чақирилган исталган футболчига имконият бериши мумкин. У «Челси»да ўйин амалиётига эга бўлмаётган Моратани ҳам, мавсумнинг биринчи даврасида ўйнамаган Диего Костани ҳам Россияга олиб бориши мумкин. Ҳозирги йиғинга чақирилган Марко Алонсо ва Дани Парехо илк бор термага жалб этилиши, Алонсонинг «Челси»даги ўйинлари ўз-ўзидан буни талаб этган бўлса, «Валенсия» сардори Бускетс жароҳатлангани боис термада.

Куманнинг дебюти
Нидерландия - Англия. Амстердам. «Йоҳан Кройфф аренаси» стадиони. Соат 00:45

Нидерландия жаҳон ва қитъа чемпионатларининг доим иштирокчиси эмас, аммо бу терма жамоага қизиқиш доимо юқори бўлган. Бу сафарги мундиалдан ҳам қуруқ қолган «қизил лолалар» Роналд Куман бошқарувида янги даврни бошламоқда. 

Роббен миллий терма жамоа билан хайрлашгач, Куман катта авлод билан хайрлашишга шошилмаётган бўлсада, Нидерландияга янги етакчи керак. Ҳозирча бу вазифани ван Дейк бажариб туради, Куман таркибга «Фейеноорд»да иккинчи ёшлигини ўтказаётган ван Персини ўйнатмоқчи, унинг ёнида Патрик Клювертнинг ўғли Жастин ҳам тўп суради.

Англияликларда эса таркиб барқарорроқ. Дарвозабон позициясини ҳисобга олмаса, Гарет Саутгейт кучли таркибга эга. Ҳозирча мураббий Ҳарт масаласида бир қарорга келмади, у «Бёрнли» посбони Ҳоупга имконият бермоқда. Англия чемпионатининг бу мавсумида сэйвлар сони бўйича фақат де Хеадан ортда қолаётган дарвозабон жаҳон чемпионатида «Уч шерлар» термаси дарвозасини қўриқлаши мумкин. Амстердамдаги бўлажак ўйинда ҳужумда жароҳатланган Кейн ўрнини Уэлбек ёки Рэшфорддан бири эгаллаши масаласи очиқ қолмоқда.

Буффоннинг қайтиши
Аргентина - Италия. Манчестер. «Этиҳад» стадиони. 00:45

Буффонни энди жаҳон чемпионатларида кўрмаймиз - бу ненормал ҳодисага ўхшайди. Мундиалга йўлланма қўлга киритилмагач, бош мураббийсиз қолган «Скуадра адзурра»ни ҳозирча Луижжи ди Бьяжо бошқариб турибди. У бугун ўзини кўрсата олса, ўз ўрнида қолиши мумкин. Лекин бугун рақиб - Месси бошчилигидаги Аргентина бўлади. Вентура туфайли термадан кетган фахрийлардан бири Буффон оз вақтга қайтишга ва Кутроне ҳамда Кьеза каби ёшларга ўрнак бўлишда давом этишга қарор қилди. Кьеллини жароҳат туфайли ўйинни ўтказиб юборади, бу ўйинга итальянлар термаси Асторе хотирасига бағишланган футболкаларда чиқишади.

Янгиланган Италияни бугун Мессининг ўзи синовдан ўтказиб беради. Мессининг Аргентинаси Мессининг «Барселона»си каби ёрқин ўйин кўрсатмаслиги мумкин, аммо Россия чиптасини биргина Мессининг ўзи қўлга киритгани йўқ, икки карра жаҳон чемпионларида номлар кўп. Хорхе Сампаоли жаҳон чемпионатидан олдин баъзи нарсаларга ойдинлик киритиб олиши керак бўлади. У термага Игуаинни қайтарган, Икарди яна чақирилмади. Мураббий асосий ҳужумчи вазифасини яна Агуэрога топширган, унга ҳужумда Месси ва Дибала ҳамкорлик қилади.

Дешам болалари
Франция - Колумбия. Париж. «Стад де Франс» ўйингоҳи. 01:00

Санкт-Петербургга ташрифдан олдин учранглилар жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатининг бошқа бир иштирокчиси Колумбияга қарши ўйнайди. Дешам терма жамоа гуруҳ босқичида Перуга қарши ўйнашини эътиборга олган ҳолда Колумбия билан ўртоқлик учрашуви ўтказмоқда. «Атлетико» жамоаси ҳимоячиси Люка Эрнандез илк марта терма жамоадан таклиф олди, «Севилья»да ёрқин ўйинлар кўрсатаётган Бен Йеддер ҳам илк марта Франция либосида тўп суриши мумкин бўлади. Қайд этиш керакки, французларга жаҳон чемпионатида жароҳат туфайли Набил Фекир («Лион») ва Кингсли Коман («Бавария») ёрдам бера олмайди. Дешам Левен Курзава ва Дмитри Пайетни таркибга чақиришга шошилмаяпти.

Суарес ва Кавани Хитойдаги турнирда
Уругвай - Чехия. Наньнин. «Гуанси Спортс Центр» стадиони. 16:35

Хитойда халқаро турнир бўлиб ўтмоқда. Бу турнирнинг (China Cup) илк ярим финалида Уэльс Хитойни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди (6:0). Бугун Суарес ва Кавани жуфтлиги билан Хитойга ташриф буюрган Уругвай Чехия билан куч синашади.

Роналду Салоҳга қарши
Португалия - Миср. Марбелья. «Эстадио Мунисипаль». 00:00

Бугун Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси АПЛда жавлон ураётган Муҳаммад Салоҳ жамоадошлари  — Мисрга қарши тўп суради. «Ливерпуль»да ўта кучли ўйин кўрсатаётган Салоҳ термада қандай ўйнашини кўриб оламиз, бу ўйин Африканинг энг яхши футболчиси ва «Олтин тўп»нинг 5 карра соҳиби ўртасидаги ўзига хос дуэльга айланиши тайин. «Реал»га ўтиши ҳақида миш-мишлар тарқалган мисрлик футболчи бугун португалиялик юлдуз қаршисида ҳаяжонланмаслиги талаб этилади.

Бугун шунингдек, жаҳон чемпионати мезбони Россия беш карра жаҳон чемпионлари бўлмиш Бразилияни қабул қилади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сенегалга қарши майдонга тушади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси эса Андижонда Кенияга қарши майдонда саф тортади.

Мавзуга оид