Ўзбекистон | 12:30 / 11.04.2018
46113
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кўп йиллик раиси ишдан олинди

Фото: lib.uz

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али лавозимини тарк этган. 

Бугун, 11 апрель куни уюшмада навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилишда иштирок этган «Kun.uz» манбаси берган маълумотга кўра, йиғилишда 2013 йилдан буён уюшмага раислик қилиб келган Муҳаммад Али лавозимдан озод этилгани эълон қилиниб, унинг ўрнига раис ўринбосари, шоир Сирожиддин Саййид уюшманинг янги раиси сифатида таништирилган.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид 1958 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган. У Тошкент давлат университети журналистика факультетини тамомлаган. Турли йилларда «Тошкент оқшоми» («Вечерний Ташкент») газетасида, шунингдек, «Муштум» журналида ишлаган. Шу вақтгача Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари лавозими билан бир вақтда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Фото: Ёзувчилар уюшмаси

Эндиликда унинг ўрнига шу кунгача Ўзбекистон президенти матбуот хизматида бўлим бошлиғи сифатида ишлаб келаётган шоир Минҳожиддин Мирзо раиснинг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари бўлган.

Раиснинг яна бир ўринбосари, ёшлар масалалари бўйича ўринбосар бошқа ишга ўтган Иқбол Мирзо (Олий Мажлис Сенати қўмитаси раислигига - таҳр.) ўрнига «Ёшлик» журнали бош муҳаррири, шоир Нодир Жонузоқ тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти 5 апрель куни «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолаганди. Унда уюшма фаолиятини такомиллаштириш ва унинг иш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари белгилаб берилганди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 1934 йилда Тошкентда бўлиб ўтган ёзувчиларнинг биринчи қурултойида ташкил этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари ва унинг 3 нафар ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг барча вилоят бўлимлари масъул котиблари бор.  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг штат бирлиги жами: 47 киши бўлиб, шулардан барча вилоятларда жами 24 нафар ходим фаолият кўрсатади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси, республика маънавий тарғибот маркази, жамғармалар, бошқа уюшмалар ва бошқа жамики давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси муассислигида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Шарқ юлдузи», «Звезда Востока», «Ёшлик», «Жаҳон адабиёти» журналлари нашр этилади.

Мавзуга оид