Жамият | 00:29 / 12.04.2018
87581
4 дақиқада ўқилади

21:36гача давом этган суд иши: МХХ терговчилари кўрсатма берди

Фото: KUN.UZ

11 апрель куни Жиноят ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди биносида​ журналист Бобомурод Абдуллаев, ўқитувчи ва блоггер Ҳаётхон Насриддинов, тадбиркорлар Шавкат Оллоёров ва Равшан Салаевлар устидан олиб борилаётган навбатдаги суд мажлисида МХХ (айни пайтда ДХХ) терговчилари ҳам кўрсатма берди. Бу ҳақда суд мажлисида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Аввалроқ, суд мажлиси 11 апрель куни соат 11:00да давом этиши белгиланган бўлса, шу куни суд иши соат 14:00га кўчирилди. Шундай қилиб, ноодатий равишда, ишни кўриб чиқиш соат 21:36гача давом этди. МХХ терговчилари Тимур Якубов, Нодир Муҳитдинов, Алексей Веселов ва яна бир нафар (Kun.uz мухбирига исми номаълум) ходим гувоҳ сифатида суд мажлисида кўрсатма берди. Прокурор Қобилов ходимларнинг конспирация тамойили асосида фаолият юритишини таъкидлаб, ишнинг мана шу эпизодини ёпиқ суд мажлиси тарзида давом этишини илтимос қилди. 

Судья давлат айбловчисининг илтимосини қаноатлантирди. Шундан сўнг, суд мажлисида иштирок этаётган кузатувчи, журналист, хорижий дипломатик корпус вакиллари ҳамда судланувчиларнинг яқин қариндошлари бинодан чиқиб кетди. Судланувчи Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Майоров суд мажлиси танаффус эълон қилгач, МХХ терговчиларининг кўрсатмаси бир-биридан деярли фарқланмаганини билдирди. 

«Суд мажлисида гувоҳ сифатида кўрсатма берган МХХ терговчиси анча босиқлик билан барча саволларга жавоб беришга ҳаракат қилди. Шунингдек, уларнинг кўрсатмалари орасида ихтилофли вазиятлар кўзга ташланмади. Бир нарсага ойдинлик киритиш қолмоқда, яъни Бобомурод Абдуллаев ва у билан қамоқ эҳтиёт чорасида қолаётган судланувчилар қачон қўлга олинганди? 

МХХ терговчиларининг наздида судланувчилар, аввало, тушунтириш хати ёзиб берган, кейин санкция билан икки кун ўтиб қўлга олинган. Мантиқан ўйлаб қарасангиз, терговчилар Усмон Ҳақназаров тахаллусида мақолалар эълон қилган шахс кимлигини била туриб, ундан тушунтириш хати олиш билан кифояланган, орадан икки кун ўтиб қамоққа олган»​, дейди адвокат Майоров.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган адвокат Дилшод Жабборов ҳам гувоҳларнинг кўрсатмаларидан кўнгли тўлганини билдирди. 

«Мазкур ишга алоқадор бўлган барча ашёвий далилларнинг асли ДХХ (собиқ МХХ) Тергов бошқармаси архивида сақланмоқда. «Ўрма»​ режаси электрон матн шаклида флешка хотирасида сақланган. Ҳужжатни (Word файлнинг яратилиши - таҳр.) туғилиш пайти аниқланиши лозим, у жуда кўп ҳужжатларда ҳар хил берилган»​, дейди у. 

Эслатиб ўтамиз,«Ўрма»​ режаси​ электрон матн шаклида флешка хотирасида 2017 йилнинг 14 октябрида яратилгани ҳақидаги маълумот ошкор бўлганди. Яъни Бобомурод Абдуллаев қамоққа олинганидан сўнг, ҳукуматни ағдариш ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш каби ҳаракатлари ифодаланган режа матни Абдуллаевга тегишли деб гумон қилинган флешка хотирасида ўтган йили 14 октябрда яратилган.

Мавзуга оид