Жаҳон | 01:07 / 13.04.2018
9543
2 дақиқада ўқилади

Альп тоғларида Land Rover Defender кроссоверининг улкан тасвири ҳосил қилинди

Фото: youtube\Land Rover

Land Rover аавтомобилсозлик компаниясининг 70 йиллиги шарафига Франция Альпларининг қорли ёнбағрида 2700 метр баландликда Land Rover Defender йўлтанламасининг улкан силуэти ҳосил қилинди. Ушбу жараён видеоси Land Rover’нинг  YouTube-каналида жойлаштирилган.

Ушбу тасвирни британиялик сноу-арт устаси Саймон Бек том маънода оёқлари билан босиб чиқди. У ғояни амалга ошириш учун кичик ўлчамли чанғиларни кийиб, 16,5 км қор кечди ва умумий ҳисобда 20894 қадам босди. Ноодатий “санъат объекти”нинг узунлиги 250 метрни ташкил қилган.

Ушбу тасвир компаниянинг собиқ техник директори Морис Уилксга бағишланди. Уилкс Ред Уорф кўрфазидаги пляжда ушбу бренднинг илк йўлтанламасини қумда тасвирлаган.

Defender ишлаб чиқарилиши 2016 йилда тўхтатилган. Бироқ 2 йил ўтиб Land Rover ушбу йўлтанламаснинг 8 цилиндрли двигателли ва автомат узатмалар қутисига эга чекланган сериясини ишлаб чиқарган. Компания нархи 150 минг фунт стерлинг турувчи бундай машинадан умумий ҳисобда 150 дона ишлаб чиқармоқчи.  

2019 йилда янги авлоддаги Defender’нинг пайдо бўлиши кутилмоқда. У Land Rover Discovery Sport моделини яратишда қўлланган алюминий платформада қурилади. 

 

Мавзуга оид