Жамият | 12:37 / 13.04.2018
33077
9 дақиқада ўқилади

Бири қураман деса, иккинчиси бузасан дейди: ким ҳақ?

KUN.UZ сайти халқ орасига кириб, уларни қийнаб келаётган муаммолар, дарду-ташвишини ўрганиб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиб келади. Махсус сайёр гуруҳимиз шундай мурожаатлардан бирини ўрганиш мақсадида Тошкент вилояти Бекобод шаҳрига борди. 

Шаҳарнинг Беруний кўчаси 21-А уйда истиқомат қилиб келувчи фуқаро Абдураззоқ Умарқулов ўз мурожаатида бир неча оила яшаб келаётган уйларнинг орқа томонида, “Қорасув-Бўка-Бекобод” йўлининг 104-километрида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилаётгани, бу ўз навбатида шаҳарсозлик меъёрларига зид эканини айтиб, вазиятни жойида ўрганишни сўраган. Биз ушбу ҳолатни яқиндан ўрганиш мақсадида мурожаатчилар билан учрашдик.

“Бизнинг яшаш минтақамиз йўл бўйида жойлашганини ҳисобга олинса, қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги 342-сон қарори талабларига тамоман зид равишда, қарорни менсимаган ҳолда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шаҳар ҳокимининг 2015 йил 30 октябрдаги 452-сон қарори ғайриқонуний чиқарилган. Чунки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган меъёрларига мутлақо тўғри келмайди. Шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқ, қурилаётган бино 1- ва 2-даражали йўл ўқидан 49.5 метрдан 61 метргача узоқликда бўлиши, яъни шаҳар бош планидаги қизил чизиқдан ташқарида жойлашиши керак. Аммо бизнинг ҳолатда шу талабларга риоя қилинмаяпти”, - дейди Абдураззоқ ака. 

Маълум бўлишича, айни ҳолат Тошкент вилояти “Avtomagistral” ихтисослашган автомобиль йўлларини қуриш-таъмирлаш давлат бирлашмаси (ИАЙҚТДБ) томонидан 2009 йил 11 августдаги 145-сон техник шартларида ҳам акс этилган. 

Бизнинг эътиборимизни тортган жиҳати шундаки, рўйхатдан ўтказилган қисми умуман аниқ бўлмаган ушбу ҳужжатнинг нусхаси барча томонларда бўлса-да, унинг оригинал нусхасини шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари тақдим эта олишмади. Бундан ташқари, мазкур техник шарт 2009 йил 11 августида 2 йил муддатга берилган, яъни у 2011 йил 10 августида ўз кучини йўқотган. Ҳужжат ўз кучини йўқотганидан кейин орадан салкам 2 йил ўтганидан сўнг, 2013 йил 25 апрелда қайта кўриб чиқилмоқда ва унинг амал қилиш муддати 2014 йил 31 декабргача узайтирилмоқда. Бизнингча, бу ҳолатда янги техник шарт берилиши лозим эди. 

Ҳужжатларни ўрганар эканмиз, яна бир қизиқ ҳолатга дуч келдик. Бекобод шаҳар прокуратурасининг фуқаро А.Умарқулов аризасига ёзган жавоби ҳақида бормоқда. 2016 йил 4 февраль куни рўйхатдан ўтказилган 10/244-М-16-сонли жавоб мактубида “Комиссиянинг 2013 йил 23 августдаги 32-сон баёни 1.20-бандида Бекабод шаҳар Буюк Ипак йўли (собиқ Ғалаба) кўчасида 0,10 га ер майдонида Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши учун рухсат берилган”и қайд этилган. 

Шаҳар прокуратураси жавобининг давомида “Тошкент вилояти “Avtomagistral” ИАЙҚТДБ томонидан 2009 йил 11 августда 145-сон техник шарт ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан 2010 йил 29 мартда “Бекобод шаҳар 4Р-20 рақамли “Қорасув-Бўка-Бекобод автомобиль йўлининг 99-километрида йўналиш бўйича чап томонида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилишига 115-10-сонли хулоса берилган”, дейилади. 

Тушунишимизча, жавоб мактубини йўллашда прокуратура ходимлари “Avtomagistral” ИАЙҚТДБ томонидан 2009 йил 11 августда 145-сон техник шартни жиддий ўрганишмаган кўринади. Акс ҳолда, мазкур техник шарт ўз кучини йўқотганига бир йилдан ошиқ вақт ўтганини сезишган бўлишарди. 

Бундан ташқари, жавоб хатида “аризангизни кўриб чиқиш жараёнида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари Буюк Ипак йўли кўчасининг айнан қаерида қурилиши режалаштирилаётгани ҳозирги кунга қадар маълум эмаслиги” таъкидланади. Шу билан навбатдаги мантиқсизлик кўзга ташланади. Чунки айни жавоб мактубида шохобчалар “Қорасув-Бўка-Бекобод автомобиль йўлининг 99-километрида йўналиш бўйича чап томонида экани қайд этилган. 

Ўрганиш жараёнимизда ҳужжатлардаги яна бир ноқисликка шоҳид бўлдик. У ҳам бўлса шаҳар ҳокимининг 2015 йил 30 октябрдаги 452-сон қарорида “Бекобод шаҳар “Буюк Ипак йўли” (собиқ “Ғалаба”) кўчаси бўйида жойлашган ер майдони” ҳақида гап кетган бўлса-да, тушунмовчилик келтирмаслиги учун ер майдони кўчанинг нечанчи километрида эканига ёхуд бошқа таниш белгиларига ойдинлик киритилмаган. Шунингдек, ҳоким қарорига асос қилинаётган ҳужжатлардан бири бўлган Тошкент вилоятида жисмоний ва юридик шахсларга қонунчилик, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида ер участкалари бериш амалиётини ўрганиш Комиссиясининг 2013 йил 25 августдаги йиғилишининг 32-сон Баёнида ҳам тадбиркорларга берилиши кўзда тутилган ер майдонининг аниқ манзили белгиланмаган. Айни шу нарса томонларда тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган омиллардан бири бўлмоқда. 

Шу билан бирга, икки томон ўртасидаги тортишув сабабларидан бири шуки, “Avtomagistral” ИАЙҚТДБ шаҳар ҳокимининг қарорига илова қилинган далолатномада қурилишга ўз розилигини билдирган бўлса, кейинчалик, яъни 2016 йил 12 апрелдаги 05/01-364 сонли мактубида “1б-тоифага эга бўлган Бекобод шаҳри, Буюк Ипак йўли кўчаси (аввалги Ғалаба кўчаси) ҳудудидан ўтувчи 4Р-20 “Қорасув-Бўка-Бекобод” автомобиль йўлининг 104-километри (аввалги 99-км) чап томонидан жойлашган ер майдонида “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуа объектининг жойлашиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланишини таъкидлаган. 

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, мазкур масала юзасидан икки марта суд мажлиси ҳам бўлиб ўтган. Тошкент вилояти Бекобод шаҳар маъмурий суди 2017 йил 24 июлдаги судья Б.Аблаҳатов раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида Бекобод шаҳар ҳокимининг 2015 йил 30 октябрдаги “Буюк Ипак йўли” кўчаси бўйидаги шаҳар бош режаси асосида 2 қаватли “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши тўғрисидаги 452-сонли қарорига асосан “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси” қурилишини тўхтатишга доир ажрим чиқариб, ажрим дарҳол ижрога қаратилиши белгиланган. Аммо айни маъмурий судда, айни судья раислигида 2017 йил 11 август куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида “шаҳар ҳокимининг 2015 йил 30 октябрдаги 452-сон қарори қонуний қабул қилинган, деб ҳисоблайди” деган хулосага келинган. 

Фото: Бекобод шаҳар бош архитектори Абдурауф Бурҳонов/Kun.uz

Биз ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Бекобод шаҳар бош архитектори Абдурауф Бурҳонов билан учрашдик ҳамда юқоридаги бир-бирига зид жиҳатлар бўйича уни саволга тутдик.

 

Шаҳар бош архитектори, юқоридаги бир-бирига зид жиҳатларни изоҳлай олмаган бўлса-да, шаҳарнинг айни шу қисмига доир бош плани билан таништирди. “Унга мувофиқ, қурилиш ишлари қонун доирасидан чиқмаган ҳолда амалга оширилмоқда. Гарчи “Буюк Ипак йўли” кўчаси 1б-даражали йўл ҳисобланиб, эни белгиланган меъёрга жавоб бериши лозим бўлса-да, айрим истисно ҳолатларда йўлнинг қисқаришига рухсат берилади. Масалан, шу йўл Бўка шаҳри ҳудудида энига қисқарган. Бекобод шаҳрида ҳам шундай қилинмоқда”, - дея таъкидлади А.Бурҳонов. Биз унга кейинчалик йўл кенгайтириладиган бўлса, тадбиркорларнинг янги қурган биноларини бузишга тўғри келиши мумкинлиги ҳақида савол бердик. Бунга жавобан шаҳар бош архитектори Бекобод шаҳар бош плани 50 йил муддат учун ишлаб чиқилганини қайд этди.

Хуллас, ўрганишларимиз шу ерда тўхтади. Аҳоли мажмуанинг қурилиши билан уларнинг ҳуқуқлари бузилиши, ёмғирли-қорли мавсумларда бино томидан тушадиган сувлар натижасида уларнинг уйлари зах босишини эътиборга олишларини, шу сабабли мажмуа қурилишини тўхтатиш зарурлигини талаб қилишмоқда. Гарчи биз борган вақтда қурилиш ишлари олиб борилмаётганига қарамай, аҳоли кейинчалик қурилиш ишлари жадал суръатларда давом эттирилиши эҳтимолидан хавотирда. 

Бизнингча ҳам ушбу мажмуани йўл ёқасида барпо қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки, мажмуа қурилганидан кейин, табиийки, бу ер мижозлар билан гавжум бўлган ҳудудга айланади. Унга яқин жойда темир йўл кесишмаси борлиги, йўлнинг тор қисми экани эътиборга олинса, хавфсизлик нуқтаи-назаридан ҳам қурилишни тўхтатиш лозим. Акс ҳолда, кейинчалик шу жой билан боғлиқ турли кўнгилсизликлар содир бўла бошласа, кескин чоралар кўришга барибир мажбур бўлинади. Ўйлаймизки, мазкур масалани мутасадди ташкилотлар жиддий равишда ўрганиб, ўз сўзини айтади. 
 

Мавзуга оид