Спорт | 11:08 / 17.04.2018
16932
12 дақиқада ўқилади

Сюрпризларсиз. «Бавария»га ким мураббий бўлди?

Фото: Global Look press

Хорватиялик 47 ёшли мураббий Нико Ковач «Бавария»га мураббий этиб тайинланди. Бу танлов Мюнхенда қандайдир топ мураббий кутаётган футбол жамоатчилиги учун сюрприз бўлиши мумкин. Ҳатто хабарларда айтилишча, Ковачнинг ўзи «Бавария» учун учинчи танлов бўлган экан - клуб аввало Хайнкесни олиб қолишни ёки Томас Тухелни тайинлашни режалаштирган экан. Аммо якунда «Бавария»нинг собиқ футболчиси шу йилнинг июль ойидан «Бавария»ни бошқарадиган бўлди. Нима бу? Иложсизликми?

Ҳар қандай вазиятда издан чиқмайдиган ва соғлом фикрлайдиган немис клубидан таваккалчиликни кутиш мумкинмаслигини билган ҳолда, Ковач варианти қандай пайдо бўлгани ҳақида фикр юритиш зарар қилмайди.

Жорий мавсум олдидан, «Бавария»га нисбатан бироз сокин умидлар ҳукм сурарди. Кўпчилик ушбу мавсумда жамоадан ёрқин ғалабалар кутиш қийин эканини тан олгандек эди гўёки. Шундай пайтлар бўлдики, мюнхенликлар ажойиб старт олган «Боруссия»дан 5 очко ортда ҳам боришди - наҳотки чемпионлик серияси шу билан ниҳоясига етса? «Бавария» деярли ҳар йили шундай ҳолатга тушиши ва кўпинча, мавсум давомида рақибларини бирин-кетин қувиб ўтишини билиб турсак ҳам, негадир, бу сафар жамоа атрофидаги муҳит аввалгилардан бошқачадек туюларди.

Анчелоттининг истеъфосидан сўнг, бу мавсум бой берилгандек тасаввур уйғонган бўлса-да, кейин, ҳеч ким кутмаган мўъжиза юз берди. Аввалига барчаси Томас Тухелнинг клуб бошқарувига келишидан далолат қиларди. Руминиггенинг ёш мураббий билан жуда яхши алоқада экани ҳам бунга исбот эди. Аммо клубга қайтган Хёнесс у қадар таваккалчи эмас, у мавҳум янгиликдан, синалган эскиликни танлаши турган гап. У жамоанинг сўнгги йиллардаги энг оғир даврида яна Юпп Хайнкесга мурожаат қилди. Таклиф берилаётган тараф балки, қариянинг рози бўлишидан у қадар умид қилмагандир, лекин Хайнкес рози бўлди - мавсум қутқариб қолинганди.  

Юппнинг муваффақиятлари кўпчиликни адаштириши мумкин. Анчелотти даврида пайдо бўлган муаммолар ечилгандек, жамоада ҳаммаси йўлга қўйилгандек туюлар, аммо аслида ундай эмаслигини клуб раҳбарлари билиб турибди. Бундеслигада ғалаба қозониш «Бавария»да муаммолар йўқлигини исботлай олмайди, Чемпионлар Лигасида эса, ярим финалга чиқилган бўлса-да, «Бешиктош» ва «Севилья» тўсиғидан ўтиш айтайлик, «Рома», «Ливерпуль» ва ҳатто ярим финалдаги рақиб «Реал»нинг аввалги босқичлардаги қаҳрамонликлари олдида ҳеч нарса эмас.

Муҳими, «Бавария»да ҳаммаси назорат остида ва вақтинчалик муаммолар ёки вақтинчалик муваффақиятлар ўз йўлидан оғдиришга етарли бўлмайди. У ерда ҳаммасига соғлом назар билан боқадилар, «Бавария» ўзига хосликни сақлаш ва белгиланган режа бўйича юриш бўйича Ули Хёнесс каби содиқ одамни бошқа топа олмайсиз. Агар мана шу йўналишда фикрласак, Нико Ковачнинг тайинланиши аслида кутилмаган сюрприз эмас, айнан «Бавария»ча ечим эканини пайқаш мумкин.

Фото: tz.de, twitter.com

Айни дамда янги бош мураббий ахтариш энг мушкул пайт. Хёнесс Иоахим Лёв ёки Юрген Клоппни чақиришга қарши эмасди, Руминигге эса, ажнабий мураббийлар ичида машҳур бўлиб бораётган Маурисио Почеттинога имкон бериш ғояси билан чиқди. Имконсиз вариантлар. Бунинг устига Хёнесснинг ўзи янги мураббийнинг немис тилини мукаммал билиши кераклиги ҳақидаги талаби билан номзодлар сафини қисқартириб ташлади. Натижада Конте ва Энрике вариантлари туғилмасдан нобуд бўлди. Бундай танловлар оқибатида битта хулоса пайдо бўлди - топ мураббий бўлмайди. Қандайдир экспериментни кутиш мумкин.

Шунингдек, Хёнесс ўзига жуда ишониб, Хайнкесни яна бир йилга олиб қолишга кўндиришга умид қилаётганди. Аммо Юпп кўнмади. Демак, апрель олдидан, қатъий қарорлар даври келганда анкетага тушадиган бирор топ вариант қолмади, энг мос ва яқин бўлган Тухелдан қуруқ қолишди.

Томас Тухелдан камчилик қидириш ва уни «камбағаллар учун Гвардиола» деб, юлдузлар билан ишламасликда айблаш мумкиндир. Аммо айнан немис футболига, «Бавария» мослиги жиҳатидан унга етадигани йўқ эди. Бир қатор совринлар ютган, кўзга ёқадиган ҳужумкор футбол, Чемпионлар Лигаси тажрибаси... Яна нима керак?

Характер. Томас Румменигге билан ишлаши мумкин, аммо унинг Хёнесс билан тил топишиши жуда мушкул. Тухель каби мутахассисга максимал натижа қайд этиши учун, мутлақ озодлик керак. Жамоани ташкиллаштириш бутунлай Тухелга берилиши керак. Аммо Луи ван Гаал билан ҳолатдан эслаймизки, Ули билан бундай бўлиши қийин. Анчелотти билан зиддиятларда раҳбарият жамоанинг ёнини олди, Тухель билан бундай жанжаллар янада кўпроқ бўлиши табиий. Хуллас, калондимоғ «Бавария» президенти жамоага ўзига ишонган тактик мураббий керакми ёки йўқми, деб иккиланаётган бир паллада Тухель кутишдан чарчади ва бошқа таклифни қабул қилди.

Номзодлар кўп қолмади: Ковач, Нагельсманн, Хазенхюттл, Фавр. Ҳаммасида ўзига яраша камчиликлар ва ютуқлар бор. Муҳими, ҳаммаси немисчани ва бундеслигани яхши билади. Табиийки, энг кутилган номзод танланди. Нико Ковач руйхатдагилардан кам эмас. Еврокубокларда тажриба йўқми? Бу ўша вундеркинд Нагельсманда ҳам йўқ. Бунинг устига Юлиан ҳам эркинликни ёқтиришини ва муҳими, унинг ёши баъзи «Бавария» юлдузларидан кичиклигини эътиборга олсак, уни эшитишармиди?

Рақибдан келиб чиқиб зерикарли ўйнаш? Фавр ҳам у даражада ҳужумкор эмас. Фақат Хазенхюттлни Ковачга рақобатчи дейиш мумкин: «Бавария»га бегона эмас ва еврокубокларда тажрибаси бор. Аммо бу ердаям икки муаммо бор, биринчидан, уни қўлга киритиш бироз қийинроқ, иккинчидан, мураббийнинг ўзи бундай ишга тайёрми йўқми, ишонмади. Ковач эса, ўзи тилаб олди. Хорватиялик мураббийнинг шартномасида керакли банд борлиги ҳам ёрдам берди. Нуқул «Бавария» билан шунақа бўлади, омадли жамоа.

Фото: tz.de, twitter.com

Келиб чиқиши Берлиндан бўлган Нико Ковач - болқонларга хос қаттиқ характер ва немисларга хос тартибнинг умумлашмаси. Укаси Роберт билан бирга (ака-ука биргаликда «Бавария»да 195 ўйин ўтказишган) клуб билан жуда яхши таниш ва ички муҳитни ҳам жуда яхши биладилар. Бу жуда аҳамиятли қисм, нафақат немис тилини, балки «Бавария» раҳбарияти тилини ҳам билиш муҳим. Бундай ҳолатларни биладиган инсон учун адаптация жараёни енгил кечади. Роберт ҳам Хорватия ёшлар терма жамоасидаги ишини ташлаб, энди акасига ёрдам беради.

Фото: Global Look Press

Ковач мутахассисларнинг ўзига хослиги билан донг таратган «РБ Зальцбург» мураббийлик мактабидан ўтган. Ўсмирлар жамоасида муваффақиятли ишлаб, Хуб Стевенснинг мураббийлар штабига қабул қилинган. Унинг Хорватия ёшлар терма жамоасини ҳам бошқаргани ёшлар билан ишлашга уста эканини ҳам кўрсатиб беради. «Бавария»да ёш футболчилар бир талай.

Хорватиянинг асосий терма жамоасида, у жаҳон чемпионатига олиб чиққан бўлса-да, ЖЧ-2014 у қадар омадли кечмади, аммо бу турнир Ковачга Модрич, Ракитич, Манжукич каби юлдузлар билан ишлашни ўргатди. Кейин лигани тарк этиш хавфида турган «Айнтрахт»ни қабул қилиб, нафақат қутқариб қолди, балки кучли жамоа шакллантириб, еврокубоклар зонасига олиб чиқди. «Айнтрахт» ҳозирда ҳатто Европа Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашмоқда. Франкфурт жамоаси Бундеслигада энг байналминал клуб бўлганини эътиборга олсак, «Бавария» легионерлари билан тил топишиш Ковачга қийинчилик туғдирмайди.

Ковач содда ҳам эмас, керак бўлганда ўз қарашларини ҳимоя қилиб, раҳбарларга ҳам қарши тура олади. Шунинг учун ҳам унга алоҳида топшириқ - жамоани қайтадан қуриш топширилди. Бу йўналишда Роббен ва Риберининг жамоани тарк этиши кутилганди, лекин клуб бу футболчиларга янги шартнома таклиф қилди. Демак ҳаммаси бошқача кечади. Нико Ковач юлдуз ветеранлар ва ёш иқтидорларни уйғунлаштирган ҳолда аста-секинлик билан авлодлар алмашинувига тайёрланиб боради. Бирданига катта суммаларга тайёр юлдузларни сотиб олиш «Бавария»га хос йўл эмас.

Ротация, Никонинг кучли томони эмас ва уни ўз ғояларига содиқ тактик мураббийлар қаторига киритиш мушкул. Лекин ундан нима кутилаётганини жуда яхши билади. У бир услуб асири эмас, доимо рақиб ўйинини бузиш ва ҳимоявий футбол Ковачнинг энг яхши уддалайдиган жиҳати бўлса-да, керак бўлганда бемалол 4-2-3-1 дан 3-4-3 га ўта олади. Яъни, у ўзини ўзгартира оладиган мураббий ва янги иш жойида бунга мажбур ҳам.

Албатта, Никонинг тайинланиши баҳсли масала. Айниқса, Юпп Хайнкес фонида унга янада қийин бўлади. Топ клубни худди шунга мос бўлган топ мураббий бошқариши керак деган фаразлар ҳам бор. «Бавария»да ҳам масалан, сўнгги беш йилда Гвардиола ва Анчелотти каби топ мураббийлар ишлади. Лекин энди вазият ўзгарганини кўриб турибмиз.

Ковач тезкор натижалар ва имиж учун эмас, «ўз кишисини тайинлаш» ғояси билан олиб келинди. Худди бир пайтлар мутлақо тажрибасиз Хасан Салихамиджич (ака-ука Ковачлар билан 2002 йилда «Реал» устидан ғалаба қозонган) келиб, Заммер каби юлдуз бўлмаса-да, айнан «Бавария ДНК»си туфайли мураббийлар ва футболчилар ўртасида кўприк бўла олган ва ҳақиқий «бавариячи»га айланганидек. 

Фото: Global Look Press

Ҳозирги ҳолатда фақат Ковачнинг шартнома муддати бироз ўйлантиради. Аввалига шартнома 1+1 кўринишида бўлишини ва биринчи йил Ковачга синов муддати бўлса, кейинги йилги янги даврга Ковач ёки бошқа мураббий билан қадам ташлаш кутилаётганди. Аммо клуб Нико билан уч йиллик шартнома имзолади. Никога шу қадар ишонишдими ёки Лёв каби топ немис мураббийларининг яқин йилларда бўш бўлиб қолишларига ишонишмадими, буниси қоронғу ва фарқи ҳам йўқ. Дастлабки мавсумни барибир синов муддати дейиш мумкин, уёғи кейин маълум бўлади. Бу муддатга эса, Ковач ҳақли. Ҳеч қандай сюрприз йўқ.

Интернет материали асосида тайёрланди

Мавзуга оид