Иқтисодиёт | 10:41 / 19.04.2018
13800
7 дақиқада ўқилади

ЯСТ тўловчилари ер солиғини қандай тўлайди?

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қарори (16.04.2018 йилда 3001-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ягона солиқ тўлови тўловчиларининг ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.

2018 йил 1 апрелдан бошлаб Низом қуйидагиларга татбиқ этилади:

1. ЯСТ тўловчиларига, агар умумий майдони 1 гектардан ортиқ ер участкаларига эга бўлса;
2. Нотижорат ташкилотларга, агар улар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ер участкаси 1 гектардан ортиқ бўлса;
3. Ягона ер солиғи тўловчиларга, агар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш билан боғлиқ бўлмаган фаолиятни 1 гектардан ортиқ ер участкасида амалга ошираётган бўлса.  

Низом қуйидаги ЯСТ тўловчиларига татбиқ этилмайди:

1. Умумий майдони 1 гектар ёки ундан кам ер майдонлари мавжуд бўлганларга;
2. Солиқ кодекси ёки Президент қарорларига мувофиқ юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўлашдан озод этилганларга. Масалан:

• маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ташкилотлари – ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни амалга оширишда фойдаланадиган ер участкалари учун;
• ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, «Нуроний» жамғармаси ва «Ўзбекистон чернобилчилари» ассоциацияси мулкида бўлган, ишловчилари умумий сонининг камида 50%ини ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ташкил қилган юридик шахслар, бундан савдо, воситачилик, таъминот-сотиш ва тайёрлов фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар мустасно;
• ихтиёрий тугатилаётган корхоналар (Солиқ кодексининг 282-моддаси 1-қисми).

2018 йил 1 январдан бошлаб ер участкасининг умумий майдони 1 гектардан ортиқ бўлган ЯСТ тўловчиларига қуйидагилар татбиқ этилмайди:

• ЯСТнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ЯСТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган);
• ЯСТнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ЯСТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Янги Низом билан юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаш учун солиқ солинадиган база белгиланади. Ер участкасининг Солиқ кодексининг 280-моддаси 2-қисмига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкалари майдонлари чегириб ташланган ҳолдаги умумий майдони солиқ солинадиган базадир.

Ер участкасининг умумий майдони деганда мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиладиган майдон тушунилади. Ундан аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерлари чегириб ташланади:

• майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, суғориш тармоғи, соҳил бўйи ерлари ва бошқа шу каби ерлар;
• аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, боғлар, сайилгоҳлар, хиёбонлар, шунингдек ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар);
• коммунал-маиший аҳамиятга молик ерлар (дафн этиш жойлари, маиший чиқиндиларни йиғиш, қайтадан ортиш ва саралаш жойлари, шунингдек чиқиндиларни зарарсизлантириш ҳамда утилизация қилиш жойлари ва бошқа шу каби жойлар);
• захира ерлар.

Солиқ солинадиган база қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкалари майдонига камайтирилади. Масалан, Солиқ кодексининг 282-моддаси 2-қисмига мувофиқ, қуйидаги ерларга солиқ солинмайди:

• боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкатларининг умумий фойдаланишдаги (кириш йўллари, суғориш ариқлари, коллекторлар ва умумий фойдаланишдаги бошқа ерлар), жамоа гаражларининг ерлари;
• соғломлаштириш аҳамиятига молик ерлар (хўжалик фаолияти юритилаётган ерлар бундан мустасно) – тегишли муассасалар ва ташкилотларга белгиланган тартибда доимий фойдаланишга берилган, профилактика ва даволаш ишларини ташкил этиш учун қулай табиий шифобахш омилларга эга бўлган ер участкалари;
• рекреация аҳамиятига молик ерлар (хўжалик фаолияти юритилаётган ерлар бундан мустасно) – аҳолининг оммавий дам олиши ва туризмини ташкил этиш учун тегишли муассасалар ҳамда ташкилотларга берилган ерлар;
• сув фонди ерлари. Сув фонди ерлари жумласига сув ҳавзалари (дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа шу кабилар), гидротехника ва бошқа сув хўжалиги иншоотлари эгаллаган ерлар, шунингдек сув хўжалиги эҳтиёжлари учун юридик шахсларга белгиланган тартибда берилган сув ҳавзалари ҳамда бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ажратилган минтақа ерлари киради;
• спорт ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш мажмуалари, оналар ва болаларнинг дам олиш ҳамда соғломлаштириш жойлари, дам олиш уйлари ҳамда ўқув-машқ базалари эгаллаган ерлар;
• янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, уч йил муддатга;
• мазкур моддада кўрсатилган бошқа ерлар.

Ер солиғи ҳар йили 1 январь ҳолатига кўра солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади. 2018 йил учун юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарори билан белгиланган.

ЯСТ тўловчилари томонидан ҳисоб-китоб ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органига жорий солиқ даврининг 10 январига қадар тақдим этилади. 2018 йилда ҳисоб-китоб ер участкаси жойлашган ердаги ДСХОга 10 майга қадар тақдим этилиши шарт.

ЯСТ тўловчилари юридик шахслардан олинадиган ер солиғини Солиқ ҳисоботи шакллари (22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосида ҳисоблайдилар. Солиқ солинадиган база (солиқнинг ҳисобланган миқдори) йил давомида ўзгарса, юридик шахс ДСХОга бир ой муддатда аниқлаштирилган ҳисоб-китобни тақдим этиши шарт. 

Солиқ солинадиган база (ер участкаси майдони) 1 гектардан ошиб кетса – ер солиғи ер майдонига ҳуқуқ пайдо бўлган ойнинг кейинги ойидан бошлаб ҳисобланади. Солиқ солинадиган база (ер участкаси майдони) 1 гектардан камайса – ер солиғи камайиш юз берган ойдан эътиборан ҳисобланмайди.

Солиқ тўлови ҳар ойнинг 10-кунига қадар йиллик сумманинг 1/12 қисми миқдорида амалга оширилади. 2018 йилда тўлов апрель ойидан бошлаб амалга оширилади, бунда апрель ойи учун тўлов 10 майга қадар амалга оширилиши зарур, май ойи учун ҳам 10 майгача, июнь ойи учун – 10 июнгача, июль ойи учун – 10 июлгача ва ҳ.к. тартибда тўлаш керак.

ЯСТ тўловчилари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланиши учун жавобгар бўладилар. Назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Ягона солиқ тўлови тўловчиларининг ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Ҳужжат 17.04.2018 йилдан кучга кирди. 

Мавзуга оид