Қирғизистон парламенти ҳукуматга ишончсизлик вотуми билдирди
Қирғизистон парламенти депутатлари бош вазир Сапар Исаков бошчилигидаги ҳукуматга ишончсизлик вотуми билдирди.
«Интерфакс» агентлиги хабарига кўра, парламент йиғилиши вақтида 101 нафар депутат 2017 йил августида тайинланган ҳукуматга ишончсизлик билдирган, фақат 5 киши жорий ҳукуматни ёқлаган.
Ҳукуматга ишончсизликни ифода этиш ташаббуси қирғиз парламентининг 40 нафардан ортиқ депутати (жами 120 депутат) томонидан илгари сурилган. Бу эса ушбу мавзуни парламентда муҳокамага қўйиш учун етарли бўлди. Пайшанба куни парламентнинг Конституцион қонунчилик қўмитаси депутатларнинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Мухолифатдаги «Онугуу-Прогресс» фракцияси депутати Исхак Масалиевнинг айтишича, ҳукуматга ишончсизлик билдирилиши Исаковнинг автоматик истеъфосини англатмайди.
«Бундан кейинги сўзни президент айтади - у парламентнинг қарорини қўллаб-қувватлаши ҳам, аксинча бўлиши ҳам мумкин. Лекин мен Сооронбай Жээнбеков ҳукуматни истеъфога чиқаришини истардим», деган Масалиев.
У Қирғизистон президенти бу борада қарор қабул қилиши учун қанча вақт талаб этилишига аниқлик киритмаган. У ҳукумат истеъфоси бугуннинг ўзидаёқ рўй бериши мумкинлигини қўшимча қилган.
«Энди кўп иш парламентда кўпчиликни жамлаган коалиция ҳаракатига боғлиқ - ёки бирликни сақлаб қолиб, янги бош вазир номзодини илгари суради, ёки парчаланади. Янги коалиция ва ҳукумат шаклланиши учун вақт керак бўлади», дея қўшимча қилган парламентарий.
«Қирғизистон парламенти биринчи марта ҳукуматга ишончсизлик билдирмоқда. Бунга Вазирлар Маҳкамаси мухолифат томонидан қатор лойиҳаларни амалга оширишда муваффақиятсизликка учраганликда айблангани сабаб бўлмоқда», деган агентлик суҳбатдоши.
Исаков ҳукуматига ишончсизлик билдириш масаласи парламент фракциясидаги икки партия - «Республика — Ата Журт» ва «Ата Мекен» партиялари томонидан кўтарилди.
16 апрель куни қўшма йиғилишда «Онугуу-Прогресс», «Ата Мекен» ва «Республика — Ата Журт» парламентдаги фракциялари ҳукуматнинг 2017 йил учун иш ҳисоботини қониқарсиз деб топганди.
Мавзуга оид
10:43
Қирғизистон айрим Кўрфаз давлатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий қилди
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024