Жаҳон | 23:10 / 24.04.2018
20151
4 дақиқада ўқилади

Еревандаги намойишлар етакчиси энди давлатни ўзи бошқаришни истамоқда

Фото ТАСС, Артем Геодакян

Арманистон мухолифати етакчиси, «Елк» («Чиқиш») фракцияси депутати Никол Пашинян мамлакатни ўзи бошқаришни истамоқда. Бу ҳақда РБК нашри Пашиняннинг сафдоши, Ереван шаҳар кенгаши аъзоси, «Гражданский договор» партияси бошқарув кенгаши аъзоси Ален Симонянга асосланиб хабар берган.

Манбанинг айтишича, Пашинян бу ҳақда Арманистон бош вазири вазифасини вақтинча бажарувчиси Карен Карапетян билан 25 апрель куни ўтказиладиган музокаралар чоғида маълум қилади. Мухолифат етакчиси парламентга муддатидан илгари сайловлар ўтказилгунига қадар ҳукуматга раҳбарлик қилишни истамоқда.

Симоняннинг қайд этишича, мухолифатнинг Серж Саргсян истеъфосидан кейинги асосий талаби - бош вазирлик лавозимини Пашинян эгаллаши ва парламент учун шошилинч сайловлар ўтказишдир.

«Янги бош вазир - халқ танлаган одам бўлиши керак. Бу албатта Пашинян бўлиши керак», — деган у. Унинг сўзларига кўра, халқ сайловлари Республика майдонида ўтказилиши керак.

Пашинян бош вазирлик лавозимида вақтинча ҳукуматни шакллантиришни режалаштирган. Симонян парламент таркибини айнан Пашинян тасдиқлаши керак, деб ҳисобламоқда.

Кўп ўтмасдан Никол Пашиняннинг ўзи журналистлар иштирокидаги матбуот анжуманида Арманистон бош вазири лавозимини, агар «халқ шуни истаса» ўз зиммасига олишга тайёрлигини маълум қилди.

«Катта эҳтимол билан шундай бўлади», деган Пашинян хорижий нашрлар вакиллари учун матбуот анжумани вақтида.

«Биз оддий ишни бажардик - халқни митингга чорладик. Халқ ўз номзодини илгари суради. Биз ҳам бу жараён тинчлик билан якунланиши учун тайёрмиз», деган Пашинян.

У вақтинча бош вазир вазифасини бажарувчи Карен Карапетян Арманистоннинг янги ҳукуматини бошқара олмаслигини айтиб ўтган.

«Мумкин эмас. Биз Карапетян билан музокараларга борамиз, ўз талабларимизни амалга оширамиз. Республика партиясининг ҳукмронлик даври тугади. Уни қайтариш учун қилинадиган исталган ҳаракат яхшилик билан тугамайди», дея жавоб қайтарган Пашинян журналистнинг шу ҳақдаги саволига.

Шу билан бирга у истеъфога кетган Серж Саргсянга қарши ҳаракатлар бўлмаслигини ваъда қилган.

Пашинян Арманистон бош вазири учун янги сайловлар бир-икки ой ичида ўтказилиши, навбатдан ташқари парламент сайлови ҳам қисқа вақт ичида бўлиб ўтиши кераклигини қўшимча қилган.

Арманистоннинг собиқ президенти ва собиқ бош вазири Серж Саргсян 23 апрель куни Ереванда ўтказилган 10 кунлик норозилик намойишлари ортидан истеъфога чиқди. Унинг ўрнига ўринбосари ва партиядоши Карен Карапетян вақтинча бош вазир бўлди.

13 апрель куни Арманистон пойтахтида ва бошқа шаҳарларда Саргсяннинг янги лавозимга тайинланишига қарши намойишлар бошланганди. Ереванда фаоллар йўлларни, давлат органлари биноларини ёпиб қўйиб, полиция билан тўқнашувларга киришди. Арманистон парламенти Саргсянни бош вазир лавозимига 17 апрель куни сайлади, ўша куни мухолифат етакчиси Пашинян Арманистонда «бахмал инқилоби» бошлангани ҳақида эълон қилди.

Мавзуга оид