Ўзбекистон | 16:15 / 24.04.2018
12539
4 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов фондининг хорижда таҳсил грантлари ғолиблари эълон қилинди

Ислом Каримов номидаги фонд таъсис этган хорижда таҳсил грантларининг навбатдаги ғолиблари эълон қилинди. Улар магистратура дастури бўйича чет эл олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятига эга бўлмоқда.

Бу ҳақда фонд асосчиси Лола Каримова-Тиллаева хабар берди. Унинг қайд этишича, танлов ўтган йил октябрда эълон қилинган бўлиб, унда Ўзбекистондаги 39та олий ўқув юртининг 320 нафардан ортиқ битирувчиси иштирок этди. 

Танлов якунига кўра қуйидаги йигит-қизлар фонднинг 2018 йилги таълим грантлари соҳиби бўлди:

1. Шамсиддинхон Сафоев (Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети битирувчиси).
2. Иззатжон Асадов (Тошкент шаҳридаги И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиали битирувчиси).
3. Музаффар Максумов (Ўзбекистон Миллий университети битирувчиси).
4. Дадахон Ўрмонов (Фарғона давлат университети битирувчиси).
5. Нуриддин Бурхонов (Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети битирувчиси).
6. Ахмаджон Исламбеков (Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети битирувчиси).
7. Ахроржон Абдуқаххоров (Тошкент Халқаро Вестминстер университети битирувчиси).
8. Гулюзбону Рузибоева (Тошкент Архитектура-қурилиш институти битирувчиси).
9. Александра Ким (Миллий рассомлик ва дизайн институти битирувчиси).
10. Фарход Рихсиев (Тошкент Архитектура-қурилиш институти битирувчиси).
11. Стефания Аббасова (Миллий рассомлик ва дизайн институти битирувчиси).

Фото: Facebook /lola.karimova.tillyaeva
Фото: Facebook /lola.karimova.tillyaeva

Танлов қайта тикланувчи энергия манбалари, кимё, сув ва ер ресурсларини бошқариш, машинасозлик технологиялари, озиқ-овқат технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги, маҳсулот ишлаб чиқариш ва маркетинг, архитектура, шаҳарсозлик, тарихий обидаларни муҳофаза этиш ва қайта тиклаш, дизайн, маҳсулот дизайни, саноат ва меъморчилик дизайни, рассомлик каби 13 та мутахассислик бўйича ўтказилди.

Ҳозирда чет эл олий ўқув юртларида танлов ғолиблари мутахассисликларига мос бўлган таълим йўналишларини танлаш жараёни кетмоқда. 

“Ислом Каримов фонди номидан иккинчи грант танловининг барча ғолибларини самимий табриклайман ва ўқишларида улкан муваффақиятлар тилаб қоламан. Улар чет элнинг пешқадам олий ўқув юртларида таълим олиб, келажакда ўз билими ва иқтидори билан Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишларига тилакдошман”, - дейилади Лола Каримова-Тиллаева хабарида.

Фото: Facebook /lola.karimova.tillyaeva
Фото: Facebook /lola.karimova.tillyaeva

Эслатиб ўтамиз, Ислом Каримов номидаги фонд 2016 йил октябрда Татьяна Каримова ва Лола Каримова-Тиллаева томонидан Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси ва биринчи президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган. Юртимиз ва хориждаги пешқадам университетларда таҳсил учун иқтидорли ёшларга грантлар ажратиш Фонд фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади.

2017 йили Фонднинг таълим грантлари соҳасидаги илк лойиҳаси доирасида 12 нафар стипендиат Ангальт амалий фанлар университети, Дуйсбург, Эссен, Рур ва Фрайбург университетлари (Германия), Москва меъморчилик мактаби ҳамда Турин политехника университети (Италия) каби нуфузли чет эл олий ўқув юртларида икки йил давомида таҳсил олиш имконига эга бўлди.

Мавзуга оид