Иккита Кореянинг бирлашуви: мамлакатлар ярашиш ҳақида келишишга қандай уринишган
27 апрель куни КХДР раҳбари Ким Чен Ин ва Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин 1950 йилда бошланган ва 1953 йилгача қуролли тўқнашувлар кўринишида давом этган Корея урушига барҳам бериш борасида келишиб олишди. Давлат раҳбарлари сўзларига кўра, тинчлик битими 2018 йил охирида имзоланади.
Бу иккита Кореянинг сўнгги 65 йил ичида бирлашиш учун қилган илк ҳаракати эмас: мамлакатлар бир неча марта ярашиб олишга ва ҳатто қўшилишга уриниб кўришган, аммо муносабатлар ҳар гал ёмонлашаверган.
Бирлашиш учун илк ҳаракат
Шимолий ва Жанубий Корея биринчи марта 1971 йилда музокара ўтказиб, бирлашишнинг асосий тамойилларини белгилаб олишди. 1972 йилда қабул қилинган «Шимол-Жануб» келишувига асосан, бирлашув учта шартнинг бажарилиши асосида юз бериши лозим эди: иккита Кореянинг мустақиллигини сақлаб қолиш, миллий бирликка олиб келувчи тинч воситаларни қўллаш, мафкура ва тизимдаги фарқларга барҳам бериш.
Жануб ва Шимол ўртасида ўзаро ишонч муҳитини яратиш ва кескинликни юмшатиш учун, ҳар иккала томон бир-бирини ҳақорат ва туҳмат қилмаслик, қуролли тўқнашувларни амалга оширмаслик ва уларнинг олдини олишга рози бўлишди.
1972 йилда қабул қилинган «Шимол-Жануб» декларациясидан
Аммо бу келишув ҳар бир мамлакатнинг фақат ўз манфаатини кўзлаши туфайли амалга ошмай қолди. СССР томонидан қўллаб-қувватланаётган Шимолий Корея жанубликларни иттифоқдошлари - АҚШ ва Япониядан узоқлаштиришга ҳаракат қилди. Жанубий Корея раҳбари Пак Чон Хи эса музокаралардан ўз авторитар ҳокимиятини кучайтириш воситаси сифатида фойдаланди.
Корея Демократик Конфедератив Республикаси
Шимолий ва Жанубий Корея деярли мулоқот қилмаганида ҳам, бирлашишга чақириқлар бўлган. 1980 йили КХДР раҳбари Ким Ир Сен Корея Меҳнат партиясининг VI қурултойида Корея Демократик Конфедератив Республикасини ташкил қилишни таклиф этди. У иккита тизимли давлат - иккита ҳукумат, иккита мафкура, бироқ битта миллат, битта мудофаа вазирлиги, битта ташқи сиёсатга асосланган давлат бўлиши лозим эди.
Тарихда мавжуд бўлган ва дунёга машҳур ягона давлатнинг номидан фойдаланиб, шунингдек, Шимол ва Жанубнинг умумий сиёсий ғояларини акс эттирган ҳолда, демократияга интилиб, янги давлатни Корея Демократик Конфедератив Республикаси деб номлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ким Ир Сен
Конфедерация номи X-XIV асрларда мавжуд бўлган Корё феодал давлатидан олинди. Шу тарзда Пхеньян «миллатни самодан туриб бошқарувчи абадий президент» ғоясига таянмоқчи бўлди. Бироқ, Жанубий Кореяда бу таклиф ҳатто муҳокама ҳам қилинмади.
«Совуқ уруш»нинг тугашидан муносабатларнинг тикланиши услуби сифатида фойдаланиш
1980-йиллар охирида «совуқ уруш»га барҳам берилиши натижасида, иккита мамлакат ўртасидаги зиддият вақтинча тўхтатилди. Бунга 1988 йили Сеулда ўтган ёзги Олимпиада ўйинлари сабаб бўлди. У жанубликлар раҳбариятига коммунистик давлатлар билан алоқаларни яхшилашга ёрдам берди. КХДР томонидан мусобақанинг бойкот қилинишига қарамай, унда 159та мамлакат иштирок этди, бу ўша даврнинг рекорди эди.
Қизиғи шундаки, Олимпиадага «совуқ уруш»нинг ҳар иккала блоки вакиллари, шу жумаладан СССР ва Хитой ҳам ташриф буюрди. Бироқ, КХДР қўшни давлат учун «бош оғриғи» бўлиб қолаверди.
Яқинда ошкор қилинган МРБ (АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси) махфий ҳужжатларига кўра, Шимолий Корея бир қанча террорчилик ҳужумлари орқали Олимпиаданинг ўтказилишига тўсқинлик қилмоқчи бўлгани аниқланди. Мусобақа ўтказилишидан 1 йил олдин, 1987 йил 27 ноябрь куни КХДР ҳукумати топшириғига ассосан, 2 нафар махфий агент Жанубий Кореянинг Korean Air Lines авикамопаниясига тегишли Boeing 707 самолёти бортига бомба ўрнатади. Бомба 29 ноябрь куни Бағдод — Абу-Даби — Бангкок — Сеул рейсида портлатилади, натижада 115 нафар инсон ҳалок бўлган. Кейинчалик, жанубликлар КХДР фуқароси, 28 ёшли махфий агент Ким Хёнхини ҳибсга олган, бироқ, уни шимолликлар режими қурбони сифатида айбсиз деб топган эди.
Жанубий Корея халқаро мақомининг ошиб бориши, СССР ва Хитой билан фаол дипломатияси ўз мевасини берди. Муносабатлар кескин бўлишига қарамай, Пхеньян охир оқибатда Сеул билан музокара ўтказишга рози бўлди.
1991 йили КХДР ва Жанубий Корея яна ярашиш ғоясига қайтиб, бу ҳақда дастлабки келишувни имзоладилар. Унинг муҳим жиҳати шу эдики, давлатлар ўзини иккита алоҳида эмас, балки битта, «якуний бирлашиш учун махсус жараёнда турган» давлат деб баҳоладилар. 1992 йили давлат раҳбарлари Корея яриморолида ядросиз ҳудуд ҳақидаги ўзаро декларацияни тайёрладилар.
Бироқ, 1992 йили Шимол ва Жанубнинг муносабатлари яна кескинлашди. КХДР Халқаро атом энергияси агентлиги инспекциясини қабул қилишдан бош тортди ва АҚШ билан Жанубий Кореянинг ҳарбий машғулотларини қайта тикланишига норозилик билдирди.
Иккита мамлакат муносабатларининг замонавий ҳолати
Иккита мамлакат ўртасида музокараларни тиклашга уриниш 2000 йилда юз берди. 15 июнь куни Шимолий ва Жанубий Корея навбатдаги «Шимол-Жануб» декларациясини имзолаб, тинч йўл билан бирлашишга келишиб олишди.
Шимол ва Жануб мамлакатларнинг бирлашиш масаласини мустақил равишда, ўзаро ҳамкорлик асосида ҳал қилишга келишиб олишди
2000 йилдаги «Шимол-Жануб» декларациясидан
Имзоланган битим гуманитар, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маданий масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик асосида бирлашишни кўзда тутар эди.
Бироқ, бу сафар ҳам жиддий муваффақиятга эришилмади: 2013 йили КХДР ядросиз ҳудуд тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини бир томонлама тўхтатиб қўйди ва ядро-ракета синовларини бошлаб юборди. Бундан ташқари, 2010 йил ноябрь ойида шимолликлар қўшнисига нисбатан бир қанча ҳарбий фитналарни амалга оширишди ва Ёнпхёндо оролига ҳаводан зарба бериб, 2 нафар денгиз пиёдасини ўлдиришди.
2000, 2004, 2006 ва 2018 йиллардаги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимида кореяликлар бир жамоа сифатида иштирок этишган, бироқ мусобақаларда алоҳида қатнашган. Бундан ташқари, Жанубий Корея ва КХДР бирлашган аёллар хоккей жамоаси (Жанубий Кореядан 23, Шимолий Кореядан 12 нафар хоккейчи) қишки олимпиадада иштирок этган бўлса-да, бошқа спорт турларида КХДР ва Жанубий Корея алоҳида қатнашишди.
Апрель ойида КХДР ва Жанубий Корея раҳбарлари иштирокида тарихий саммит ўтказилди: Ким Чен Ин Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин билан демилитаризация қилинган ҳудудда учрашиб, мамлакатларнинг бирлашиш имкониятларини муҳокама қилишди. Улар навбатма-навбат мамлакатларни ажратиб турувчи чизиқни кесиб ўтишди, натижада тарихда илк маротаба бир-бирининг ҳудудида бўлишди.
Саммитнинг асосий воқеаси Корея урушининг расман тўхтатилиши ҳақидаги келишув бўлди. Кейинги музокараларнинг мавзуларидан бири - мамлакатларни бирлаштириш имкониятларидир.
«Шимол ва Жануб келажакда бирлашади, бунга ишонаман. Биз бир миллатмиз, қонимиз бир. Биз ажралган бўлишимиз мумкин эмас», — деди учрашувдан сўнг Ким Чен Ин.
Мавзуга оид
17:43
Жанубий Корея “ўта қари жамият” деб тан олинди
17:35
Жанубий Кореянинг лавозимидан вақтинча четлатилган президенти яна сўроққа келмади
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
12:20 / 24.12.2024