Ўзбекистон | 22:12 / 02.05.2018
57977
4 дақиқада ўқилади

«Сўз эркинлиги бўлганда, мен яширинмасдим». Бобомурод Абдуллаев иши якунланди

Фото: KUN.UZ

Бугун, 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 159-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев суд мажлисида сўнгги сўзни айтди. Бу ҳақда суд мажлисида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Судланувчи Бобомурод Абдуллаев «сўз эркинлиги бўғиқ даврда, ҳаётини хавфдан ҳимоя қилиш учун Усмон Ҳақназар тахаллусида мақолалар» ёзгани, унга маълум бўлган хабарларни тўлиқ текширишга имконият бўлмагани ҳақида гапириб берди.

Мен нафақат ижтимоий-сиёсий, балки спорт журналистикасида ҳам қалам юритганман. Футболда бир фалсафа бор: майдонга рақибни енгиш учун тушган жамоа баъзан мағлуб бўлиши мумкин, аммо рақибга енгилишини тан олиб, майдонга қадам босган жамоа ҳеч қачон ютмайди. Менга ҳам осон бўлмади. Суд иши бошлангандан буён айбсизлигимни исботлаш учун ҳамма ишга қўл урдим, ҳақиқатни қўрқмай айтдим. Ҳеч ким менга happy end ваъда қилмаган, бошқалардан фарқли равишда мен ҳеч нимани яширмай рост сўзни айтиб келмоқдаман. Тажрибамда (журналист сифатида дейилмоқда - таҳр.) кўп суд мажлисларида иштирок этгандим. Айрим аёл судланувчилар анча-мунча қийноқ ва тазйиқларга туриб берганини кўрганман, улар бошқа эркак судланувчилардан фарқли равишда ҳақиқатни айтолган. Мен ўша аёлларга таъзим қиламан. Бош эгаман.

Ўйлайманки, биз (Абдуллаев адвокати Майоровни назарда тутмоқда - таҳр.) суд терговида айбсиз эканимни исботлай олдик. Аслида, ишнинг илк лаҳзасига эътибор қилинг: МХХ терговчилари менга нисбатан қийноқ ва тазйиқлар ишлатиб қилмаган ишимни бўйнимга қўйди. Бу қийноқ ва тазйиқ ишлатишнинг маъноси нима? Гап шундаки, бундай ҳаракатлар органнинг бир пайтлар ночор, кучсиз бўлганини исботлайди. Фақат кучсиз ҳокимиятгина мана шундай ночор органларни ҳимоя қилади. Кучли ҳокимият танқидни хуш қаршилайди. Кучли ҳокимият камчиликларга эътибор қаратган журналистга тазйиқ қилмайди.

Совет иттифоқи парчалангач, у даврнинг нақадар жирканч бўлганини англаб етдик. Каримов вафотидан кейин яна шундай бўлди, мақталган иқтисодиёт, ривожланиш ва маддоҳлик аслида пуч экани маълум бўлди-ку. Агар ўша даврда сўз эркинлиги бўғилмаганда, мен ҳаётимни хавфдан асраш учун тахаллус остида, яшириниб мақола ёзмасдим. Менга маълум факт ва тафсилотларни тўлиқ текширишга имкон бўлмади. Бироқ, вазият ўзгарди, Шавкат Мирзиёев янги тарихни бошлади. Матбуот ва телевидение танқидий руҳдаги материалларни эркин ҳавола этяпти. Айнан мана шу суд мажлисидан Kun.uz ва Газета.uz сайтлари мухбирлари репортаж тайёрлаётганига гувоҳ бўлмоқдаман. Мен ўзимни ҳимоя қилишим учун барча имкониятни яратиб берган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига миннатдорчилигимни билдираман. Шунингдек, мени маънан қўллаб-қувватлаб турган маслакдошларим, журналист ва инсон ҳуқуқлари фаолларига ташаккур билдираман.

Бобомурод Абдуллаев суддан одилона ва адолатли ҳукм чиқаришини сўради. Судья Зафар Нурматов эса судланувчи Абдуллаевга суд мажлисида Бобомуроднинг қари онаси, турмуш ўртоғи иштирок этаётганини, уларни ҳам эслаб ўтиши мумкинлигини айтди.

Маълумот учун, давлат айбловчиси Баҳром Қобилов «Ўрим» режаси сақланган флешка масаласини умуман ашёвий далиллар қаторидан чиқариб ташлашни сўраб, Бобомурод Абдуллаевга 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланишини сўради. Бошқа 3 нафар судланувчилар эса тўлиқ оқланиши сўралди.

Мавзуга оид