Жаҳон | 17:50 / 08.05.2018
4392
2 дақиқада ўқилади

71-Халқаро Канн кинофестивалига старт берилмоқда

Бугун, 8 май куни 71-Халқаро Канн кинофестивали фаолиятига старт берилмоқда. Асосий танловнинг ҳакамлар ҳайъатини актриса Кейт Бланшетт бошқаради. 

Дастурни эронлик режиссёр Асқар Фарҳодийнинг "Буни ҳамма билади" психологик триллери очиб беради, унда бош ролларни Пенелопа Крус ва Хавьер Бардем ижро этган. Фильм оила аъзолари билан синглисининг тўйида қатнашиш учун ватани томон йўл олган аёл ҳақида. Бироқ саёҳат кутилмаган тарзда уларнинг ҳаётини ўзгартириб юборади, бош қаҳрамонлар эса ахлоқий танлов олдида қолишади. 

Фото: AP
Фото: News.cn

Асосий танлов дастурида 21 картина намойиш этилади. Уларнинг орасидан Жан-Люк Годар, Павел Павликовский, Маттео Гарроне, Цзя Чжанкэ, Жаъфар Паноҳий ва Нури Бильге Жейланларнинг янги ишлари ўрин олган.

Танлов доирасидан ташқарида намойиш этиладиган сўнгги фильм Терри Гиллиамнинг "Дон Кихотни ўлдирган одам" картинаси бўлади, режиссёр бу фильм устида деярли 20 йил ишлаган. 

71-Халқаро Канн кинофестивали 19 май куни ўз ишларини якунлайди.

Мавзуга оид