Жаҳон | 20:20 / 12.05.2018
17427
2 дақиқада ўқилади

Пластик чиқиндилар дунёнинг энг чуқур жойигача ҳам етиб борди

Дунёнинг энг чуқур жойи бўлган Мариана ботиғида, 10 км дан кўпроқ чуқурликда пластик пакет аниқланди. Ушбу “топилма” Япониянинг ер ва денгизни ўрганиш бўйича фанлар ва технологиялар агентлиги лойиҳаси JAMSTEC доирасида аниқланган. Бу ҳақда Marine Policy нашридаги мақолада батафсил маълумот берилган.

Фото: JAMSTEC

Олимларнинг фикрича, ушбу топилма океаннинг қанчалик катта кўламда ифлосланганини яққол кўрсатади. 30 йил давом этган лойиҳа доирасида тадқиқотчилар океаннинг энг чуқур жойларида 3 мингдан кўпроқ турли чиқинди аниқлашган. Бу давр ичида денгиз ва океанлар тубига 5 мингдан кўпроқ марта ғаввослар шўнғиган ва чуқур сув ости қурилмалари жўнатилган. Топилган чиқиндидан учдан бир қисмидан кўпроғини бир марта ишлатилувчи қадоқларнинг майда пластик бўлаклари – микропластик ташкил қилган. Чиқиндилардан ярмидан кўпроғи 6 минг метрдан чуқурроқда аниқланган.

Топилган чиқиндилар орасида металл бўлаклар 2-ўринни эгаллаган. Улар умумий чиқиндининг чорак қисмини ташкил қилган. 17 фоиз ҳолатда бу чиқиндилар олдида чуқур сув остида яшовчи жонзотлар аниқланган. Олимлар ифлосланиш чуқур сув ости экотизимларига тузатиб бўлмас зиён етказиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.

 

Мавзуга оид