Жамият | 01:01 / 22.05.2018
164501
4 дақиқада ўқилади

Исломнинг беш устуни ҳақида нималар биламиз?

KUN.UZ томонидан лойиҳалаштирилган “Бир ҳадис шарҳи” деб номланган дастурнинг бугунги сонида Ислом динининг беш устуни ҳақида сўз боради. Бу ҳақда пойтахтнинг “Исломобод” жоме масжиди имом хатиби Абдулҳамид Жуманов сўзлаб берди.

YouTube'да томоша қилиш

Tas-IX'да томоша қилиш

- Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилиб айтдиларки: “Ислом бешта устун устига қурилди. Биринчиси “Ла илаҳа илаллоҳ, Муҳаммадун расулаллоҳ”, деб шаҳодат беришлик. Иккинчиси намоз ўқиш. Ундан кейингиси закот беришлик ва ундан кейингиси ҳаж қилишлик ва охиргиси рўза тутишликдир”. 

Беш устундан бири шаҳодат. Биламизки, Ислом дини олдинги динларни тўлдирувчиси, уларнинг давомчисидир. Пайғамбаримизга янги дин юборилгани йўқ. У Зот ўзларидан олдин келган пайғамбарларнинг динини давом эттирдилар. Ҳамма пайғамбарларнинг сўзи битта эди – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Инсонни мусулмон қиладиган, уни бошқа дин вакилларидан ажратадиган, иймонининг белгиси шаҳодатдир. Мусулмон кишининг асосий белгиси бу – Аллоҳга иймон келтириш ва Аллоҳни бизга танитган зот Муҳаммад (с.а.в)ни пайғамбар, расул эканликларини эътироф этиш.

Иккинчи устун – намоз. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадиларки: “Ғайридин ва мусулмоннинг ўртасидаги фарқ намоздир”. Намоз шундай бир ибодат-ки, уни тарк этишга бирон-бир инсонга йўл йўқ. Баъзи бир инсонлар ўз ҳолатларидан норози бўлишар, лекин айни ҳақиқат шу-ки, мусулмонман деб даъво қилиб туриб, масжиднинг эшигини тополмайдиган, умрида бирор марта пешонаси сажда кўрмаган, намоз ўқишликни билмайдиган инсон, Аллоҳ сақласин, насронийларнинг феълини қилиб турган одамга ўхшайди. Чунки насронийлар биз насрониймиз дейди, лекин ибодатларини қилишмайди.

“Исломобод” жоме масжиди имом хатиби Абдулҳамид Жуманов

Навбатдаги учинчи устун – закот бериш. Закот молиявий ибодат бўлиб, яъни инсоннинг моли маълум бир даражага етганидан сўнг ўшандан маълум бир қисмини эҳсон қилади. Аммо бу ҳаммага ҳам эмас. Бу имконияти бор, моли ўша даражага етган мўмин-мусулмонлар учун. Масалан, қўйи 40тага етган инсон, улардан бирини закот қилади. Шу ҳисобга етмагунча закот бермайди. 

Ундан кейинги фарз – ҳаж қилишликдир. Бу фарз ҳам моддиятга тааллуқли бўлган ибодатдир. Моддий томондан ҳажга бориб келишга қурби етадиган, саломатлиги кўтарадиган кишига умрида бир марта ҳаж қилишлик фарз ҳисобланади.

Сўнгги бешинчи фарз – Рамазон ойида рўза тутмоқликдир. Бу ибодатни намоз ибодати билан солиштирадиган бўлсак, рўзанинг фарқи баданий, жисмий ибодат ҳисобланади. Шунинг учун бунда соғлик шарт. Агар бир инсонда рўзадан тўсадиган касаллик бўладиган бўлса, ундан то тузалгунга қадар рўза тутиш соқит бўлади. Агар сурункали бўлса, у инсон рўзасининг эвазига фидясини беради, деди А.Жуманов.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид