Фан-техника | 21:27 / 30.05.2018
6531
2 дақиқада ўқилади

Audi илк электр кроссовери ҳақида маълумот берди

Audi компанияси E-Tron деб номланган ўзининг илк электр кроссоверининг суратларини эълон қилди ва у ҳақидаги баъзи тафсилотларни ошкор қилди. Компанияда маълум қилинишича, кроссовер аэродинамик қувурда 1000 соатдан кўпроқ синалган.     

E-Tron “виртуал кўзгу” деб номланувчи қурилма билан савдога чиқадиган илк автомобил бўлади. Бунда одатий орқани кўриш ойналари тасвирни машина салонидаги экранларга узатувчи махсус камералар билан алмаштирилади. Бундай тизим мижозларга қўшимча опция сифатида таклиф қилинади.

Фото: Audi

Автомобил 120 км/соатдан кўпроқ тезликда созланувчи пневмостойкалар эвазига 26 мм га пасая олади. Машина тўлиқ қувватланишда 400 км дан кўпроқ масофа боса олади. 

Машина дизайни Франкфуртда 2015 йил кузида тақдим қилинган e-tron quattro’ни такрорлайди. Машинанинг узунлиги 4,88 метрни, эни 1,93 метрни ташкил қилади. Машина юкхонаси сиғими 615 литрга тенг.

Фото: Audi

Автомобил тақдимоти жорий йилнинг 30 августида бўлиб ўтади. Автомобилга бош рақобатчилар Jaguar I-Pace ва Tesla Model X бўлади.

Норасмий маълумотларга кўра, машина нархи 66 минг еврога яқинни ташкил қилади. Модел Брюсселдаги заводда йиғилади.

Фото: Audi

 

Мавзуга оид