Фан-техника | 00:04 / 11.06.2018
9525
3 дақиқада ўқилади

Энг яхши ҳайдовчисиз машиналар ишлаб чиқарувчи компаниялар рейтинги тузилди

Яқин 3 йил ичида кўплаб компаниялар ва стартаплар шаҳарда қатъий йўналиш бўйича мустақил равишда ҳаракатлана олувчи ҳайдовчисиз машиналарни тақдим қилишни режалаштирмоқда. 

Bloomberg нашри энг яхши ҳайдовчисиз машиналар ишлаб чиқарувчилари ҳақида мақола чоп этди. Унга кўра, жаҳонда илк ҳайдовчисиз машиналар хизматини йўлга қўйиш борасида Alphabet компаниясига қарашли Waymo шак-шубҳасиз етакчи ҳисобланади. 

Фото: Bloomberg

Waymo асосий рақобатчилардан нақ бир йил аввал ҳайдовчисиз машиналарини тақдим қилади. Компания 2018 йил охиригача ҳайдовчисиз такси хизматини ишга туширмоқчи. Ҳозирча эса йўловчилар синовлар давомида ушбу ҳайдовчисиз машиналарда бепул юришлари мумкин. 

2-ўринни General Motors эгаллади. Ушбу компанияда ҳайдовчисиз машиналар яратиш учун ўзининг 1,1 млрд долларига қўшимча Япониянинг SoftBank’ининг 2,25 млрд доллари бор. GM 2019 йилда рул ва педалсиз бўлган Chevrolet Bolt машинаси негизида каршеринг хизматини йўлга қўймоқчи.

Фото: Bloomberg

Қолган компаниялар эса бозорга 2020 йилдан олдин чиқишни мўлжаллашмаяпти. 

Энг яхши ҳайдовчисиз машиналар ишлаб чиқарувчи компаниялар рейтингида 3-ўринни Mercedes-Benz эгалламоқда. Унга эгалик қилувчи Daimler концерни Bosch ва NVIDIA компаниялари билан бирга 4- ва 5-автономлик даражасига эга тажрибавий ҳайдовчисиз машиналар тайёрламоқда. Mercedes’нинг илк ҳайдовчисиз таксилари йўлларда 2021 йилда пайдо бўлади.

Фото: Bloomberg

4-ўринни Aptiv Plc эгалламоқда. Компания автоматлаштириш технологиясига анча сармоя киритди, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси Ottomatika ва лидарлар ишлаб чиқарувчи Innoviz, Leddertech ва Quanergy Systems компанияларнинг улушини сотиб олди. Aptiv январда CES 2018 кўргазмасида Lyft билан бирга ҳайдовчисиз таксини намойиш қилди. Компания бунда Audi ва BMW машиналаридан фойдаланади.

Фото: Bloomberg

5-ўринга Zoox стартапи қўйилган. У ҳайдовчисиз машинасини яратишда Toyota Highlander’дан фойдаланади ва GM синов ўтказган йўлларда синовлар ўтказган. Агар стартап қўшимча сармоялар жалб қила олса, у ўзининг ҳайдовчисиз машинасини 2020 йилда йўлларга чиқаришига умид қилмоқда. 

Рейтингнинг кейинги ўринларини Renault-Nissan, Volkswagen ва Audi, BMW, Fiat Chrysler, Toyota, Ford ва Volvo, Uber, Tesla ва Baidu эгаллаган.

Мавзуга оид