Жамият | 16:38 / 11.06.2018
18162
3 дақиқада ўқилади

Исроф – Аллоҳ ва унинг Расули томонидан қайтарилган иллат

“Ислом нури” дастурининг бугунги сонида ҳар бир мўмин-мусулмон амал қилиши, ўз ҳаётининг ажралмас одатига айлантириши лозим бўлган исрофдан сақланиш ва исрофнинг оқибатлари ҳақида сўз боради. Бу мавзу ҳақида “Камолиддин Ориф – ал Бухорий” жоме масжиди диний ходими Қобил қори Одилжон ўғли батафсил сўзлаб берди.

YouTube'да томоша қилиш

Tas-IX'да томоша қилиш

- Пайғамбаримиз (с.а.в) Ҳайбар билан Мадинанинг (шаҳар номлари – таҳр) ўртасида уч кун туриб қолдилар. Ўша пайт Бани Қурайза қабиласи раҳбарининг қизлари София онамизга уйланган пайтлари экан. Тўй бўлиши керак экан. Шунда у Зот (с.а.в) “терилардан дастурхон қилинг”, дедилар. Таомига хурмолар қўйилди. Ана шундай оддий дастурхон устида Расулуллоҳ (с.а.в) никоҳларини эълон қилган эканлар.

Сўнгги пайтда тўйларимизда ва ҳатто ифторликларда дабдаба, исрофгарчиликлар, таом устига таом қўйилишлари кузатилмоқда. Еб-ичиш керак, уй эгалари ҳам яхши ниятда таомларни дастурхонга қўйишади, лекин исрофгарчиликка йўқ қўймаслик керак. Одамларимиз ифторликнинг савобини топаман деб ҳаракат қилишади. Ифторликнинг савобини исрофга йўл қўйиб, дабдабали дастурхон ёзиб, 100-200 нафар одам чақириб топиб бўлмайди. Унинг савобини бошқа йўл билан топса ҳам бўлар экан.

Ифторлик дастурхонига кетадиган ноз-неъмат, унга бўладиган харажатни муҳтож бўлган одамларнинг хонадонига олиб бориб берилса, ўша одамларга моддий ёрдам кўрсатилса у ҳам ифторликнинг савобини олиб келади. 

“Камолиддин Ориф – ал Бухорий” жоме масжиди диний ходими
Қобил қори Одилжон ўғли

Мисрда ўқиб юрган кезларимда Рамазон ойида бир ҳолатнинг гувоҳи бўлардим. Айнан мана шу ой мисрлик озиқ-овқат сотувчилар нарх-навони туширишар эди. Улар бу ишни Рамазоннинг ҳурмати, юртдошларимиз, диндошларимиз мана шу неъматлардан истеъмол қилишсин, бу бизнинг уларга қилган ифторлигимиз бўлсин, деб амалга оширишарди. 

Мен ўзимизда шу ҳолатни кузатаманки, эртага Рамазон ойи кириб келди, дегунча нарх-навони кўтариб қўйишади. Айнан ифторлик дастурхонига қўйиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари нархини сунъий равишда кўтарадиган бор. Агар кимки, нарх-навони мана шу ойда тушириб, Рамазоннинг ҳурматини қилишса, бу ҳам уларнинг ифторлигига киради, - Қобил қори Одилжон ўғли.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид