Жамият | 12:26 / 12.06.2018
21501
3 дақиқада ўқилади

Қариндошчилик риштасини узган кишининг бошқа амалларини Аллоҳ қабул қилмас экан...

“Бир ҳадис шарҳи” дастурининг бугунги сонида “Қариндошчилик алоқаларини мустаҳкамлаш” мавзусида сўз боради. Бу мавзу ҳақида келган ҳадисни “Камолиддин Ориф – ал Бухорий” жоме масжиди диний ходими Қобил қори Одилжон ўғли батафсил шарҳлаб берди.

- Пайшанбадан жумага ўтар кечаси Абу Ҳурайра (р.а) келдилар. Шунда жамоатга қараб айтдиларки: “Эй биродарлар, сизларга бир нарсадан хабар берайми? Мана шу жамоат орасида бир отадан, бир онадан туғилиб, жигарчиликни узган киши бўлса, силаи раҳмни тўхтатган одам бўлса, бугун бу мажлисдан турсин, мен билан ўтиришга нолойиқ”, дедилар. Буни иккинчи маротаба ҳам такрор айтдилар. 

Учинчи марта айтганларида бир йигит ўринларидан туриб, мажлисдан узоқ вақтга узоқлашдилар. Кейин у киши ҳақда билсалар, йигит аммаси билан ихтилофда юрган экан. Йигит аммасининг ҳузурига борганида, қариндоши унга қараб: “Ҳа, акамнинг ўғли. Сени нима бошлаб келди? Эй жиян, шунча пайтдан буён мени унутган эдинг. Бугун қадамингни босиб келишингга, бу хонадонга кириб келишингга нима сабаб бўлди?”, деб сўрабди. Йигит жавоб берди: “Абу Ҳурайранинг сўзлари сабаб бўлди. Қариндош-уруғчиликни узганларнинг ҳоли нима бўлишини айтайми, деганларини эшитиб, ҳузурингизга келдим”. Йигит аммаси билан ярашиб, ўртадаги хусуматни йўқотди.

“Камолиддин Ориф – ал Бухорий” жоме масжиди
диний ходими Қобил қори Одилжон ўғли

Шунда йигитнинг аммаси айтди: “Сен Абу Ҳурайрадан сўрагин. Нега энди пайшанбадан жумага ўтар кечаси бу гапни таъкид қилди?”. Йигит бориб сўраганида Абу Ҳурайра (р.а) марҳамат қилиб, шундай жавоб қайтарган эканлар: “Мен Набий (с.а.в)дан шундай гап эшитганман: “Ҳар ҳафта, пайшанбадан жумага ўтар кечаси банданинг бир ҳафталик қилган амаллари Яратган даргоҳига кўтарилади”. Агар қариндош-уруғчилик ришталарини узган бўлсак, қолган амалларимиз ҳам Аллоҳ томонидан қабул қилинмас экан”.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид