Жамият | 18:31 / 18.06.2018
35129
10 дақиқада ўқилади

“Онажон, мен мактабдан қарздор бўлиб қолдим...”

Эрта тонгдан ишга отланган она бугун негадир қизининг мактабга шошилмаётганидан хавотирланиб қолди. Секингина унинг ёнига бориб:

— Қизим, дарсингга кечикаяпсан, нега тайёргарлик кўрмаяпсан ёки тобинг йўқми?  

— Ойи, тобим-ку жойида, лекин ҳар куни синфдошларим олдида изза бўлавериш жонимга тегди. Уялганимдан мактабга боргим йўқ.

— Нима гап ўзи? Бирор ўқув қуролинг йўқми?

— Йўғ-э, ҳамма нарсам етарли-ю, аммо мактабдан "қарз"ларим кўпайиб кетибди. Синф раҳбаримиз ҳар гал ўқувчилар орасида "қарзинг­ни тўлаб қўй, икки ойдан бери пул бермайсан ёки кам таъминланган оилада яшайсанми? Жами қарзинг 60 минг сўм бўлибди, ноинсоф!", деган дағдағалари одамни мактабдан бездириб юборди. Аслида, биз ўқувчилар ҳар ой синф фонди учун 5 минг, "Охрана" ва синфимизга бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш ҳамда синфхоналарнинг "уборка"си учун 5 минг сўмдан пул беришимиз керак. Мен икки ойдан буён "қарз" эканман. Камига, яна 40 минг сўмдан "ремонт" учун пул беришимиз керак экан.

Бу гапларни эшитган она қизининг мактабдан қарздор бўлиб қолганлиги учун уялиб, лом-мим деяолмай қолди. "Қўл синса, енг ичида, бош ёрилса, дўппи тагида", деганларидек, онанинг кўнглидан нималар кечаётгани ёлғиз Худога аён. Начора, кимдандир қарз олиб бўлса-да, икки фарзандининг мактабдаги "қарз"ини тўлаши керак.

Бундай гап-сўзларни кўча-кўйда кўп эшитамиз. Хўш, аслида ҳам, мактабларда ўқувчилар юқоридагидек "хизмат"лар учун пул тўлаши мажбурийми? 

Мазкур мавзуда мақола тайёрлаш ва реал ҳолатни ўрганиш мақсадида ижодий гуруҳимиз билан Самарқанд шаҳридаги 63-умумий ўрта таълим мактабига йўл олдик. Ушбу таълим маскани ҳам бошқа мактаблар сингари  ҳар хил масалаларда пул йиғиш "операция"сидан мустасно эмас экан. Яъни, таъмирлаш ишлари учун бошланғич синф ўқувчиларидан 30 минг сўм, юқори синф ўқувчиларидан эса 40 минг сўмдан маблағ йиғилар экан. Мактаб ҳовлисига кираверишда сездикки, ҳар бир ўқувчидан ойига 5 минг сўмдан йиғиштириб олинган бўлса-да, на "Охрана" бор, на ҳудуд обод.

Мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари Гретта Геворкян ҳамда Нигора Неъматоваларнинг айтишича, мактабда 1 минг 724 нафар ўқувчига 88 нафар ўқитувчи-педагог таълим-тарбия бериб келаётган экан. Мактаб директоридан таълим масканидаги "пул йиғишлар" ҳақидаги ҳолатга изоҳ беришини сўрадик.

— Хабарингиз бор, ўтган йил декабрь ойидан бошлаб халқ таълими тизимида марказлашган бухгалтерия тизими жорий этилди ва бу, ўз навбатида, харажатлар сметаси йил бошида белгиланиб, бюджет ташкилоти мактабларни таъмирлаш учун маблағ ажратиб бера олмаяпти, – дейди 63-умумий ўрта таълим мактаби директори Сурайё Кучкарова. — Вазиятдан келиб чиқиб, ота-оналар билан келишган ҳолда, комиссия тузилиб, мактабда таҳсил олаётган 1 минг 724 нафар ўқувчидан 185 нафари SOS болалар уйи тарбияланувчилари ҳамда 103 нафари шаҳар ҳокимлиги рўйхатида турган кам таъминланган ўқувчилар эканлиги ҳисобга олиниб, қолган ўқувчилардан "ремонт" учун бировидан 15 минг, бировидан 20 минг сўмдан пул маблағлари  йиғилмоқда. Сиз айтганингиздек, 40 минг сўм қатъий белгилаб қўйилгани йўқ.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 41-моддасига мувофиқ, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги ва бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланиши белгиланган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги 961-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги Низомга мувофиқ, халқ таълими муассасалари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича ҳамда ўқувчиларнинг билими ва таълим сифатига таъсир қиладиган омилларни аниқлаш бўйича тизимли мониторинг олиб бориш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш лозимлиги кўрсатилган. Шундай экан, ушбу йиғилаётган маблағлар хоҳ ота-оналар ўртасида тузилган комиссия вакиллари, хоҳ ўқитувчилар томонидан йиғилсин, барибир, ўқувчи ўртада воситачи бўлиб қолаверади. Бу эса ўқувчининг мактабга ва таълим олишга бўлган қизиқишига салбий таъсир кўрсатмайди, деб ким кафолат беради? Ёки 63-умумий ўрта таълим мактаби раҳбарияти томонидан Конституциямизнинг 41-моддасига ўзгартиш киритилдимикан?

— Ота-оналар синф хоналарини таъмирлаш учун йиғилган маблағлар эвазига бажарилган таъмирлаш ишларига сарфланган маблағларнинг ҳисоб-китоби тўғрисидаги рўйхатни бизга тақдим қилади, – дейди мактаб директори.

Хўш, ҳақиқатан ҳам, ўқитувчилар пул йиғиш ишларига аралашмаётган бўлса, барча ишларни ота-оналарнинг ўзлари ҳал қилаётган экан, бажарилган таъмирлаш ишлари тўғрисида тузилган рўйхат мактаб директорига нега керак? Рўйхат унда бўлса, нега уни бизга тақдим қила олмади? Нега синф раҳбарлари ўқувчиларга "қарзингни" тўла, бўлмаса отангга айт, менга қўнғироқ қилсин, деб пўписа қилади? Нега ўқитувчи ўқувчини пул бермаганлиги учун тенгдошлари орасида изза қилади? Ахир, ўқувчи товон тўлаш эвазига билим олишга мажбур эмас-ку.

— Биз пулни ўз қўлимиз билан йиғиб олмаяпмиз, ота-оналар орасидан сайланган "комитет" йиғиб, таъмирлаш ишларига бош-қош бўлади, – дейди ўқитувчилардан бири. — Синфимда ўқийдиган "Комитет"нинг қизи пулни ўқувчилардан йиғиб олади ва назорат қилади. Пулни мен қўлимга ушламайман. 

Ана холос, ўқитувчи  пулни қўлига ушламас эмиш-у, ўқувчи қизнинг ўртада "даллол"лик қилишига имконият яратиб берармиш... Ўртада воситачилик қилаётган ўқувчи биринчидан, дарс жараёнига эътибори суса­йиб, фикр-у зикри "комитет"нинг топшириғини бажариш билан банд; иккинчидан, ўқувчи коррупция деб аталмиш иллатнинг кўчасига кириб қолмаяптими? учинчидан, келажагимиз ёшларнинг қўлида экан, биз келажагимизни кўра била туриб, шундай тарбияламоқдамизми? 

Буни қарангки, мактаб директори Сурайё Кучкарова барча умумий ўрта таълим мактаблари директорлари қатори мактабда бирор-бир тадбир, байрам, бош­қа-бошқа масалалар учун умуман пул йиғмаслик тўғрисида Самар­қанд шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғи ва вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи номига кафолат хати ёзиб берган бўлишига қарамасдан, ҳали-ҳамон "ўрганган кўнгил ўртанса қўймас" қабилида иш тутмоқда.

Ота-оналарни пул тўлашга мажбурлаш турли хил усулларда бўлиши мумкин. Дейлик, пул тўланмаган тақдирда, ўқитувчи томонидан ўқувчи синфдошларининг олдида камситилиши, танбеҳ берилиши, масалан, "синфда ҳамма тўлади-ю, битта сен тўламадинг" каби. Ёки бўлмаса, янги ўқувчини мактабга қабул қилиш учун ота-онадан мактаб фондига пул тўлашини шарт қилиб қўяди. Умуман олганда, ота-она мактаб маъмурияти сўраган маблағни ёки бошқа кўринишдаги ёрдамни бермагани учун фарзандига қарши қилинган ҳар қандай босим ноқонуний ҳисобланади.

Паст Дарғом туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумий ўрта таълим мактабларида ҳам ўқувчилардан таъмирлаш ва у ёки бу масалаларда пул йиғиш борасидаги иллатларга бар­ҳам берилиб, натижада, туман халқ таълими бўлими мутасаддиларининг назорати остида йиғилган маблағлар ўқувчиларга қайтариб берилганлиги ҳақидаги хабарни эшитдик.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги "Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги  қарорида мутасадди раҳбарлар ўқитувчиларни турли кўринишдаги мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик, аксинча, улар бутун диққат-эътиборини ўқувчиларга таълим-тарбия бериш учун сафарбар этишлари шарт эканлиги ҳам белгилаб қўйилган.

Шу кунга қадар 63-умумий ўрта таълим мактаби маъмуриятининг фикр-у хаёли фақат пул йиғиш билан банд бўлган, шекилли, таълим масканининг кўнгилларни ёритгувчи зиёхона, нурхона, дея аталмиш кутубхонасини "омборхона"га айлантириб қўйишган. Турли хил чиқиндиларни ва кераксиз қоғозларни қўйишга жой топа олмаганми дейман, илм-маърифат марказига "жойлаб" қўйишибди. 

Юқоридаги ҳолатлардан Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ҳамда вилоят Халқ таълими бошқармаси раҳбариятининг хабари йўқми ёки кўриб туриб, "кўзини юммоқдами?"

Фикримизча, вазиятни мутасадди раҳбарлар тўғри баҳолаб, бу каби муаммоларга ечим топса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шундагина баъзи раҳбарларнинг босими билан мурғак қалб эгаларидан хоҳлаб-хоҳламай "қарз"ларни йиғиштираётган виждонли ўқитувчилар ҳам ўзларини қийнаб келаётган ушбу маш-машадан қутилиб, илдиз отаётган бу каби иллатлар ҳам барҳам топган бўлар эди.  

 

Ваҳобжон АВАЗОВ,
Шерзод ҚУРБОНОВ,
“Jamiyat va Qonun” газетаси мухбирлари.

Мавзуга оид