Жамият | 23:44 / 19.06.2018
16865
5 дақиқада ўқилади

Икки ойдан бери электрсиз яшаётган оилага кўмак зарур

Агар ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг сентябрь ойида Андижон шаҳри 8 – умумий таълим мактабида фаррош бўлиб ишлаётган рафиқаси ўрнига пахта теримига бориб, далада вафот этган Музаффар Халилов ҳақида хабар берган эдик

Куни кеча Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушди. Арзнома эгаси билан алоқага чиққанимизда шуниси маълум бўлдики,  мурожаат ўша машъум воқеа юз берган Андижон шаҳар, Улуғбек кўчаси,  5 уйдаги хонадон билан боғлиқ экан.

Ўтган пахта терими мавсумида турмуш ўртоғидан айрилиб, айни пайтда қийинчиликка учраган Насибахон Умрзақова келини ва набираси билан бирга истиқомат қилади. Ўғли эса Россияга иш излаб кетган.

Нима қилса ҳам уйнинг бошида отаси бўлсин экан. Мактабда фаррош бўлиб ишлаётган Насибахон опанинг маоши 340 минг сўм. Ўғли ишлаш учун феврал ойида четга кетган бўлса ҳам, ҳали иш топмабди. Уч кишига 340 минг сўм нима ҳам бўларди?

Қиш ойларида табиий газ йўқлиги сабаб, уйларни иситгани кўмир ва токдан фойдаланган оила электр энергиясидан  1 миллион 400 минг сўм атрофида  қарз бўлиб қолибди.

Бундан икки ой олдин қарздорлик аниқлангач, шаҳар МИБ ходимлари Насибахон опани  огоҳлантириб кетишади. Қарзни тўлагани маблағ топа олмаган опа чорасиз эди. Икки кун ўтиб унинг хонадони электр линиясида узиб қўйилади. Оила 2 ойдан бери электр токисиз ҳаёт кечирмоқда.  

 

“Хўжайиним оламдан ўтгач, анча қийналиб қолдик. Яхши ўзим ишлайдиган 8-мактаб ёрдам берди. Опаларим, жиянларим ҳам қараб туришгани йўқ. Лекин, бировни қўлига қараб яшаш барибир мушкул. Ҳамманинг ҳам ўз ғам-ташвиши бор. Ўғлим ишлагани кетган. Ҳали пул жўнатгани йўқ.

Икки ой олдин МИБдан текширувчилар келишиб: “Қарзингиз бор экан, тўлаб қўйинг!” дейишгач, аҳволимизни айтдим. Улар икки кун узмай туришди. Кейин, барибир узиб кетишибди. Мен уларни айбламайман. Чунки, қарзмиз. Тўлашимиз керак.

Қўшнимга раҳмат. Ўн кунча ҳамсоянинг уйидан сим орқали ток тортиб ўтирдик. Кейин у кишига ҳам гап тегмасин деб ўзим уздириб ташладим.

   Ҳозир эса кечалари қоронғида ўтирибмиз. Заряд оладиган фонарим бор. Шуни, ишхонада тўлдириб келаман. Шуни ёруғида тонг оттирамиз. Сизларга мени аҳволимни кўрган жияним мурожаат қилибди”,-дейди хонадон соҳибаси.

Хонадон соҳибасига: “Ҳокимликка ёрдам сўраб чиқмадингизми?” деб савол бердик. У: “Токни узишган куни чиқиб, “Тўққизариқ” маҳалла оқсоқоли Одилжон акага учраб шароитимни айтдим. Раис: “Бизга ҳам қулоқ солишмаяпти. Кўриб турибсизку?” деди. Мен: “Қўнғироқ қилиб, ёрдам сўраб беринг” деб зорланаверганимдан кейин МИБчилар билан номига телефонда гаплашиб қўйди. Қарасам ҳаракатларим бефойда. Мен шаҳар ҳокимлигига чиқиш нималиги билмайман”,- дея жавоб қайтарди.

Насиба опа жуда содда аёл экан. Баъзи инсонлардек, турли жойларга хатларни қалаштириб ёзишни, мутасаддиларнинг қабулхоналарига эшикни қаттиқ қоқиб киришни эплай олмайди. Унинг бор буди – орият ва соддалик холос...  

  Қарз  - нима қилса ҳам қарз. Уни тўлаш зарур. Бу масалада МИБ ходими ўз вазифасини бажарган. Маҳаллага ҳар замонда кирадиган бюро ходими оиладаги шароитдан тўла хабардор эмаслиги аниқ. Лекин, маҳалла фуқаролар йиғини, қўни-қўшниларнинг ёнма-ён яшаётган оиладаги ҳолат билан қизиқиб кўрмаганлиги ҳайратланарли ҳол. Ахир, ҳозирги замонда электрсиз яшаш деярли ақлга сиғмайдиган ҳолат-ку?! Уларнинг озиқ-овқати қай аҳволда эканлиги ҳам аниқ. Кўриб турганингиздек, қийналиб қолган оила дардига маҳалла фуқаролар йиғини қулоқ солмади. Жамоатчилик, қўни-қўшни эътиборига муҳтож, жамиятдан четда қолган оила қийинчилик билан ҳаёт кечирмоқда.  Ўтган йили турмуш ўртоғи пахтада оламдан ўтганида иш жойидан бошқа ҳеч қаердан ёрдам олмаган экан.   

Мақолани ўқиб турган сайтимиз мухлислардан таъмирталаб уйда, икки ойдан бери электр энергиясиз, молиявий ёрдамга муҳтож бўлиб яшаб  келаётган оилага муборак кунларда бироз кўмак беришларини сўрардик.

Илм кишилари айтадилар : “Сахийлик кўп эҳсон беришда эмас, балки уни ўз вақтида беришдадир”.

Умрзақова Насибахон аянинг пластик карточка рақами

Click/PayMe: 8600 0329 8368 5009

Umirzakova Nasibakhon 

Мавзуга оид