Ўзбекистон | 22:21 / 30.06.2018
9238
2 дақиқада ўқилади

“Buyuk Kelajak”​ экспертларидан бирига вазир маслаҳатчиси лавозими таклиф қилинди

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати

28-29 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистон 2035” халқаро форумида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев вазирликнинг қисқа муддатли стратегияси ҳақидаги маърузаси билан чиқиш қилди. 

"Муҳим вазифалар орасида мажбурий меҳнатга, айниқса, яқинда бўладиган пахта йиғим-терими ишларига жалб қилишга йўл қўймаслик, меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, меҳнат муҳофазасини кучайтириш, таҳлилий маълумотларга янги ёндашув ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциясини тасдиқлаш чора-тадбирлари кўрсатилган", дейилади вазирлик ахборотида. 
Форумда Ўзбекистон Республикасининг 2035 йилга қадар мўлжалланган ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишнинг техник вазифаларини тайёрлаш доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан KPMG аудиторлик компанияси ўртасида ҳамкорлик битими тузилишига эришилди.

Deloitte, Ernst&Young ва PwC қатори KPMG ҳам "катта тўртлик"нинг энг йирик аудиторлик компанияларидан бири ҳисобланади. Яқин кунларда вазирликда аудиторлик компанияси экспертларининг меҳнат соҳасидаги етакчи мутахассислар билан учрашуви кутилмоқда.

Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Buyuk Kelajak” Халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотининг бир ёки бир нечта экспертларини штатдан ташқари вазир маслаҳатчиси ўрнига жалб қилиш йўлларини кўриб чиқмоқда.

"Биз хориждаги юртдошларимиз билан ҳар қачон ҳамкорлик олиб боришга тайёрмиз. Улардаги бой ва ноёб тажрибани Ўзбекистондаги мавжуд меҳнат ва бандлик соҳаларини ислоҳ этиш ҳамда ривожлантириш йўлида қўллашни истардик. Шунингдек, биз халқаро уюшма ва ташкилотлар билан ҳам доимий ҳамкорлик юритишга тайёрмиз. Сўнгги икки ой ичида биз Халқаро меҳнат ташкилоти иштирокидаги тўртта тадбирда қатнашдик, бу эса жадал иш суръатларидан нишонадир", дея таъкидлади вазир Шерзод Кудбиев.

Мавзуга оид