Light | 03:52 / 02.07.2018
24083
4 дақиқада ўқилади

Ҳаётни ўзгартириш учун одатларингизни ўзгартиринг

Кичик нарсалардан бошланг, вақт ўтиши билан у ўз мевасини беради.

Америкалик ёзувчи ва тарихчи Уильям Дюрант шундай деган эди: “Биз ҳар куни амалга оширадиган ишларимиз натижасимиз. Бу ҳолатда моҳирлик – ҳаракат эмас, одат”. Бу нафақат моҳирлик, балки унинг акси учун ҳам тўғри. Қатъийлик – қатъий одатлар натижаси. Демак одатларни ўзгартириб, комиллик даражасига эришиш мумкин. Бироқ улар муваффақиятни кафолатламайди. Агар Илон Маскнинг одатларини кўр-кўрона кўчириб олсангиз, иккинчи Илон Маскка айланмайсиз. Хулқ-атворингизни тўлиқ ўзгартиришингиз керак бўлади.

Тадбиркор Дариус Форо (Darius Foroux) ўз блогида айнан сизга зарур бўлган одатлар устида ишлаш ва уларга амал қилиш ҳақида гапириб берди.

Фото: Pixabay

1. Сизга қандай одатлар керак эканлигини ҳал этинг

Бирор фойдали одат ҳақида эшитганимизда уни ҳаётимизда бўлишини истаймиз. Бироқ у ҳақиқатан кераклиги ҳақида ўйлаб кўринг. Сизга тонгги соат бешда уйғониш, югуриш ва хом сабзавотлар билан овқатланиш зарурми?

Балки эрта туриш сиз учун фойдали бўлар. Ёки эрталабдан ўзингизни жаҳлдор ва вайсақи ҳис этиб, кунни чиппакка чиқарарсиз? Шунинг учун бундай одат ҳаётингизни яхшилаши тўғрисида ўйлаб кўринг.

Бундан ташқари, ўзгаришлар учун арзирли сабаблар керак. Масалан, ҳафтасига биттадан китоб ўқишни истайсиз, бироқ бу сизга нима учун керак? Бу сизга нима беради? Қайси мақсадингизга эришишда ёрдам беради? Бу ҳақида ўйлаб кўринг ва сиз истаган натижага олиб борадиган одатларни танланг.

Фото: Pixabay

2. Одатлар устида навбатма-навбат ишланг

Баъзида ҳамма нарсани бирданига ўзгартириш истаги пайдо бўлади. Сиз кўпроқ ўқиш, самаралироқ ишлаш, тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланишга қарор қиласиз. Бу ҳолатда иштиёқни бироз камайтириш керак. Агар кўп одатларни дарҳол ўзгартиришга киришилса, ўзингизга қўшимча зўриқиш яратасиз.

Ўзимизни юқори баҳолаймиз. Кам вақт ичида кўп нарсага эриша оладигандек туюлади. Бундай эмас. Бироқ узоқ муддат давомида бемалол амалга оширса бўлади. Шундай экан, битта одатга диққатни қаратинг, уни мустаҳкамланг. Сўнг кейингисини ўзгартириш учун ҳаракат қилсангиз бўлади.

Фото: Pixabay

3. Баланд дорга осилманг

Тезда ўзгаришга ҳаракат қилманг. Кичигидан бошланг:

  • Югуриш билан шуғулланмоқчимисиз? Юришдан бошланг.

  • Китоб ёзмоқчимисиз? Битта гапдан бошланг.

  • Ўз бизнесингизга асос солмоқчимисиз? Ҳеч бўлмагандек битта мижоз топинг.

  • Ҳафтасига иккитадан китоб ўқимоқчимисиз? Кунига битта бетдан бошланг.

  • Пул йиғишни истайсизми? Фақат бир марта кийиладиган кўйлаклар сотиб олманг.

Фото: Pixabay

4. Чек-листлардан фойдаланинг

Баъзида янги одат устида ишлай бошлайсиз-у, тез орада у ҳақида унутасиз. Ҳаётда кутилмаган вазиятлар кўп. Бир-икки кунни ўтказиб юбориш аҳамиятсиздек кўринади. Бироқ бари оддий эмас. Агар доимийликка амал қилинмаса, одат ўз-ўзидан шаклланмайди. Ўзингизга нимага интилаётганингизни эслатиш ва яхши натижангизни кузатиш учун чек-листлардан фойдаланинг.

Сиз яхшироқ бўлиш учун одатларни шакллантираётганингизни унутманг. Ҳар куни уларни бажараётганингизни чек-листда белгилаб боринг. Кун келиб, бир жуфт оддий одатлар сабаб ҳаётингиз ўзгарганига ҳайрон қоласиз.

Мавзуга оид