Ўзбекистон | 16:44 / 14.07.2018
15835
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Москва давлат халқаро муносабатлар институти филиали очилиши мумкин

Фото: Dreamstime

12 июль куни Москва шаҳрига ташриф буюрган Ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳидов Россия ТИВ қошидаги Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университет) проректори Артём Малгин билан учрашди, дея хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида Тошкент шаҳрида МДХМИ филиалини очишга доир амалий масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, мазкур филиалда мутахассисларни тайёрлаш йўналишлари, халқаро муносабатлар, бизнес, кўргазмали фаолият ва туризм каби истиқболли соҳаларда юқори малакали кадрлар билан таъминлаш масалалари тўғрисида сўз борди.

Шу куннинг ўзида ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳидов  ва Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари учун ўтказилган «Халқаро журналистика, маданий дипломатия ва жамоатчилик билан алоқалар» йўналиши бўйича МДХМИнинг икки ҳафталик таълим дастури ёпилиш маросимида қатнашдилар. Курсларнинг сўнгги кунида Россия Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкой ва биринчи каналнинг “Хайрли тонг” дастури бошловчиси Дилбар Файзиева маъруза ўқидилар.

Якунда дастурнинг 28 иштирокчиси сўнгги аттестация сифатида ўз тақдимотларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар ва МДХМИ сертификатини олдилар.

Тошкентда МДХМИ филиали очилиши эҳтимоли ҳақида илк бор шу йилнинг март ойида маълум қилинганди.

Мавзуга оид