Жамият | 13:40 / 20.07.2018
42244
2 дақиқада ўқилади

Буғдой ўрими мавсумида фуқарони урган ИИБ бошлиғига нисбатан жиноят иши очилди

Фото: KUN.UZ

2018 йил 9 июль куни Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани, Зиёкор кўчасида яшовчи фуқаро Н.Турсунбоев Бош прокуратуранинг «Ишонч телефони»га мурожаат қилиб, Янгиобод туман ИИБ бошлиғи И.Сулаймонов ўғли С.Қурбонбоевни уриб тан жароҳати етказганлигини билдириб, И.Сулаймоновга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар бермоқда.

Янгиобод туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида сўралган фуқаро С.Қурбонбоев 2018 йил 7 июль куни соат 14:30 ларда Янгиобод тумани ИИБ бошлиғи И.Сулаймонов «Мустақилликнинг 22 йиллиги» сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги «Пасткичақир булоғи» фермер хўжалиги даласига келган вақтда комбайнлар ғалла ўрмасдан турганлигини важ қилиб, С.Қурбонбоевни мушти билан бурун қисмига урганлигини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгиобод туман прокуратураси томонидан туман ИИБ бошлиғи И.Сулаймоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши тергови Бош прокуратура назоратига олинган.

ЖКнинг 206 моддаси 1-қисми билан айбланаётган И.Сулаймоновнинг айби судда тасдиқланса, у энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Мавзуга оид