Спорт | 21:42 / 23.07.2018
36164
17 дақиқада ўқилади

«Бас, етар. Мен бунинг учун футбол ўйнамаяпман...» (Месут Ўзилнинг баёноти)

Бугун, 23 июль куни Германия терма жамоаси яримҳимоячиси Месут Ўзил ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида (InstagramTwitter) сўнгги вақтларда ўзининг насл-насаби билан боғлиқ ҳолда рўй бераётган можароларнинг батафсил тафсилотларини эълон қилди. «Арсенал» аъзоси ўз баёнотида Германия термасидаги фаолиятини якунлагани ҳақида ҳам гапириб ўтган. Қуйида 3 қисм ва 4 саҳифадан иборат баёнот матни тўлиқ ҳолда ҳавола этилади.

1/3. Президент Эрдўған билан учрашув

Фото: Reuters

Ўтган бир неча ҳафта давомида охирги ойларда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ўйлаб олишим учун имкон пайдо бўлди. 

Кўплаб инсонлар сингари менинг ҳам келиб чиқишим бир мамлакат билан чегараланиб қолмаган. Ўзим Германияда вояга етган бўлсам-да, оиламнинг туб илдизлари айнан Туркияга бориб тақалади. Менда икки юрак бор – бири немис, иккинчиси турк юраги. Болалигимдан онам ватаним қаер эканини унутмасликка ва уни ҳурмат қилишга ўргатган. Мен буни ҳозиргача қадрият сифатида сақлаб қолганман.

Май ойида Лондонда, хайрия ва таълим мақсадларида ташкил этилган тадбирда президент Эрдўған билан учрашгандим. Биз илк бор 2010 йили Берлинда, у ва Ангела Меркель бирга Германия – Туркия ўйинини томоша қилишганидан сўнг кўришган эдик. Шундан буён дунёнинг турли бурчакларида кўп маротаба йўлларимиз кесишди.

Фото: Presidential Press Service/Pool via AP

Хабарим бор, у билан бирга тушган суратимиз немис ОАВда катта резонанс келтириб чиқарди. Баъзилар мени ёлғончилик айблашлари мумкин, бироқ суратдан ҳеч қандай сиёсий мақсад кўзланган эмас.

Юқорида айтганимдек, онам асл келиб чиқишимиз, ватанимиз ва оилавий анъаналаримизни унутишимга йўл қўймасди. Менинг президент Эрдоған билан суратга тушишимнинг сиёсат ёки сайловларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу мен учун оилавий ватанимиз бўлган мамлакатнинг энг олий идорасига нисбатан ҳурматни билдиради. Мен – футболчиман, сиёсатчи эмас. Шундай экан, бизнинг учрашувимиз ҳам ҳеч қандай сиёсий маънога эга эмас. Аслини олганда биз ҳар сафаргидай фақат бир нарса – футбол ҳақида гаплашдик, чунки у ҳам ёшлигида футболчи бўлган.

Германия матбуоти бошқачароқ мазмунда ёритган бўлса-да, ҳақиқат шуки, президент билан учрашмаслик аждодларим олдида ҳурматсизлик бўлган бўлар эди. Биламан, бу аждодларим бугун мен эришган марралардан фахрланган бўлишарди. Президентнинг кимлиги менга аҳамиятсиз, мен учун муҳими – бу инсоннинг президент эканлиги эди. Мен бирон бир мамлакат раҳбарига ҳурмат билан қарашим табиий ҳол. Ишонаманки, Эрдўғанни Лондонда қабул қилган Англия қироличаси ҳамда мамлакат бош вазири Тереза Мэй ҳам менинг фикримга қўшилишади. Бу Туркия президенти бўладими ёки Германия президентими – менинг хатти-ҳаракатларим ўзгармасдан қолган бўларди.

Буни тушуниш қийин бўлиши мумкинлигини сезиб турибман, чунки кўплаб маданиятларда сиёсий етакчини унинг шахсидан айро ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ бу вазиятда ҳаммаси бошқача. Бу сафарги ёки ундан олдинги сайловларда қандай натижа бўлишидан қатъи назар, мен барибир шундай суратга тушган бўлардим.

2/3. Матбуот ва ҳомийлар

Мен жаҳондаги энг мураккаб уч лигада тўп сурган футболчиман. Бундеслига, Ла Лига ва Премьер-лигада ўйнаётган вақтим жамоадошларим ва мураббийлар штабидан доим кўмак олиб турганимни омадим деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, фаолиятим давомида матбуот билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини ҳам ўргандим.

Кўплаб одамлар менинг ўйинларим ҳақида гапиришади: гоҳ олқишлашади, гоҳ танқид қилишади. Агар бирор газета ёки мутахассис менинг ўйинимда хатолик топса, буни оддий қабул қиламан – ахир мен мукаммал футболчи эмасман. Бу мени ўз устимда янада кўпроқ ишлашга руҳлантиради. Бироқ агар немис матбуоти ЖЧдаги муваффақиятсизлик учун икки маданият вакили эканим ва оддийгина бир расмни важ қилиб, бутун жамоа номидан фақат мени айбдор қилиб кўрсатса, йўқ, буни қабул қила олмайман.

Баъзи немис газеталари менинг келиб чиқишим ва президент Эрдўған билан бирга тушган суратимдан ўзларининг ўнг сиёсий мақсадларини ташвиқот қилишда фойдаланишмоқда. Нега Россиядаги мағлубият учун менинг суратим ва сарлавҳалардаги номимни айбдор қилишди? Улар ўйинимни танқид қилишмади, жамоанинг ўйинини ҳам танқид қилишгани йўқ. Улар фақат ва фақат келиб чиқишимга кўра турк эканлигим ва тарбиямга нисбатан ҳурматимни танқид қилишди. Бу энди чегарадан чиқиш бўлди, газеталар Германия халқини менга қарши қилиб қўймоқчи бўлишди.

ОАВнинг икки хил принципни қўллаётгани ҳам ҳафсаламни пир қилди. Лотар Маттеус (Германия терма жамоасининг фахрий сардори) бир неча кун олдин жаҳоннинг бошқа бир етакчиси билан учрашди ва матбуот уни айтарли танқид қилгани йўқ. Унинг Германия терма жамоасидаги аҳамиятига қарамай, ОАВ ундан жамоатчилик олдида ўз ҳаракатларига изоҳ беришни талаб қилмади ва у ҳали ҳам ҳеч қандай эътирозсиз Германия термасининг расмий вакили бўлиб келмоқда. Агар матбуот мени ЖЧдаги таркибдан кетиши керак, деб ҳисоблаган бўлса, у ҳолда Маттеус ҳам фахрий сардорлик унвонидан маҳрум қилиниши керак экан-да? Келиб чиқишимга кўра турк бўлганим учунгина шунчалик танқид нишонига айландимми?

Шерикчилик деганда мен доим яхши дамларда ҳам, оғир вазиятларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлашни тушуниб келганман. Яқинда Гельзенкирхенга, ўзим ўқиган Бергер-Фельд мактабига хайрия ишларидаги икки ҳамкорим билан боришни режалаштиргандим. Иммигрантларнинг фарзандлари, камбағал оилалардан бўлган болалар ва бошқа болалар биргаликда футбол ўйнаб, ҳаётдаги ижтимоий қоидаларни ўрганадиган бу мактаб лойиҳасини бир йилдан буён молиялаштириб келаётган эдим. Мактабга боришимиздан бир неча кун олдин, «ҳамкор» деб аталадиган танишларимдан бири ортиқ бу ишда мен билан бирга ишлашни истамаслигини айтиб, лойиҳани тарк этди. Устига устак, мактаб маъмурияти бундан буёғига менинг у ерда бўлишимни истамаслигини маълум қилди. Айтишларича, улар президент Эрдўған билан суратга тушганим, қолаверса, Гельзенкирхенда ўнг қанот партиясининг таъсири ўсиб бораётгани сабаб «ОАВ танқидидан қўрқишган»и учун шундай қарорга келишган. Рўй-рост айтаман, бу мен учун оғриқли зарба бўлди. Ёшлигимда уларнинг ўқувчиси бўлган бўлсам-да, мени истамасликларига эришишди, уларнинг вақт сарфлашларига арзимас бўлишимга мажбурлашди.

Бу ҳам етмагандек, яна бир шеригим мендан воз кечди. Германия футбол ассоциациясининг ҳомийлари Жаҳон чемпионати учун реклама ролигида суратга тушишимни сўрашганди. Лекин президент Эрдўған билан тушган суратим туфайли, реклама кампаниясидан мени чиқариб ташлашди, режалаштирилган барча тадбирларни бекор қилишди. Мен билан экранга чиқиш улар учун фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирадиган бўлиб қолганди ва улар буни «инқироз вазиятларидаги менежмент» деб аташди. Бу киноя бўлиб эшитилади, чунки Германия вазирлиги уларнинг маҳсулотларида фойдаланувчиларга хавф туғдириши мумкин бўлган ноқонуний ва рўйхатдан ўтмаган дастурий ишланмалар борлигини эълон қилганди. Юз минглаб маҳсулотлари ортга қайтариб олиняпти. ГФА менинг ҳаракатларимни танқид қилиб, ўзимни оқлашимни талаб қилаётган бир пайтда ўз ҳомийсидан жамоатчиликка расмий тушунтириш беришни сўрамаяпти. Нега? Наҳотки фойдаланувчиларга хавф туғдириши мумкин бўлган дастурий ишланмалар оиламнинг тарихий юрти бўлган мамлакат президенти билан олинган биргина суратдан ҳам ёмонроқ бўлса? Бунга ГФА қандай изоҳ беради?

Юқорида таъкидлаганимдек, «ҳамкорлар» барча вазиятларда сиз билан бирга бўлиши керак. Бу вақт ичида Adidas, Beats ва BigShoe каби компаниялар жуда садоқатли ва ажойиб ҳамкорлар бўлишди. Улар немис газеталари ва умуман ОАВ ўйлаб топган бемаъниликдан юқорироқ тура олишди. Биз биргаликдаги лойиҳаларимизни профессионал тарзда амалга оширяпмиз ва мен бу лойиҳаларнинг бир қисми эканимдан жуда хурсандман. Жаҳон чемпионати вақтида мен BigShoe билан ишлаб, Россияда 23 нафар ёш боланинг ҳаётини ўзгартирадиган жарроҳлик амалиётларини ўтказишга кўмаклашдим. Аввал Бразилия ва Африкада ҳам шундай хайрия тадбирини ўтказгандим. Булар мен учун футболчи сифатида амалга ошираётган энг яхши ишларимдир, лекин газеталар бундай нарсаларни ёритиш учун ўз саҳифасидан жой топа олмайди. Улар учун менга нисбатан ҳуштакбозлик қилишгани ёки президент билан суратга тушганим, дунё бўйлаб болаларнинг операция қилинишига ёрдам бераётганимдан кўра муҳимроқ. Бундай болалар ҳақида оммага ахборот бериш ва уларга молиявий кўмак кўрсатиш имконияти уларда ҳам бор, лекин газеталар бундай қилмасликни танлашади.

3/3. Германия футбол ассоциацияси

ГФА, хусусан унинг президенти Райнҳард Гриндел томонидан менга нисбатан бўлаётган нотўғри муносабат охирги ойлар ичида мени энг қаттиқ хафа қилган ҳолат бўлди. Президент Эрдўған билан суратга тушганимдан сўнг Йоахим Лёв мендан таътилимни қисқартириб, Берлинга келишимни ва барча гап-сўзларни тўхтатиш учун қўшма баёнот билан чиқишимни сўради. Гринделга асл келиб чиқишим ҳақида гапириб, суратни тушунтирмоқчи бўлганимда, у фақат ўз сиёсий қарашлари ҳақида ўйлаб, менинг фикримни сариқ чақага олгани йўқ. Бу масалада ўзини юқори деб ҳисоблайвергач, биз энг яхшиси – футболга, олдиндаги Жаҳон чемпионатига диққат қаратиш, деган тўхтамга келдик. Шунинг учун ҳам ГФАнинг ЖЧга тайёргарлик вақтидаги матбуот анжуманларида қатнашмагандим. Чунки билардимки, футболни эмас, сиёсатни муҳокама қиладиган журналистлар мени кўришлари ҳамоноқ ташланиб қолишарди. Саудия Арабистонига қарши Леверкузендаги ўйиндан олдин Оливер Бирҳофф телевидениедаги интервьюсида бу масалани тўла ёпганидан кейин ҳам бу ҳол давом этди.

Ўтган вақт давомида мен, шунингдек, Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан ҳам учрашдим. Гринделдан фарқли равишда, президент Штайнмайер профессионал эди. У оилам, келиб чиқишим ва қарорларим тўғрисида айтганларимни диққат билан эшитди. Учрашув фақат мен, Илкай ва президент Штайнмайер ўртамизда бўлиб ўтганди. Гриндел бу учрашувга чақирилмай, ўз сиёсий фикрларини ўтказа олмаганидан хафа бўлгани ҳам эсимда. Бу масалада олға силжишга ва диққатни футболга қаратишга доир қўшма баёнот билан чиқишимизни айтган Президент Штайнмайернинг фикрига қўшилдим. Бироқ Гриндел биринчи баёнот унинг идорасидан янграмаслигини билиб ҳафсаласи пир бўлди. Штайнмайернинг матбуот хизмати бу масалани ўз зиммасига олгани унга ёқмаганди.

ЖЧ тугаганидан буён Гриндел мусобақа бошланмасидан олдин қабул қилган қарорлари юзасидан босимга дуч келмоқда. Бу – ҳақли ва ўринли танқидлар. Яқинда у бир чиқишида мен яна бир марта ўз ҳаракатларим юзасидан тушунтириш беришим кераклигини айтиб, терманинг Россиядаги ёмон натижалари учун мени айбдор қилди. Ваҳоланки Берлинда у менга бу машмаша тугаганини айтганди. Ҳозир бу гапларни Гринделга қарата айтаётганим йўқ, шуларни айтишни истаганим учун гапиряпман. Мен ортиқ унинг уқувсизлигидан, ўз ишини эплай олмаслигидан жабр тортишни истамайман.

Биламан, ўша сурат пайдо бўлгандан буён у терма жамоадан кетишимни истаб қолган, бу ҳақдаги фикрини ўйлаб ўтирмай, ҳеч ким билан маслаҳатлашмай Twitter`да эълон қилганди. Йоахим Лёв ва Оливер Бирҳофф менинг тарафимни олиб, термага қайтаришганди.

Ғалаба қозонганимизда Гриндел ва унинг тарафдорлари кўзига немис бўлиб кўринаман, ютқазганимизда эса уларнинг наздида иммигрантга айланаман. Германияда солиқларни тўлаётганимга, немис мактабларидаги шароитларни яхшилашга уринаётганимга ва 2014 йилда Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанимга қарамай, барибир немис жамиятида қабул қилинмаётганим бунинг сабаби бўлса керак. Бу ерда менга ҳамон «бошқача» қарашади. Германия жамиятига муваффақиятли мослашиб кетганим учун 2010 йили «Бэмби» мукофоти билан тақдирлашган эди. 2014 йили Германия Федерал Республикасининг «Кумуш дафна япроғи» совринини олгандим. 2015 йилда эса «Немис футболининг элчиси» бўлгандим. Лекин шунда ҳам мен германиялик эмасманми? Германия жамиятининг тўлақонли аъзоси бўлиш учун мен мос келмайдиган бирон мезон қолдими ўзи? Дўстларим Лукас Подольски ва Мирослав Клозени ҳеч қачон польшалик немис сифатида кўришмайди, унда нега фақат менга туркиялик немис деб қарашади? Балки гап Туркиядадир? Балки мусулмон бўлганим бунга сабабмикан? Менимча, бу ерда муҳим масала бор. Немис-турк сифатида қарашлари билан бир неча юрт илдизларига эга оиладан чиққан инсонларни айириб қўйишмоқда. Мен Германияда туғилиб ўсдим, шу юртда таълим олдим, шундай экан нега одамлар мени немис сифатида қабул қила олишмайди?

Гриндел каби фикрлайдиганлар ҳамма ерда топилади. Бернд Ҳолжауэр (германиялик сиёсатчи) президент Эрдўған билан тушган суратим ва келиб чиқишимга кўра турк бўлганим учун мени қўпол сўзлар билан ҳақорат қилди. Вернер Стир (немис театрнинг раҳбари) эса Туркияда кўплаб иммигрантлар яшайдиган Анадўлига «даф бўлишим»ни айтди. Юқорида айтиб ўтганимдек, менинг оилавий келиб чиқишим сабаб танқид ва ҳақорат қилишлари чегарадан чиқиб кетмоқда. Дискриминацияни сиёсий ташвиқот йўлида қурол қилиб олган нобоп кимсалар эса бу қилмишлари учун дарҳол истеъфога чиқарилишлари керак. Бу каби шахслар менинг президент Эрдўған билан тушган суратимдан ўзларидаги олдин яшириб келган ирқчилик кайфиятини ифодалаш имконияти сифатида фойдаланишмоқда, бу эса жамият учун хавф туғдиради. Бундайлар Швеция билан баҳсдан кейин менга ҳақоратлар ёғдирган фанатдан фарқ қилмайди. Мен бу ерда ўзим ва оилам манзилига йўлланган ғазабга тўла мактублар, таҳдидли қўнғироқлар ва ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар ҳақида батафсил айтиб ўтирмоқчи эмасман. Уларнинг барчаси ўтмишда қолиб кетган, янги маданиятларга тоқат қила олмайдиган ва мен фахрланмайдиган Германияни ўзида акс эттиради. Очиқ жамият қуришни ёқлайдиган немислар менинг фикримга қўшилишларига ишончим комил.

Райнҳард Гриндел
Фото: AFP/SID/PATRIK STOLLARZ

Сиздан эса, Райнҳард Гриндел, ҳафсалам пир бўлди, лекин ҳаракатларингиздан ҳайрон бўлганим йўқ. 2004 йили сиз Германия парламенти аъзоси бўлган вақтингизда, икки миллат вакили бўлиш ва порахўрлик учун белгиланадиган жазолар тўғрисидаги қонун лойиҳаларига қарши овоз бериб, «Кўп маданиятлилик аслида афсона, бир умрлик ёлғон», дея таъкидлагандингиз. Ўшанда ислом маданияти Германиянинг кўплаб шаҳарларида жуда чуқур илдиз отганини танқид ҳам қилгандингиз. Сизнинг бу қилмишларингизни кечириб ҳам, унутиб ҳам бўлмайди.

ГФА ва бошқа кўплаб шахслар томонидан менга бўлаётган муносабат сабаб мен ортиқ Германия миллий терма жамоаси либосини кийгим келмай қолди. Мен терма жамоада ўзимни кераксиздек ҳис қиляпман. 2009 йилдаги дебютимдан бери эришганларим унутиб юборилгандек туюлмоқда. Ирқий дискриминацион дунёқарашга эга шахсларга, икки юртга тааллуқли оилалардан чиққан футболчиларга эга дунёдаги энг катта футбол федерациясида ишлашга рухсат берилмаслиги керак. Бундай одамлар ўз қўл остидаги футболчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга шунчаки ожиздирлар.

Оғриқ юрак билан сўнгги воқеа-ҳодисалар ҳақида узоқ ўйлагач, шундай қарорга келдим: бу ирқчилик ва ҳурматсизлик туйғусини сезиб турар эканман, Германия терма жамоаси учун халқаро майдонда ортиқ тўп сурмайман. Германия термаси либосини кийиш менга фахр ва иштиёқ бахш этарди, лекин энди ундай эмас. Бу қарорни қабул қилишим ниҳоятда оғир бўлди, чунки мен ҳар доим жамоадошларим, мураббийлар штаби ва Германиядаги яхши инсонлар учун боримни бериб ўйнагандим. Бироқ ГФАнинг олий мақомли расмийлари менга бундай муомалада бўлишлари, насл-насабим турк эканига ҳурматсизлик билан қарашлари ва мени худбинларча сиёсий ташвиқот воситасига айлантириб олишганлари... Бас, етар. Мен бунинг учун футбол ўйнамайман. Энди бунга жим қараб тура олмайман. Ирқчилик ҳеч қачон ва асло қабул қилинмаслиги керак.

Месут Ўзил

Мавзуга оид