Қозоғистон нега атом энергетикасида биринчиликни Ўзбекистонга бой берди?
Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Россиянинг «Росатом» корпорацияси билан атом электр станциясини қуриши ҳақидаги хабар Қозоғистонда бироз рашк билан қабул қилинди. Чунки йигирма йилдан буён гоҳ россияликлар, гоҳ француз ва японлар билан АЭС қурилиши бўйича айнан Қозоғистон музокаралар олиб бораётганди, деб ёзади Жанар Тулиндинова.
Қозоғистон нега атом энергетикаси соҳасидаги етакчиликни қўшнисига топшириб қўйди?
Қозоғистонда АЭС қуриш режаси ҳукумат томонидан 1998 йилда эълон қилинганди. Ўшандан буён АЭС қурилиши мўлжалланган учта жой тахмин қилинди:
- Қозоғистон жануби, Балхаш кўли. Қозоғистонлик амалдорлар Балхашда АЭС қурилиши республика жанубидаги энергия тақчиллиги муаммосини ҳал қилишини бир неча бор таъкидлашган.
- Қозоғистон ғарби, Ақтау шаҳри. Бу ерда 1973 йилдан 1999 йилгача маҳаллий энергетика комбинатида атом реактори фаолият кўрсатган. Бу ерда АЭС қурилиши мамлакат ғарбидаги энергия тақчиллиги муаммосини ҳал қилиши мумкин эди.
- Курчатов шаҳри, Шарқий Қозоғистон вилояти. Бу ерда Семипалатинск ядро полигонининг собиқ марказида атом кластери бўлган.
Агарда Қозоғистон шимолида электр энергияси ортиғи билан ишлаб чиқарилиб Россияга экспорт қилинса, Қозоғистон ғарбида энергия қуввати генерацияси етарлича бўлмагани учун Россиядан импорт қилинади. Экспертларнинг фикрича, Балхаш кўли ёки Ақтауда АЭС қурилиши республика энергия мустақиллиги муаммосини ҳал этиши мумкин.
Бу ҳақда Қозоғистон энергетика ассоциацияси раиси Шаймерден Уразалинов ҳам таъкидлаб ўтди: «Майдон танлаш масаласида эса, АЭС Ғарбий Қозоғистонда қурилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бугунги кунда мазкур ҳудуд электр энергиясини Россиядан импорт қилади, у республиканинг ягона электр энергия тизими билан боғланмаган. Ақтауда АЭС қурилиши ғарбий ҳудудда электр энергияси тақчиллигига барҳам беришдан ташқари мамлакатнинг ягона энергия тизимини яратиш имконини берган бўларди».
Гаплар бор – ҳаракат йўқ
Яқинда Қозоғистон энергетика вазири Канат Бозумбаев Қозоғистонда атом станция қурилиши истиқболлари ҳақидаги саволга жавоб бераркан, «АЭС қурилиши бўйича қарор ҳозирча қабул қилинмаганини» айтди.
Вазирнинг изоҳлари бир-бирига зид. Бир томондан Бозумбаев Қозоғистонда тинчлик йўлидаги атомни ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжудлиги ва ундан фойдаланиш кераклигини тан олади.
«Биз уран бозорида етакчи мамлакатмиз, жаҳон бозоридаги ҳиссамиз 40 фоиз. Биз хомашё сотмаслик, нархларга боғланиб қолмаслик учун интеграциялашган компания тузишимиз, маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланишимиз даркор. Мен атом станциялари учун ёнилғи тўпламларини назарда тутяпман. Агар бошқа мамлакатларни бу маҳсулот билан таъминлай олар эканмиз, нима учун ундан ўзимиз фойдаланмаслигимиз керак?», деди у.
Бошқа томондан эса вазир Қозоғистонда энергия ишлаб чиқарувчи янги қувватларга кучли эҳтиёж йўқлигини айтади:
«Биласизми, бизда электр энергияси профицити ҳатто қишда ҳам 20-25%ни ташкил этади. 2025-2026 йилларга келиб кичик дефицит пайдо бўлиши ва ўшанда янги қувват керак бўлиши мумкин. АЭС ҳам ўша даврда керак бўлади».
Узоқ вақт ҳамкор танлаш
Қозоғистон АЭС қуриш борасида йигирма йиллик бош қотириш жараёнида худди инжиқ келинлардек бир неча бор ҳамкор танлаган:
Россиянинг «Росатом»и. Россияликлар Ақтау ва Курчатовда АЭСлар қуришга тайёр эди.
Япония. ОАВ хабарига кўра, 2014-2015 йилларда Япониянинг Toshiba компанияси билан музокаралар олиб борган.
2014 йилда Франциянинг Areva компанияси Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича тендерда иштирок этиш ниятини билдирди. Қайд этиш жоизки, 2008 йилда Areva шартнома асосида Қозоғистонга реакторлар учун ядровий тўпламлар ишлаб чиқариш технологиясини тақдим қилганди.
Ғарб қаршими?
Айрим экспертлар эса Қозоғистоннинг қатъиятсизлиги ва узоқ вақт ҳамкор танлаши сиёсат билан боғлиқ деган фикрда. Хусусан, «Вестник Кавказа»га берган интервьюсида Москвадаги анъанавий маданиятлар марказининг илмий ва таълим лойиҳалари бўйича директори Александр Собянин шундай фикр билдирди. Экспертнинг фикрича, Қозоғистон атом энергетикасига Россияни яқинлаштирмаслик учун Ғарб Остонага босим ўтказмоқда.
«Ғарбий Қозоғистонда АЭС қуриш лойиҳаси барча келишувлардан ва оммавий эшитувлардан ҳам ўтганди. Сўнгра Ғарб қўшилди. Нурсултон Назарбоевга сиёсий босим қилинди, Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича Франциянинг Areva компаниясидан таклиф келиб тушди. Уларнинг ягона вазифаси «Росатом»ни станция қурилишига яқинлаштирмаслик эди», - дейди эксперт.
Хўжалик юритувчи Мирзиёев
Россия ҳарбий фанлар академияси профессори, сиёсий фанлар доктори Вадим Козюлин шундай дейди: «Ўзбекистонда совет давридан буён уран қазиб олинади. Бугунги кунда, дунёда энергия ресурслари долзарб муаммога айланган вақтда Ўзбекистон учун бу масалага хўжалик нуқтаи назаридан қараш пайти келди. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев барча соҳаларда хўжалик юритиш ёндашувини намоён этмоқда. Тахмин қилиш мумкинки, бу мавзу «Росатом»да ишлаб чиқилган ва президент Мирзиёевга тақдим этилган».
Козюлин бу борада Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан минтақавий рақобат омилини кўради, аммо бунга жуда катта эътибор билан қарамаслик керак деб ҳисоблайди.
«Ўзбекистонда бугунги кунда атом билан боғлиқ бўлмаган, президент Мирзиёев сиёсат билан боғламаган ҳолда ривожлантираётган кўплаб лойиҳаларни кўриш мумкин. Тинчлик мақсадидаги атом Тошкентга янги соҳани шакллантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, тиббиёт, асбобсозлик билан боғлиқ параллел ишлаб чиқаришларни ташкил этиш имконини беради», - дейди эксперт.
Нуклеарофобия амалда
АЭС қурилиши йўлидаги тўсиқлардан яна бири Қозоғистон жамиятидаги нуклеарофобия кайфиятидир.
Ҳаттоки ушбу соҳа вакиллари ҳам ана шундай кайфиятда. Евросиё миллий университетининг ядро физикаси, янги материал ва технологиялар кафедраси профессори Кайрат Кутербеков юқори экологик хавф боис Қозоғистонда АЭС қурилиши мақсадга мувофиқ эмаслигини, бунинг ўрнига ядровий тиббиёт ва атом технологияси қўлланилувчи бошқа соҳаларни ривожлантириш лозим деган фикрни билдирди.
Мақолада Атирау вилоятида интеграциялашган нефть-кимё мажмуасини қуриш учун Қозоғистон узоқ вақт инвестор излагани билан боғлиқ ҳолат ёдга олинган. Айтилишича, бу корхона МДҲ ҳудудида полимер ишлаб чиқариш бўйича етакчи корхона бўлиши ва Марказий Осиё бозорини ўз маҳсулотлари билан тўлдириши режалаштирилган. 2000 йилларда мазкур лойиҳага оид кўплаб меморандумлар имзоланган, турли дастурлар ишлаб чиқилган.
Аммо МДҲдаги энг йирик газ-кимё мажмуаси – Устюрт ГКМ охир-оқибат 2016 йилда Ўзбекистон томонидан қурилган. 2012 йилда жаҳоннинг етакчи «Томсон Рейтер» агентлиги томонидан жаҳон нефть-кимё саноатидаги энг яхши лойиҳа деб топилган мазкур лойиҳа атиги тўрт йилда амалга оширилди ва илгари Қозоғистон даъвогарлик қилган Марказий Осиё бозорини ўз маҳсулотлари билан таъминлай бошлади.
Мавзуга оид
22:27 / 25.12.2024
Мустақил Қозоғистон тарихидаги энг йирик авиаҳалокатлар санаб ўтилди
21:32 / 25.12.2024
Azerbaijan Airlines самолётининг Қозоғистондаги ҳалокатида 38 киши вафот этди
23:10 / 23.12.2024
Россия Қозоғистонда 7 млн долларлик фирибгарлик ишида айбланаётган Ўзбекистон фуқаросини экстрадиция қилди
17:57 / 23.12.2024