Спорт | 12:30 / 28.07.2018
7333
2 дақиқада ўқилади

Жасур Матчанов: «Осиё ўйинларида давлатларни ажратиш йўқ, шароит ҳаммага бир хил»

Фото: МОҚ ахборот хизмати

18 август куни Индонезияда бошланадиган Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси учун муносиб машғулот заллари олдиндан тахт қилиб қўйилган, спортчиларимиз бошқа давлатлар вакилларидан қолишмаган шароитларда яшашади ва ўйинларга тайёргарлик кўришади. Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов шундай баёнот берди.

Kun.uz мухбирининг хабарига кўра, Осиё ўйинлари олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Матчановдан Рио Олимпиадасида кузатилган баъзи нохуш ҳолатлар Жакартада такрорланмаслиги юзасидан савол берилган. Маълум қилинишича, 2016 йилги Олимпиадада энг яхши шароитларга эга машғулот майдонлари олдинроқ улгуриб қолган бошқа терма жамоалар вакиллари томонидан банд қилиб қўйилгани боис, ўзбекистонлик спортчиларнинг айримлари ўртамиёна шароитлардан фойдаланишга мажбур бўлишган.

«Халқаро доирада шундай талаб борки, унга кўра терма жамоалар олдиндан ўз машғулот зали ва вақтини келишиб қўйишлари керак. Тайёргарлик ўтказиладиган майдонлар эрталабдан кечгача фақат бир терма жамоа томонидан банд қилиниши мумкин эмас. Бинода фақат муайян белгиланган соатлардагина машғулот олиб борилади. Айтайлик, бокс зали соат учдан бешгача ўзбек боксчилари учун банд қилинган бўлса, шу вақтда залга ўзбекистонликлардан бошқа ҳеч ким киритилмайди. Худди шундай тартиб бошқа спорт турларидаги машғулот жараёнлари учун ҳам жорий қилинган.

Бу жараёнлар учун олдиндан заявка берилади. Шундай қилинган ҳам. Олимпия шаҳарчаси жадвалида барчаси белгилаб қўйилган. Ўзбекистондан борган ишчи гуруҳ алоҳида федерацияларнинг талабларига асосан жой банд қилган.

Барчаси ташкилий қўмита билан келишилган. Давлатларни ажратиш деган нарса йўқ. Ҳаммага бир хил ёндашилади», - деди Матчанов.

Мавзуга оид