Жамият | 10:49 / 31.07.2018
20421
10 дақиқада ўқилади

Раҳбарнинг хато қилишга ҳаққи йўқ: Олийгоҳга ўзи дарс бермайдиган ректор керакми?

Фото: Fotolia

Раҳбар ким? У қандай ахлоқий, иродавий, интеллектуал сифатларга эга бўлмоғи даркор? Аслида ҳақиқий раҳбар ўз сиймосини адолатпарварлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик воситасида намоён қилади. Мамлакатимиз президенти Ш.Мирзиёвнинг таъбири билан айтганда: «Бугунги раҳбар хато қилишга ҳаққи йўқ».

Аммо бугунги кун раҳбари билимсиз, зеҳнсиз, қўрқоқ, жоҳил, идроксиз, ёлғончи, вафосиз, юраксиз, кибрли, феъли бузуқ, лоқайд, боқибеғам, танбал, ландовур, нодон ва нафсининг қули бўлса, корхонанинг келажаги қандай бўлади?

«Раҳбар яхши бўлса, эл тузар, раҳбар ёмон бўлса, эл тўзар», дейди халқимиз. Баъзан раҳбарлик курсиси субъектив сабабларга кўра бебурд, лоқайд, нодон, жоҳил, идроксиз, кибрли одамларга ҳам насиб қилади. Бу тоифадаги раҳбар лавозимда турганида — азиз, ундан тушганида ортиқча одамга айланади. Ундайларни халқ бағридан итқитади, ундан қутилганига шодланади. Чунки у лавозимда турганида халққа хизмат қилмай, жамоани ўзига хизматкор қилиб олган бўлади... Минг афсуслар бўлсинким, бугунги кунда ҳам эл тўзар раҳбарлар жамиятимизда оз эмас.

Ҳақиқий раҳбар эса ёмонликдан ҳам, яхшиликдан ҳам устун туролади. Жонбоз, ватанпарвар, ишбилармон, ташаббускор раҳбар учун адолат, Ватан манфаати онг ва қалбининг шуурига айланган бўлади.

Мен бу жараёнда ҳар қандай одам корхонани бошқариши мумкин, деб айтаётганим йўқ. Агар шундай бўлганида эди, раҳбарликнинг мазмуни йўқолган бўларди. Ҳар биримиз раҳбар бўлишимиз мумкин, аммо корхонанинг ходимлари бир хил иш билан машғул эмас. Мабодо корхонанинг ҳар бир ходими ўз иши билан шуғулланмаса, ишда бошбошдоқлик содир бўлиши тайин.

Шу боис, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ўзининг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» китобида ажойиб бир танбеҳни ёзади: «Ҳар ким ўз аравасини тортса... Ҳар ким ўз юмушини бажарса, олам – гулистон. Сартарошни сувоқчи қилиб қўйсангиз, деворга совун кўпиги суртади. Этикдўзни сартарош қилсангиз, одамнинг бошига мих қоқади...»

Иззатталаб, манман, лоқайд раҳбар томонидан корхонадаги ҳақиқий лидерларга ўзларини намоён қилишларига имконият бермаслик, уларнинг яратувчанлик ғояларини инобатга олмаслик ҳеч қандай яхшиликка олиб келмайди.

Жамоага ҳақиқий лидер етакчилик қилмаса, муносабатларда алғов-далғов ва чалкашликлар содир бўлади, ишлаб чиқаришда самарадорлик пасаяди. Шу боис Кайковус ўзининг «Қобуснома»сида ёзади: «Эй фарзанд... Ҳеч одамдин хизматни дариғ тутмағил ва лекин ҳар кишига иш буюрсанг, ўзига муносиб ишни буюрғил, номуносиб ишни буюрмағил, ундоқким, фаррошликка муносиб одамга шаробдорликни буюрмағил, шаробдорликка муносиб кишини хазинадор қилмағил. Алқисса, ҳар кишига ҳар ишни буюриб бўлмас. Агар иш билмағон кишига бир ишни буюрсанг, у киши ўз манфаати учун бу ишни билмаслиғин айтмаса, ул иш дуруст ва фойдали бўлмағусидур. Бас, ишни билғон одамга буюрғил, токи дардисарликдин қутулғон бўлғайсен... Агар бир нодонга хизмат буюрсанг, ўз нодонлиғингга гувоҳлик берғон бўлурсан».

Ҳақиқатдан ҳам жамиятимизда кейинги 15–20 йил давомида истаймизми-йўқми, маълум бир яралар пайдо бўлди. Мен мамлакатимиз ривожланмади, ҳамма нарса орқага кетди, демоқчи эмасман. Ўтмишга тош отиш, маддоҳлик қилиш ниятим ҳам йўқ. Аммо кейинги йилларда баъзи соҳаларда «мен бошлиқ сен аҳмоқ; сен бошлиқ, мен аҳмоқ» принципи ҳаётимизда устунлик қилди.

Бутун дунё халқлари ўз тафаккурини Кайковус ғоялари билан бойитиб, уфққа интилаётган бир пайтда бизнинг юқори мартабадаги баъзи раҳбарларимиз Кайковус насиҳатларини унутди. Оқибатда, мактаб ҳаётидан йироқ, умрида синфга кириб бир соат дарс ўтмаган одамлар мактаб директори, туман, шаҳар, вилоят халқ таълими бўлими мудири, ҳатто халқ таълими вазири лавозимигача кўтарилишди.

Қурилиш соҳасига мутлақо алоқаси бўлмаган ҳуқуқшунослар, собиқ прокурорлар қурувчига, қишлоқ хўжалиги соҳасининг кўчасидан ҳам ўтмаган собиқ ички ишлар ходимлари фермерларга айланишди. Натижани кўриб турибсиз: президентимиз айтганидек, бугунги кунда коллеж ўқувчиси ариза ёзолмайди, олий таълимда илмий салоҳият сезиларли даражада пасайди.

Ишончим комилки, ҳозир мен сизларга айтаётган фикрлар ҳақиқатан ҳам жиддий ижтимоий муаммодир. АҚШдаги ижтимоий фикрларни ўрганадиган нуфузли Гэллап институти олимларининг тадқиқотларига қараганда, ходимларнинг ишдан бўшаб кетишларига бош сабаб, энг аввало, маошнинг камлиги эмас, балки нўноқ раҳбарларнинг нодонлиги, лоқайдлиги, иззатталаблиги оқибатида ходимларини етарлича қадрланмасликлари, фаолиятидаги ютуқлари учун миннатдорчилик билдирилмаслиги экан. Раҳбарнинг бебурдлиги, манманлиги, қўполлиги, иғвогарлиги, ахлоқсизлиги оқибатида энг яхши ходимларни ҳам ишдан кетиб қолаётганини, ташаббускор, яратувчан шахсларнинг туҳмат билан ишдан ҳайдалаётганини кўпчилигимиз шахсий тажрибамизда кузатганмиз.

Ҳақиқий раҳбар корхонада ходимларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, ибрат бўлиш, руҳий тарбиялаш орқали уларнинг маънавий ривожланишига шароит яратади. Корхонада ходимларни қадрлаш — руҳий барқарорликни таъминлайди, ишда бошбошдоқликка барҳам беради. Ходимни қадрлаш — ишдан кетиш кайфиятида бўлган энг яхши ходимларни сақлаб қолишга имкон беради ва янги ишчан ходимларни ишга жалб қилишга руҳий муҳит яратади. Бу ажойиб эмасми?

Ҳар бир раҳбар ишда ўзининг меҳнатсеварлигини, ташкилотчилик қобилиятини намоён қилиши, бошқаларни рағбатлантириб туриши шарт. Албатта, корхонада ходимларни бошқариш, рағбатлантириш, ортингиздан эргаштириш учун аввало, уларга ўзингиз намуна бўлишингиз керак бўлади. Бошқаларга намуна бўлиш учун сизга билим, кўникма ва амалий малакалар жуда зарур.

Минг афсуслар бўлсинки, бугун корхонада бизга намуна бўлиши шарт бўлган раҳбарнинг ўзи бирор соҳада ходимига ўрнак бўлолмаётган, жамоада руҳий муҳитни бузаётган фитначи бўлса, дардимизни кимга айтамиз? Аслида, биз раҳбардан ибрат олишимиз керак. Афсуски бугун деярли барча соҳаларда ҳам баъзи раҳбарларнинг ходимларига ўрнак бўлолмаётганига гувоҳмиз.

Президент Ш.Мирзиёев республикамиз бўйлаб пиёда юриб, халқ орасида уларнинг дардини, муаммоларини ўрганади, жойида ечим топади, аммо баъзи юқори лавозимлардаги раҳбарлар муаммони кабинетида ҳал қилади.

Оддийгина мисол: ўрта умумий таълим мактабида оддий фан ўқитувчиси синфга кириб ўқувчиларга дарс ўтади. Аммо, баъзи мактаб директорлари синфга кириб, дарс ўтмайди. Лицей ва коллежларда ҳам фан ўқитувчиси ўқувчиларга дарс беради, лекин баъзи коллеж директорлари дарс бермайди. Олий ўқув юртларида ассистент аудиторияга кириб дарс ўтади, аммо кўпчилик ректорлар аудиторияга кирмайди, ўзлари дарс ўтиб, ходимларига намуна бўла олмайди.

Бундан 400 йил олдин яшаб ўтган инглиз файласуфи Фрэнсис Бэкон: «Мен одамларни илм-фаннинг асл мақсадини ёдда сақлашга чақираман. Токи улар илм-фан билан ўз мансаблари, илмий баҳслар, ўзгаларни менсимаслик, шон-шуҳрат, шахсий манфаатлари ёки бошқа тубан мақсадлар учун эмас, балки бу билимлардан ҳаётга фойда ва манфаат етиши учун шуғуллансинлар», деган эди.

Менинг назаримда бугун бизда одамлар мансабга илиниш, манфаат илинжида докторлик диссертациялари ёзаётганга ўхшайди. Ҳимояни қилиб олиши билан мансабга интилади. Докторлик илмий даражаси гўёки уларни аудиторияга киришдан озод қилган хужжатга ўхшайди. Мана бугунги аҳвол!

Ҳар қандай раҳбар: юриш-туришда ҳам, илмий-тадқиқотда ҳам, китоб ўқишда ҳам, ҳуснихатда ҳам, ташкилотчиликда ҳам, меҳр-шафқатда ҳам қўл остидаги ходимларига ўрнак бўлса эди, натижа мутлақо бошқача бўларди. Агар чўнтагингизда бир тийинингиз бўлмаса, гадойга бир сўмни қаердан берасиз!?

2018 йил 22 июль куни «Ректорлар порахўрликка қарши!» Ўзбекистон тарихида илк бор олий таълим муассасалари раҳбарлари абитуриентларга, уларнинг ота-оналарига мурожаатнома йўллади. Унда: «Ҳар ишда ҳалол ва виждонан йўл тутиш, олий таълим муассасаларини ҳақиқий маънода маърифат ва ҳалоллик масканига айлантириш, шунингдек, бу йилги қабул жараёнларини шаффоф, адолатли ва ҳалол ўтказишга ваъда берамиз», дейилган.

Аммо у ерда бирор ректор: «Мен ректор сифатида ўқув жараёнида ҳаммага ибрат бўламан, ўзим аудиторияга кириб лекция ўқиб, қўл остимдаги профессор-ўқитувчиларга илмда ва воизликда намуна бўламан. Шу юсинда мамлакатимизда малакали кадрлар тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшаман, ходимларимни ортимдан эргаштираман», деган гаплар йўқ.

Қачонки олий ўқув юртларининг ректорлари, проректорлари, деканлари қўл остидаги ходимларига барча соҳаларда намуна бўлмас, аудиторияга кириб ўзлари дарс ўтмас экан, таълимда ўзгариш бўлмайди, бизлар жойимизда депсиниб тураверамиз.

Муҳтарам Ректор! Ўзингиз қўл остингиздаги ходимингизга ахлоқда, ишбилармонликда, ташаббусда, тафаккур ва фаросатда намуна бўла олмасангиз, корхонага қандай раҳбарлик қиласиз? Қай усулда малакали мутахассислар тайёрлайсиз? Сизлар мурожаатингизда таъкидлаганингиздек, олий таълим муассасангизни ҳақиқий маънода маърифат ва ҳалоллик масканига айлантириш учун аввало ўзларингиз бошқаларга ўрнак бўлишингиз керак бўлади. Аммо бундай ҳаракат, жонбозлик сизлар томонларингиздан сезилмаяпти.

Агар ҳар бир ректор ўз фаолиятида ташаббускор бўлса, корхона салоҳияти, ходимлар обрўйини кўтаришга шахсан ҳисса қўшса, доимо фидойи бўлса, ишонаманки, ўшандагина, албатта, натижа бўлади. Билиб қўйинг, ҳар биримиз – лидермиз. Аммо, ҳамма раҳбарлар бир хил эмас.

Исроил ХАЙРИЕВ,
СамДУ доценти

Мавзуга оид