Ўзбекистон | 08:26 / 02.08.2018
57204
2 дақиқада ўқилади

1 август куни неча нафар абитуриент тест синовларидан четлаштирилди?

Фото: KUN.UZ

1 август кунги тест синовларида 23та олий таълим муассасаларининг 154та таълим йўналишида 58 минг 985 нафар абитуриент иштирок этди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebook’даги саҳифасида хабар берди.

Унинг билдиришича, тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 255 нафар абитуриент, шундан 179 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун, 76 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилган.

Тест натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан Фельдегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 18.30 дан қайтариш бошланди. 

Етиб келган тест натижалари бўйича дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланган.

Давлат тест марказининг ходимлари ташқарига чиқмасдан, телефон ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланмаган ҳамда тест материалларининг махфийлигини таъминлаган ҳолда тест материалларини қайта ишлайди.

Шу билан бирга, тест синовларининг 1-куни айрим ижтимоий тармоқларда гўёки тест саволларининг ташқарига чиқиб кетганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқатилган. Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли маълумотлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилди.

Шунингдек, айрим биноларда тест жараёнларини онлайн кузатиш учун қўйилган мониторлардаги тасвирларни узилиб қолиш ҳоллари ахборот технологиялари соҳасининг малакали мутахассислари томонидан зудлик билан бартараф этилди ва бундай ҳолатларга бошқа йўл қўймаслик чоралари кўрилган.

Мавзуга оид