Шахсий бренд нима учун керак ва уни қандай яратиш мумкин?
Шахсий бренд оммавий шахс учунгина зарур десангиз, хато қиласиз. Ҳатто ўқитувчи ёки электр устаси бўлсангиз ҳам, у сизга талабгир мутахассис бўлишда ёрдам беради.
Бренд тушунчаси маркетингдаги муҳим тушунчадир. Бренд бўлмасангиз, мавжуд эмассиз. У ҳолда сиз кимсиз? Сиз – оддий товарсиз.
Филип Котлер, халқаро маркетинг профессори
Ўз резюменгизни тузган кунингиздан бошлаб, сиз меҳнат бозоридаги товарга айландингиз. Муносиб маош тўланадиган яхши ишни топиш ва талабгир бўлиш учун сизга нафақат профессионал каби ривожланиш, балки шахсий бренд устида ишлаш лозим.
Шахсий бренд нима?
Бренд — хонада бўлмаганингизда одамлар сиз ҳақингизда айтадиган гаплар.
Telegram уни Петя Иванов эмас, Павел Дуров яратгани учун машҳур бўлди. Tesla лойиҳаси билан қандайдир Жон Смит эмас, Илон Маск шуғуллангани учун эътибор беришди.
Ахир Дуровга қадар ҳеч ким мессенжерлар яратмаганмиди? Балки техника олий таълим муассасасининг иқтидорли талабасининг диплом лойиҳаси бундан-да зўр бўлгандир. Бироқ у ҳақида ҳеч ким билмайди, Дуровни эса ҳамма танийди. Маск ҳақида ҳам айнан шундай фикрларни айтиш мумкин. Электр автомобилларни у ўйлаб топмади, тугмасиз телефон ҳам Жобснинг ихтироси эмас. Бу буюмларнинг бари бренд-шахслар сабабли машҳур бўлди.
Айтиш мумкинки, шахсий бренд – бир кунда яратилмайдиган муайян образ. Одамлар сизнинг исмингизни эшитганда айнан ўша образни тасаввур қилишади. Ўзини зўр деб ҳисоблаган мутахассислар мижоз ва иш берувчилар улар ҳақида билиши учун шахсий брендни яратишлари лозим. Шахсий бренд – сизнинг обрўингиз.
Шахсий бренд бор-йўғи икки саволга жавоб бериши лозим: сизни ким билади ва сиз ҳақингизда нима деб ўйлашади?
Шахсий бренд қачон зарур?
Икки асосий ҳолат мавжуд:
- Соҳангизда юқори рақобат бўлса.
- Агар машҳур мутахассис хизматлари ҳақи сизникидан юқори бўлса.
Одамлар мутахассислик ва тажриба эвазига кўпроқ ҳақ тўлашга тайёр. Улар хотиржамлик ва ишончни сотиб олишни истайдилар. Одамларда ҳақ тўлаш истаги пайдо бўлиши учун уларнинг миясида муайян мутахассис образини яратиш учун кўп ишлашга тўғри келади.
Шахсий бренд зарур бўлган касблар жуда кўп: сартарош ва услубчидан тортиб, шифокор ва қурувчигача, ҳуқуқшунос ва савдолар бўйича менежердан тортиб, копирайтер, дизайнер ва SMM-мутахассисгача. Санъат соҳасини ҳам ёдга олиш лозим – рассом, ёзувчи, мусиқачи шахсий брендсиз тўлақонли мавжуд бўла олмайди.
Шахсий бренд нима учун керак?
Шахсий бренд ишончни оширади. Одамлар абстракт брендлардан кўра, ўзларига ўхшаш бошқа одамлардан фаол тарзда маҳсулот сотиб олишади. Савдо ва янги ҳамкорлар ишончдан келиб чиқади.
Шахсий бренд институтдаги рейтинг дафтарига ўхшайди: дастлаб сиз у учун ишлайсиз, кейин эса у сизга ишлайди. Бари оддий.
Шахсий бренд турлари
Эксперт
Бу одам фақат иш ва касб ҳақида гапиради. Сиз ижтимоий тармоқда унинг шахсий ҳаёти ва қизиқишлари ҳақида маълумот топмайсиз.
Бу образ ўз ҳамкасбларини ўқитмоқчи бўлганлар учун идеал. Шунинг учун эксперт ортидан бутун бир бошли соҳа ҳаракатланиши учун устоз образини яратиш муҳим.
Ўзимизнинг одам
Бу одам ўз экспертлигини шахсияти билан мужассамлаштиради. Ўзи ҳақида гапиради, тирик одам эканини кўрсатади.
Унинг аудиторияси у каби кўриниш, дам олиш ва яшашни истайди. Бироқ унинг шахсий ҳаёти сирлигича қолади. Одамлар учун у бир вақтнинг ўзида ҳам эксперт, ҳам зўр йигит, бундан ортиқ эмас.
Шахсий брендни яратиш сари 7 қадам
Юқорида ёзилганидек, шахсий бренд – образ. Унга мос бўлиш, уни қўллаб-қуввватлаш лозим. Турли одамлар фикрида образ бузилмаслиги учун ҳеч қандай зиддиятларга йўл қўймаслик ҳамда доимийлик зарур.
Ўзингиз яхши биладиган соҳани танланг. Ўз мутахассислигингизни аниқланг.
Ўзингиз ҳақингизда дўст, танишларингизга ижтимоий тармоқларда мутахассис сифатида гапириб беринг.
Мақсадли аудиториянгиз, салоҳиятли мижозларингиз ким эканини аниқланг.
Сизга кўп даромад олиб келадиган салоҳиятли мижозларингизнинг батафсил портретини тузинг. Улар вақтини қаерда ўтказиши, нимани ўқиши, қандай каналларни кўришини тушуниш муҳим.
Ўз соҳангиз ва унга яқин бўлган мавзулардаги китобларни ўқинг, билим даражангизни оширинг, хорижий тилларни ўрганинг – суҳбатлашиш қизиқ бўлган одамга айланинг.
Ташқи образ ҳақида ўйлаб кўринг. Маҳсулотда бўлгани каби бренд-одамда ҳам муайян жиҳатлар бўлиши лозим. Токи улар ёрдамида сизни таниш осон бўлсин. Булар: ёрқин бўйинбоғ, пуштиранг соч, соч ўрами, кўзойнак ва ҳ.к.
Ҳамкасбларингиз ва салоҳиятли мижозларингиз мавжуд бўлган жойларда пайдо бўлинг: кўргазма, конференция, танловларда иштирок этинг.
Ўзингизни турли каналларда тарғиб этинг: ижтимоий тармоқларда шахсий саҳифаларни ривожлантиришни бошланг, сайт ва блог яратинг. Кейин эса соҳага оид майдончалар ва интернет-нашриётларига чиқинг, изоҳлар беринг, мақолалар ёзинг. Кенг аудитория учун эксперт образини яратинг.
Мавзуга оид
21:06 / 14.12.2024
Хитой халқаро брендлар учун ортиқ имкониятлар мамлакати эмасми?
16:41 / 31.08.2024
Роллс ва Ройснинг номи берилган бренд – қўлда йиғиладиган қимматбаҳо автомобил тарихи
09:00 / 17.08.2024
Жаҳон брендлари билан ҳамкорлик қилган ишлаб чиқарувчилар 1 миллион доллар миқдорида грант олади
08:18 / 24.07.2024