Light | 19:43 / 12.08.2018
30105
7 дақиқада ўқилади

Муваффақиятли раҳбарларга хос бўлган тўрт сифат

Фото: Makarios Tang / Unsplash

Брэд ўз компаниясини қайта тузишдек мураккаб жараёнда етарлича юқори кўрсаткичларни қайд этаётган ажойиб сотувлар бўлими бошлиғини ишдан бўшатишга доир қарор қабул қилди. Уч ой ўтса ҳамки Брэд бу ҳақида унга хабар қила олмади. Мен бунинг сабабига қизиқдим. У "Мен лапашангман!" дея жавоб берди.

Брэд — молиявий компанияда СЕО ва шубҳасиз, лапашанг эмас. У барча каби инсон, шу боис стратегик муҳим қарор қабул қилиш вақтида қийинчиликлар билан тўқнашади.

Ёшингиз, касбингиз ёки мавқеингиз қандай бўлмасин, муҳим ишни бажариш учун мураккаб суҳбатлар олиб бориш, кишиларни масъулият ва амалий хатти-ҳаракатларга чорлашингизга тўғри келади. Қўйилган вазифаларни уддалаш учун кишиларда ишонч уйғотувчи, ўз ортидан эргаштира олувчи ва умумий муваффақият учун ўзини юз фоиз ишга бағишловчи жозибали  инсон қиёфасини яратиш зарур.

Олий тоифали раҳбарларни тайёрловчи Bregman Partners компаниясининг бош директори Питер Брегман HBR'да муваффақиятли раҳбарларга хос бўлган тўрт сифат ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Самарали фаолият юритувчи раҳбар бўлиш учун сиз ўзингизга ишонган бўлишингиз, бошқалар билан алоқа ўрнатишингиз, мақсадга эришишга ўзингизни бағишлашингиз ва эмоционал дадилликни намойиш қилишингиз керак бўлади. Аксарият буларнинг фақат биринигина намойиш қилишнинг уддасидан чиқади, камдан-кам ҳолатларда - иккитасини. Бироқ бошқаларга таъсир ўтказиш ва уларни амалий қадамларга чорлаш учун тўртталасини ҳам мукаммал эгаллашингиз зарур.

Ўзингизга бўлган ишонч. Брэд бу борада муаммога дуч келган, бу ажабланарли бўлиши мумкин, зеро у жуда муваффақиятли карьера қурган. Бироқ бу анча кенг тарқалган ҳолат. У шижоат билан ишлаган, лекин унинг меҳнатсеварлиги ўз хусусиятларига бўлган қандайдир ишончсизликдан келиб чиққан. Шу боис Брэд ўзини намоён этиб, атрофдагиларнинг мақтовига сазовор бўлмоқчи бўлган. Салоҳиятли муваффақиятсизлик қаршисида уни ирода тарк этган. Шу билан бирга, у муваффақиятсизликка учраганида ўзини аямаган. Бироқ у ким бўлмоқчилигига доир аниқ тасаввурга эга бўлган ва шу йўналишда меҳнат қилган, ўз энергиясини стратегик ва оқилона тақсимлаб, ортиқча чалғитувчи омилларга эътибор бермаган.

Атрофдагилар билан муносабатлар. Бу Брэднинг энг устувор жиҳати. Барча ходимлар уни яхши кўришган, у доим ўз жамоасидагилар учун қайғурган. Одамлар ҳатто нуқтаи назарлари турлича бўлган масалаларда ҳам унинг ишончини ҳис қилишар эди. Ходимлар унинг одамлар ва вазифаларга нисбатан қизиқувчанлигини юксак қадрлашарди ва тезкор хулосалар қилмагани учун ундан миннатдор бўлишарди. Шунга қарамай, ҳатто бу масалада ҳам унда ўсиш учун салоҳият бор эди: у ўз ходимлари билан ҳар доим ҳам очиқ суҳбатлашмас ва мураккаб суҳбатларни орқага суришга мойил эди.

Мақсадга содиқлик. Бунга ҳар хил ёндашиш мумкин. Бир томондан, Брэд компания ўсиши учун қабул қилиниши керак бўлган қарорни аниқ тасаввур қилган: у ишнинг дастлабки босқичларида одамларни жараёнга жалб қилган, таклифлар учун очиқ бўлган ва доим ёрдам сўраб мурожаат қилишга тайёр бўлган. Бошқа томондан, у кўп масалаларда беқарор бўлган: ишларни ривожлантириши мумкин бўлган маълумотлар билан бўлишмаган, асосий нарсаларни эътибордан қочирмаслик ва барчасини назорат остида ушлаш учун самарали иш жараёнини йўлга қўймаган. Сотув бўлими раҳбарини ишдан бўшатмасликни унинг жамоаси аралаш ишорадек қабул қилди: Брэднинг компания муваффақияти учун ёрдам бермоқчилигига доир гаплари жиддиймикан?

Эмоционал дадиллик. Юқоридаги уч жиҳатни такомиллаштиришда муҳим омил ҳисобланган бу кўрсаткич бўйича Брэднинг ўсиш салоҳияти бор эди. Таваккал бизни ўзимизни ҳимоясиз ҳис қилишга мажбур қилади, Брэдни мана шу жиҳат чўчитган. У ноаниқликка қарши бўлиб,  ноқулай вазиятлардан қочган, шунинг учун одамларга ёқимсиз ҳақиқатни айтишга ва тезкорлик билан мураккаб қарорларни қабул қилишга  қийналган.

Шундай қилиб, бошқалар билан ижобий муносабатлар  Брэднинг энг кучли томони бўлган, ундан кейин - мақсадга содиқлик. Ўзига бўлган ишонч ва эмоционал дадиллик масаласида эса муаммолар бўлган. Чиқарилган хулосалар қийинчиликларга янгича қараш имконини беради: унинг сотувлар бўлими бошлиғига бўлган содиқлиги жамоа ва компания манфаатларига зид бўлган. Шу билан бирга, у ишдаги вазиятни ўзгартириш учун ўзига етарлича ишонмаган ёки эмоционал жиҳатдан дадил бўлмаган, бу эса чорасизлик ва ўз-ўзидан қониқмасликни келтириб чиқарган.

Рўй бераётган воқеаларни англашдек оддий факт унга вазиятни тўғирлай бошлашга ёрдам берган. Унинг руҳий дадиллигини ривожлантиришга муайян вақт талаб қилинди. У илгари четлаб ўтган барча ҳиссиётларни бошдан ўтказиб, кичик-кичик таваккал қилишдан бошлади. Ҳар сафар амалда қарор қабул қилишнинг уддасидан чиққанида - хатти-ҳаракатлар қандай тугашига қарамай - табиийки, фожиа рўй бермаган. Бироқ у тугалланганлик ҳиссини туйган, бу таваккал манбаи билан боғлиқ бўлган. Бу унинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, бундан-да катта таваккалга қўл уришига туртки берган.

Қисқа вақт ўтгач, у ўзини уч ой илгари режалаштирган ишини бажаришга тайёр ҳис қилган. У ўзига хос бўлган ғамхўрлик, ҳамдардлик ва инсонийликни намоён қилган ҳолатда, сотувлар бўлими бошлиғини ишдан бўшатди. Шундан сўнг Брэд ўзини енгил ҳис қилди.

Брэд бўлим бошлиғи билан суҳбат олдидан ўзини жуда ноқулай ҳис қилди - эмоционал дадилликни талаб қилувчи хатти-ҳаракатлардан олдин доим шундай ҳиссиёт пайдо бўлади. Бироқ қанча кўп эмоционал дадил бўлсангиз, бу кўникмангиз шунча кўп ривожланади. Суҳбат якунига кўра, Брэд барча тўрт пункт бўйича ҳам ривожланди: у ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлади, жамоасига янада яқинлашди, мақсадига содиқлиги янада ошди ва руҳий жиҳатдан дадиллашди.

Мавзуга оид