Жамият | 11:39 / 14.08.2018
114701
2 дақиқада ўқилади

Қайси вилоятларда қасддан одам ўлдириш жинояти кўпайгани маълум бўлди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Видеоселектор шаклида ўтказилган мажлисда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг аъзолари, Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ва минтақавий ишчи гуруҳ раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Фото: senat.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, мажлис кун тартиби доирасида жорий йилнинг етти ойи давомида жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар ва галдаги вазифалар, шунингдек “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолат” тизимини амалиётга жорий этиш тартиб-таомиллари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, Андижон, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Жиззах вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида қасддан одам ўлдириш, Андижон, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида оғир тан жароҳати етказиш, Жиззахда босқинчилик, Наманган, Жиззах ва Қорақалпоғистон Республикасида транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари кўпайган.

Фото: senat.uz

Қотиллик жинояти аксарият ҳолларда оила-турмуш ва қўни-қўшничилик билан боғлиқ муаммолар оқибатида юз бермоқда. Жорий йилнинг 7 ойида 277та қотиллик жиноятининг 116таси ёки 42 фоизи қариндошлар, 25таси ёки 9 фоизи қўни-қўшнилар ўртасида содир этилган. Мазкур жиноятларнинг 95таси ёки 34,2 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғил ўртасида содир этилгани миллий анъаналаримиз ва оила қадриятларига мутлақо зиддир. Ушбу йўналишда ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш учун масъул раҳбарларнинг бундай аҳвол юзасидан тушунтиришлари эшитилди.

Мавзуга оид