Жамият | 21:01 / 14.08.2018
74239
3 дақиқада ўқилади

Сунъий тишлар саратонга сабаб бўлиши мумкинми?

Инсон саломатлиги доим бирламчи ҳисобланиб келган. Шундан келиб чиқиб, Kun.uz таҳририяти «Соғлом ҳаёт» лойиҳасини қайта йўлга қўйди. Касалликларнинг келиб чиқиши ва фойдали муолажалар борасидаги маълумотлар ҳамда шифокор тавсиялари бериб бориладиган лойиҳанинг мазкур сони учун стоматология йўналиши танлаб олинди.

Kun.uz мухбирининг кўп учрайдиган тиш касалликлари, сунъий тишлар ўрнатиш ва ақл тишлар билан боғлиқ саволларига Тошкент давлат стоматология институтининг Болалар юз-жағ жарроҳлиги кафедраси доценти Абдуазим Юлдашев жавоб беради.

Оғиз бўшлиғида йўқ тишлар ўрнини нима ҳисобига тўлдириш тавсия этилади?

Ҳозирги кунда кенг қўлланилаётган денталь имплантантлар ёрдамида тиш қаторларини тўлдириш мумкин. Бунда бемор дастлаб компютер томографияси орқали текширувдан ўтказилади. Бу орқали юқори ва пастки жағларнинг имплантантлар ўрнатиш учун қай даражада тайёр эканлиги, уларнинг нуқсонлари бор ёки йўқлиги аниқланади ва тиш шаблон ҳолатда компьютерда қўйиб кўрсатилади. Ўлчамлари тўғри туширилиб, керакли тавсиялар берилгандан сўнг амалиётга киришилади.

Тиш имплантантларини қўйдиришда ёш чеклови ёки бошқа тақиқлар борми?

Бу амалиётдан фойдаланиш 16-17 ёшдан кейин тавсия этилади, юқори ёш чизиғи эса аниқ чегараланмаган. Қандли диабетдан азият чекадиган беморлар учун тиш имплантантларидан фойдаланмаслик мақсадга мувофиқ бўлади.

Денталь имплантантлар саратонга сабаб бўлиши мумкинми?

Амалиёт бирон касалликка (жумладан, саратонга ҳам) сабаб бўлмайди – денталь имплантантлар инсон организми учун хавфсиз бўлган титан металидан ишланган. Бемор суягининг зинчлигига қараб, унинг устига қўйиладиган тишнинг вақти турлича бўлади.

Ақл тишларини олдириш керакми?

Ақл тишлари кўп ҳолларда горизонтал, яъни ноқулай тарзда чиқади. Бу бир қанча зарарли оқибатларга олиб келиши мумкин: ёнма-ён жойлашган тишга босим ўтказади, овқат қолдиқларининг милк кавакларида қолиб кетишига сабаб бўлади, кариесни келтириб чиқаради ва оғиз бўшлиғида яллиғланишни юзага келтиради. Агарда ақл тишлар тўғри шаклда чиқиб, чайнов функцияси мавжуд бўлса, уларни сақлаб қолиш мумкин.

Тиббиётга доир яна қандай маълумотларга эга бўлишни хоҳлардингиз? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг.

Мавзуга оид