Исроил тажрибаси: Олийгоҳларда «ортиқча» фанларни ўқитиш қанчалик тўғри?
Исроил – бугунги куннинг шубҳасиз инновацион давлатларидан бири. Мустақил бўлганига 70 йил бўлган, майдони тахминан Фарғона водийси билан тенг бўлган бу давлатнинг ривож топишида таълимнинг ўрни катта. Исроилнинг ўқитиш услубида айрим жиҳатлар борки, уни чуқурроқ ўрганиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.
Таълимга муносабат
Исроилдаги таълим тизими бошқа Европа давлатлари билан солиштирганда катта фарқ қилмайди – кўп давлатлардаги каби бошланғич, ўрта ва олий таълим. Лекин халқ ва давлатнинг таълимга бўлган муносабатини одатий деб аташ бироз нотўғри. Буни «квартет муносабат» деб ҳам номлаш мумкин: давлат томонидан қўллаб-қувватланади, ўқитувчи кучли иштиёқ билан билим беради, ота-она бола мунтазам банд бўлишида бош-қош. Натижада ўқувчи мақсад сари интилиб таълим олади.
Асосий эътиборни олий таълим тизимига қаратамиз. Исроил университетларининг дипломи нуфузли ҳисобланиб, Европа ва Америкада қадрланади. Мамлакатда ҳам бакалавр дипломига эга битирувчилар иш топишда деярли муаммога дуч келмайдилар – олий маълумотлиларнинг 95 фоизи иш билан таъминланади. Технология ва муҳандислик соҳасидаги мутахассисларнинг айниқса бозори чаққон: улар иш излаб юришлари шарт эмас, иш берувчиларнинг ўзлари кадрлар учун кураш олиб боришади.
Ўзига хос жиҳатлари
Исроилда, Европадан фарқли ўлароқ, 18 ёшга қадар олийгоҳга ўқишга киришнинг иложи йўқ. Деярли барча талабалар университетга қадар ҳарбий хизматни ўтайди. Одатда хизмат қизлар учун 2 йил, ўғил болалар учун 3 йилни ташкил этади. Бу таълимда жуда муҳим омил саналади.
Кириш имтиҳонларида хорижий тил бўйича тестларда юқори балл тўплаган талабалар ўқиш мобайнида ўша фан маърузаларидан озод этилиши мумкин.
Иброний тилини билиш олийгоҳда таълим олаётган барча маҳаллий талабалар учун мажбурий ҳисобланади.
Исроилда талабалар МДҲ давлатларидаги каби семестрлар якунида фанларни ёпиш учун ўқишмайди – улар ўзлари танлаган соҳалари бўйича ўқиш пайтиданоқ илмий изланишлар олиб боришади, аксарияти ўз стартап лойиҳасини йўлга қўйиш учун давлат томонидан моддий рағбат олишади. Шу тариқа, назарий ва амалий билимлар бир нуқтада уйғунлашади.
Университетда номутахассислик фанлари ўргатиладими?
Таълим олувчилар нафақат олийгоҳларда, балки мактаб давридан бошлаб ўзлари хоҳлаган фанларни танлаб ўрганишлари мумкин. Университетларда биринчи ўқув йилиданоқ асосий эътибор мутахассислик фанларига қаратилади, яъни, мажбурий равишда ўқитиладиган номутахассислик фанлари талабалар вақтини ўғирламайди. Умумий билимлар ўрнига соҳанинг тор доирасидаги фанлар чуқур ўрганилади.
Ўқитувчилар масаласи
Исроил олийгоҳларида профессор ўқитувчиларни ҳатто талабалар ҳам исми билан чақиришади. Бу ерда профессорларга расмий оҳангда мурожаат қилиш керак, деган стереотип йўқ. Буни ўқитувчи ва талаба ўртасида яқин муносабат йўлга қўйилишида фойдали, деб ҳисоблаш мумкин. Бугунги кунда, умуман таълим соҳаси вакиллари ўртача 4500 АҚШ доллари миқдорида маош олишади ва бу мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақидан 3 баробар кўп демакдир.
Нобел мукофоти совриндорлари
Исроилликлар нобел мукофотини қўлга киритиш борасида етакчи ҳисобланиши янгилик эмас. Умумий ҳисобда 200га яқин яҳудий миллатига мансуб олимлар, 10дан ортиқ исроилликлар бу мукофотга лойиқ деб топилган.
Менинг фикрим
Таҳлил натижасини айтадиган бўлсак, Исроил ва Ўзбекистон таълим тизимлари ўртасида бир қарашда яққол кўзга ташланадиган катта фарқ йўқдек. Чунки уларда ҳам ўша қатъий интизом мавжуд, олийгоҳда 3 марта маърузани қолдирган талаба якуний назоратга киритилмайди, талабалар етакчилик маҳоратини ошириш мақсадида ўзимиздаги Ёшлар иттифоқига ўхшаш ҳаракатларга аъзо бўладилар.
Лекин савол туғилади: Натижа қандай? Биздан ҳам «Нобелчилар» чиқадими?
Ўзбекистондаги аксарият талабалар университетдаги ўқув жадвалига киритилган баъзи фанлардан шикоят қилишади: «Мен ҳуқуқшунос бўлмоқчиман, олий математикани ўзим хоҳламасдан ўрганишимдан нима наф?»
Балки Исроилдаги каби мутахасислик фанларига кўпроқ куч бериб, «ортиқча» фанларни кесиш ҳисобига мустақил таълим ва қўшимча машғулотлар учун вақт ажратган маъқулдир? Турли соҳаларда қисман ва юзаки билим олиш ўрнига, бор диққатни аввалбошдан муайян йўналишга қаратган нечоғлик фойда келтирар экан? Ахир ресурслар (эътибор, вақт, куч) қаерга энг кўп йўналтирилса, шу ерда натижа салмоқлироқ бўлади-да!
Атрофдагиларнинг муносабати ва ташқи муҳит омилини ҳам катта саҳнага таклиф қилган бўлардим. Исроилликлар ёш болалар тўғрисида фақат позитив фикрлашади, ҳар бир болада қандайдир истеъдод борлигига ишонишади. Бола кичик ютуққа эришган тақдирда ҳам, рағбат-у мақтовлар қуршовида қолиб кетади ва ўзида қобилият борлигига ишониб, янада яхшироқ бўлишга уринади. Ота-онаси томонидан математика, хорижий тилларни ёшликдан ўрганишга мунтазам руҳлантириб борилади.
Сўнгги йилларда юртимизда таълимга қизиқиш ҳам ёшлар, ҳам уларнинг ота-оналари орасида сезиларли даражада кўтарилгани бор гап. Аммо олийгоҳни битиргандан кейин барибир иш йўқку, дейдиганларнинг таъсири ёки «Ўқиб, олим бўлармидинг?» деган руҳиятда салбий акс этувчи фикрлар билан «нобелчилар»ни тарбиялаш икки баробарга қийинлашиши табиий ҳол, албатта. Ўзимизнинг таълимга нисбатан муносабатимизни ҳам тубдан ўзгартирсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Исроилликлар ҳар бир ишнинг ижобий натижасига ишонишади, ҳаракат қилишади, бажаришади ва бу реалликда амалга ошади. Руҳият – доим бирламчи бўлган.
Элдор Воҳидов
Мавзуга оид
14:07 / 25.12.2024
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
12:01 / 24.12.2024
Исроил Эронда Ҳамас етакчиси Исмоил Ҳанияни ўлдирганини илк бор тан олди
00:02 / 22.12.2024