Ўзбекистон | 11:30 / 17.08.2018
11800
6 дақиқада ўқилади

Ҳукумат тўқимачилик корхоналари учун пахта сотиб олиш шартларини енгиллаштирди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Тўқимачилик саноати корхоналарини янада рағбатлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 йилги пахта толаси ҳосилини ишлаб чиқариш ва 2018 йилнинг январь-август ойларида етказиб беришнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида” 2018 йил 18 январдаги ПҚ-3483-сон қарори билан тасдиқланган пахта толаси балансининг амал қилиш муддати 2018 йил 15 августда тугаган.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ пахта толаси тўқимачилик корхоналарининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда биржа савдолари орқали қуйидаги тартибда чекловларсиз сотилади:

а) 2017 йилги ҳосил учун - нархининг 15 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 85 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш;

б) 2018 йилги ҳосил учун - нархининг 35 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 65 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш.

Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг ““Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти корхоналарида ишлаб чиқарилган пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш тўғрисида” 2018 йил 12 февралдаги 106-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра:

1. 5-бандга қуйидаги мазмундаги учинчи хатбошилар қўшилди:

“Бунда маҳаллий тўқимачилик корхоналарига пахта толаси биржа савдоларида қуйидагилар асосида миллий валютада сотилади:

2017 йилги ҳосил учун - нархининг 15 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 85 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш;

2018 йилги ҳосил учун - нархининг 35 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 65 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш”.

2. 1-иловада:

а) 12-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“тасдиқланган улгуржи прейскурант нархлардан паст даражада бўлганда, қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда, республика ташкилотлари учун пахта толасини сотишда пахта тозалаш заводлари амалда юклаб жўнатиш кунида биржада ҳақиқатда юзага келган нархлардан келиб чиқиб, қўшилган қиймат солиғини қуйидаги формула бўйича ҳисоблайди: 20/120 га кўпайтирилган ҳақиқий сотиш нархи (қўшилган қиймат солиғи = ҳақиқий сотиш нархи х 20/120)”;

б) 17-банднинг тўртинчи хатбошидан “Жамғармага “Ўзпахтасаноат” АЖнинг олинган маблағлар бўйича қарздорлигини қоплаш ҳисобрақамига ёки” сўзлари чиқариб ташланди.

3. 2-иловада:

а) 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“14. Пахта толаси маҳсулотларини сотувчилар томонидан етказиб бериш 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш шартларида амалга оширилади.

Бунда маҳаллий тўқимачилик корхоналарига пахта толаси биржа савдоларида қуйидагилар асосида миллий валютада сотилади:

2017 йилги ҳосил учун - нархининг 15 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 85 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш;

2018 йилги ҳосил учун — нархининг 35 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 65 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш”;

б) 17-банд қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“17. Харидорлар:

биржада аванс билан таъминланган ҳажмлардаги маҳсулотни сотиб олишга битимлар тузиш;

пахта толасини текшириш ва маҳсулотни харид қилиш бўйича битим шартларига мувофиқ миқдорда ва сифатда танлаш;

товарни қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзолангунига қадар (биржа битимида келишилган уни етказиб бериш шартларини бажариш) пахта толаси сақланадиган жойларда уни текшириш (танлаш) далолатномасини тузишни талаб қилиш ҳуқуқига эга”;

в) 19-банддаги “тузилган биржа битимига” сўзларидан кейин “ушбу Низомнинг 14-бандига мувофиқ” сўзлари қўшилди;

г) 20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“20. ҲККП олди-сотди шартномасига мувофиқ зарур маблағлар тушгандан кейин бир иш кунида ушбу Низом талабларига мувофиқ сотувчининг шахсий кабинетига тўланган битимлар тўғрисидаги реестрни юбориши шарт”;

д) 21-банд куйидаги таҳрирда баён этилади:

“21. Сотувчи ҲККПдан сотиб олувчи томонидан олдиндан тўлов тўлангани тўғрисидаги маълумотни олгандан кейин ушбу Низомнинг 14-бандига мувофиқ маҳсулотни харидорга 3 иш куни мобайнида пахта терминалининг ҒСА шартларида ёки етказиб беришнинг биржа битимида келишилган бошқа шартларида етказиб беради.

Сотувчи товарни етказиб бериш бўйича биржа битимида келишилган шартларни бажаргандан сўнг сотувчи ва харидор рўйхатдан ўтказилган биржа битими бўйича маҳсулотни топшириш-қабул қилиш тўғрисида далолатнома тузадилар”.

4. Пахта толасини биржа савдоларида сотиш тўғрисидаги Низомга илова қилинган Биржа савдоларида харидорларга сотиладиган пахта толаси учун ҳисоб-китоб қилиш схемаси VI босқичининг “Тадбирлар” устунида:

а) 1-банддаги “молиявий мажбуриятларни тўлиқ қоплаш учун маблағлар” сўзлари “зарур маблағлар” сўзлари билан алмаштирилди;

б) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилди:

“2. Биржанинг ҲККП сотувчига ушбу Низом талабларига мувофиқ тушган маблағлар бўйича тўланган битимлар реестрини юборади ва бу пахта толасини топшириш-қабул қилиш далолатномасини расмийлаштириш учун асос ҳисобланади”.

Мавзуга оид