Спорт | 00:46 / 21.08.2018
20206
8 дақиқада ўқилади

Хайрулла Ҳамидовдан Индонезия таассуротлари: «Жакарта оиласи»

Бугун Жакартага келганимизга беш кун бўлади. Энди бу гапларни ёзсам бўлади. Мақолам аввалида яқиндаги воқеани эсладим. Юртимизга Эктор Купер ташриф буюриб, илк матбуот анжумани ўтказилганида бир телеканал ходимасининг аргентиналик мутахассисга «энди бир оиламиз», деб мурожаат қилгани эриш туюлганди. Собиқ шўролар тузумидаги пионерлар дружинаси ёдимга тушганди ўшанда.

Сал ўтиб, бу гап гўё ўзимга тарсаки бўлиб қайтди: спортчилар, журналистлар ва ўзбек спортига дахлдор жамики масъул шахслар бир рейс билан Индонезия сари йўл олар эканмиз, журналист синглимиз томонидан янграган ўша «оила» сўзи беихтиёр устимдан кула бошлади. Ростан ҳам узоқ сафар — ҳар ҳолда 20 кун кам бўлмаса керак — Ўзбекистон терма жамоаси либосида йўлга тушганларни уч-тўрт куннинг ўзида бир оилага айлантириб ташлаганига гувоҳ бўлдим.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов
Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Оилага айланишимизга кўп омиллар бор экан:

Аввало, сафар. Мусофирчилик инсонни танитади. Улғайтиради. Яқинлаштиради. Ҳатто кимдандир узоқлашиш кераклигини ҳам англатади.

Иккинчидан, бир хил либос. Ҳамма бир хил кўринишда бўлса, ўз-ўзидан бир жамоа одамига айланиб қолади. (Бир хил кийим кийиладиган жойлар инсонларга ҳаётдан сабоқ беради, шекилли). Ишонасизми, йўқми, баъзи ўринларда рухсат берилмайдиган ҳудудларга ҳам кириб кетяпмиз — бизни спортчи деб ўйлашяпти.

Учинчидан, иш. Кундан кунга бир-биримизни яхши таниб, суҳбатлашиб, бир ишнинг устида учрашаверганимиздан, сайтлар ўртасидаги рақобат ва каналлар ўртасидаги келишмовчиликлар ўз-ўзидан йўқолиб кетяпти. Сафаримиз аввалида тушунмовчиликлар кўзга ташланганди, кейинроқ бу масалалар ўта кичкина бўлиб чиқди.

Тўртинчидан, ҳар кунги жамланиш. Бу ерда нафақат ўзбекистонлик журналистлар бир жойдан ишга қатнайдилар, балки Осиё ўйинлари учун аккредитациядан ўтган минглаб ҳамкасбларимиз ҳам тўпланадиган маскан бор. Номини «медиамарказ» дейдилар. Ҳар куни ўша маскан одамга тўла бўлади. Дунё матбуоти қандай яшаётганини, бошқа мамлакатлар журналистикаси қай кўринишдалигини айнан медиамарказда кузатиб ўрганиш мумкин.

Бешинчидан, тўпланган йигитларнинг савияси баландлиги.

Мендан бошқа ҳамма инглиз тилини билади, дўстлар. Гап тилда ҳам эмас, ишлаш методида. Мен уларга қойил қоляпман. Сайт ишчилари, фотосуратчилари, телеканаллар ходимлари меҳнатини, иш услубини кузатиб, ўша сайт ва каналнинг имижини бир шахс орқали кўраётгандек бўляпман. Тасаввуримдаги жараён ўнгимга кўчмоқда («Спорт» телеканали ходимларига-ку анчайин эркинлик бор, сабаби, бизнинг телеканалимиз Осиё ўйинлари-2018 мусобақасини трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олган. Зоҳид Каримов билан иккимизга мусобақа ташқарисини ёритиш қолган, холос. Бу ҳам қизиқ жараён. Турнирга тайёргарлик, атрофидаги воқеалар, Жакарта саёҳати ва бошқа туркум мавзулар кундалик кўрсатувимизда ўз аксини топмоқда)

Мен савия деганимда, аслида, бошқа нарсани айтмоқчиман. Ҳаммага маълумки, делегациянинг барча вакили, хусусан, оммавий ахборот воситалари ходимларининг тўлиқ харажатини Миллий Олимпия Қўмитаси ўз зиммасига олган. Бундай пайтда табиий савол туғилади: Хўш, спорт мусобақаларини ёритаётган пайтда, таҳлил қилаётган чоғда журналистлар холис бўла олишадими, танқидий руҳда чиқиш қила оладиларми?

Ҳозирча бу ерда тўпланган йигитлар мазкур масалада маҳдудий бир чекланишга учрамадилар. Имкон даражасида ёритяптилар. Истеъдодлироғи чиройлироқ материал тайёрлаётган бўлса, информацион жанрга ихтисослашган ҳамкасбларимиз тезкорликка урғу беришган. Аслини олганда, ҳали мусобақанинг аввалида турибмиз, танқид ё таҳлилга ҳозирча эҳтиёж йўқ. Медаллар қўлга киритиши умид қилинган спорт турларига қараб турибмиз, десак муболаға бўлмайди

Ҳурфикрлилик мавжудлигига яна бир мисол. Келганимиздан икки кун ўтгач, бир сайтда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевнинг Жакартага Ўзбекистон делегацияси раҳбари сифатида расмий мақомда келгани ва спортчилар билан истиқомат қилмай (аслида делегация раҳбари сифатида бирга истиқомат қилиши керак бўлган), Олимпия шаҳарчасидан узоқдаги меҳмонхонада яшагани ва уч кун ўтиб Тошкентга учиб кетгани хусусида аччиққина мақола эълон қилинди.

Менга ёққан томони нима бўлди, айтайми – журналистларнинг ушбу мақолага билдирган ЎЗ фикрлари! Яъни, кимдир бу мақолани оқлади, кимдир вазирнинг даражаси бу турнир билан чекланиб қолмаслиги хусусида гапирди, хуллас, МОҚнинг қарамоғида Индонезияга келган журналистлар бу ерда ҳеч кимнинг манфаатини ҳимоя қилишмади, балки ўз одатларига мувофиқ, ҳақиқат деб билганларини сўйлашди.

Ўзим эса, бу масалага шўнғимоқчи эмасман, зотан кўп гапларни бир томондан эшитдим, ҳақиқат юзага чиқиши учун эса, иккинчи томонни ҳам эшитимиз керак. Умид қиламизки, мақолага расмий раддия билдирилганида, айнан шу томонларини ҳисобга олишади. Чунки раддия шундай ёзилиши керакки, олдинги мақолани ўқиган кишида ўша мақолага нисбатан нафрат уйғониши керак, ёлғон ёзганакану деб ҳайқириб юбориши керак. Ҳозирча, ўта расмий тилда ёзилган жавобни раддия ўлароқ қабул қилиш қийин. Ҳай, гап унда ҳам эмас. Гап боя айтганимдек, ОИЛАДА!

Шахсан мен Дилмурод Набиев аслида нима учун бундай қилганини, бу ваколатни олиш борасида унга ким маслаҳат берганини, бошқа соҳадан келган инсонни қийин аҳволга солиб қўйиш мақсадлари бўлган-бўлмаганини, ўзи умуман Тошкентга учиб кетишига қай ҳодисалар сабаб бўлганини, очиғи, билмайман. Билганим — бу ерда ОИЛАга айланиб кетган делегация аъзолари, айниқса, журналистлар ич-ичларидан, бирга ҳамроҳ бўлиб юрган одамларнинг ҳолатини кўпроқ тушуна бошлар эканлар. Сафар чоғи ҳамма бир мақсад йўлида ишлар экан, демакки, ҳар бир одам ўзининг сўровларига лаббай деб жавоб бераётган кишиларни, маълумот тўплашда кўмак тутаётган масъул шахсларни ўзгача эҳтиром айлаб, беихтиёр уларнинг тарафига ўтиб қолишар экан. Қарши чиқасизми, йўқми, бу бор гап. Инсон табиати шунақа.

Ҳа, нима қилайлик, биз ўз кўзимиз билан кўряпмиз-да, спортчиларнинг ичига кириб, уларга ҳар баҳс олдидан далда улашаётган масъулларни, эрталабдан кечгача турли ареналарда баҳсларни, жангларни, беллашуву ўйинларни бевосита кузатишаётганини... Россияда ўтган футбол мундиалида Хорватия президенти кўрсатиб қўйиб бўлди-да, спортчиларнинг ичига кириб, қандай яшаш кераклигини. Энди бошқача муносабат бегонадек туюлмоқда.

Индонезияда ҳар соати бир жамоа билан ўтаётган, терма жамоанинг ҳар бир медали учун ёниб куяётган мендек бир оддий журналистни бошқа қаҳрамонликлар билан овута олишмайди.

Бошқаларнинг бу ҳолатини кўрмаганимиз учун бизда айб йўқ, қай бир журналистнинг тўғри-нотўғри ёзаётгани эса, айни журналистикадир.

Бу — унинг ҳуқуқи. Асл журналистика аслида шу. Ранг-барангликка ҳамоҳанг журналистикагина — ҳақиқий!

Дарвоқе, сўнгсўзимда Эктор Куперга савол берган синглимиздан узр сўраб қўяй. Аслида, у тўғри айтган экан, Эктор Куперни ҳам оиламизнинг бир аъзосига айлантира олсак, футболдаги азалий орзумизга етишишимиз мумкин.

Хайрулла ҲАМИДОВ,

спорт журналисти

Мавзуга оид