Ўзбекистон | 18:47 / 28.08.2018
10368
3 дақиқада ўқилади

Балиқ ишлаб чиқариш бўйича ЭИЗда қандай қатнашиш мумкин?

Фото: uzchinassn.com

Вазирлар Маҳкамасининг 20.08.2018 йилдаги 677-сон қарори билан Тошкент вилоятида «Балиқ ишлаб чиқарувчи» эркин иқтисодий зонаси инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш тартиби тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, «Балиқ ишлаб чиқарувчи» ЭИЗ 30 йил фаолият юритиш муддати билан Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида ташкил этилган. 

Norma’нинг ёзишича, ЭИЗда инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш билан унинг дирекцияси, шунингдек Тошкент вилояти ЭИЗ ва КСЗ Маъмурий кенгаши (бундан кейин – Кенгаш) шуғулланади.

Қуйидагилар инвестиция лойиҳасини жойлаштириш мезонлари ҳисобланади:

• ижарага бериладиган умумий сув ҳавза майдонининг камида 10% қисмида интенсив усулда балиқ етиштириш ва ҳар бир гектар ҳавзадан 8 тоннадан кам бўлмаган ҳосилдорликка эришиш;
• ёпиқ сув айланма тизими иншооти қуриш ва ҳар бир гектарида камида 300 тонна балиқ етиштириш;
• сув тармоғи дренаж тизимларининг яхлитлигини сақлаб қолиш ва умумий фойдаланишда бўлишини таъминлаш;
• юқори маҳсулдор наслли она балиқ тўдаларини шакллантириш;
• ташкилотнинг эҳтиёжи учун талаб этиладиган юқори оқсилга бой озуқа базасини шакллантириш.
 
Инвестор иштирок этиш учун ЭИЗ дирекциясига инвестиция буюртманомасини, ш.ж. электрон шаклда, зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этади. 
 
Кенгаш буюртманомани кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилган ижобий қарор инвестор билан шартнома тузиш учун асос ҳисобланади. Инвестор томонидан ташкил этилган тадбиркорлик субъекти тегишли гувоҳнома берилган ҳолда ЭИЗ иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилади.

Қиймати экв. 5 млн АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳалари ЭИЗ ва КСЗ маъмурий кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан мажбурий тартибда келишилади. Келишиш чоғида Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси, тегишли тижорат банкларининг лойиҳа бўйича хулосалари ҳам инобатга олинади.
 
Ҳужжат 20.08.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид