Жамият | 18:31 / 28.08.2018
68614
4 дақиқада ўқилади

Дипломатия университети талабалари янги контракт нархларидан норози

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари тўлов-шартнома асосида таҳсил олишнинг янги ўқув йили учун жорий қилинган қимматлашган бадал миқдорини салбий муносабатда қарши олишди. Улар ижтимоий тармоқларда #dipkontraktdown ҳештеги орқали ва “Биз контракт ошишига қаршимиз” шиори остида ўз норозиликларини ифодаламоқдалар.

Аввалроқ ЖИДУда тўлов-шартнома нархлари 100% га кўтарилгани ҳақида маълумот берган эдик. Унга кўра, талабалар стипендия олмаган тақдирда 18 млн, одатий ҳолда эса 22 млн тўлашлари талаб этилади.

Университет раҳбариятининг тушунтириш беришича, президентнинг 2018-йил 21-июньдаги 3795-сонли қарорига биноан, университетга контракт нархларини 3 баробаргача ошириш ҳуқуқи берилган. Бундан кўзланган мақсад олийгоҳдаги профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларини тизимли кўтариш ва чет элдан тажрибали, ўз соҳасининг етук ўқитувчиларини жалб этиш бўлган. Мисол учун, университетда фан доктори даражасига эга профессорларнинг маошини бир йил ичида 6 миллион сўмга қадар кўтариш режалаштирилган.

Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолганида эълон қилинган бу янгилик талабаларнинг оммавий норозилигини келтириб чиқарди. Telegram гуруҳида ярим кун ичида 800 нафардан зиёдроқ талаба мазкур масалани муҳокама қилиш учун йиғилган. Facebook ва Instagram каби ижтимоий тармоқларда ЖИДУ талабалари томонидан #dipkontraktdown ҳештеги остида қўйилган постларда қаршиликнинг асосий сабабларини кўриш мумкин:

“Мен ЖИДУ талабасиман ва бундан сўзсиз фахрланаман. Аммо бир вазият мени қайғуга солмоқда: 2018-2019 ўқув йилига белгиланган контракт нархи – 22 116 000 сўм – жуда катта қиймат. Оилада мен ва менинг эгизагим контракт асосида ўқиймиз. Келажакда давлатимизга керакли кадр бўлишимиз учун, ота-онамиз бизга нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишимизга имкон беришган бўлса-да, улар ҳозир катта молиявий муаммога дуч келишди. Биз бу қарорни қайта кўриб чиқишни сўраймиз!”

“Қадрли дўстлар, 22 миллион - бу энди чегарадан ўтиш. Аввалига 9 миллион сўм ҳам қийин эди, кейин 11 миллион бўлди. Энди эса 22 000 000. Улар янгиликларни хоҳлаётганини тушунаман, лекин бу қадар эмас! Мен ўзим ўқишдан сўнг кечқурунгача ишлайман ва топган пулим контрактнинг чорак қисмини тўлашга базўр етарди. Агар контракт тўлаш учун ишлаётган бўлсангиз, ўқишга қандай вақт ажратиш мумкин? Хорижга шу сабаб чиқиб кетишяпти аслида…”

“Умуман олганда ойликни оширишни нима кераги бор, агар барибир контракт ҳам ошиб, бор пули контрактга тўланадиган бўлса? Номинал ойлик ошмоқда, лекин реал ойлик аксинча тобора пасайиб бормоқда. Контракт ошганлиги ҳақидаги хабар “fake” бўлиб чиқишига жуда ишонгим келяпти.”

Контракт нархи икки баробар ошган бўлса-да, стипендия миқдорининг бор-йўғи 7% га кўтарилгани ҳам талабаларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Ўқитувчиларнинг ойлиги кўтарилгани қувонарли албатта, лекин буни тўлиқ талабаларнинг ҳисобидан амалга ошириш қанчалик тўғри?

Айни пайтда бу норозилик ҳештеглари бошқа олийгоҳлар талабалари орасида ҳам тарқалмоқда. 

 

Мавзуга оид