Жаҳон | 17:30 / 05.09.2018
20870
2 дақиқада ўқилади

Скрипалларни заҳарлашда гумон қилинаётган шахсларнинг суратлари эълон қилинди

Жорий йилнинг 4 мартида Буюк Британиянинг Солсбери шаҳрида Россия разведка бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни заҳарлашда гумон қилинаётган икки россиялик - Александр Петров ва Руслан Боширов кузатув камералари нигоҳига тушиб қолган.

Фото: news.sky.com

«Гумонланувчилар Солсберидаги ҳужум арафасида Уилтон-Роуддаги кузатув камераларига муҳрланиб қолишган», дейилади BBC News хабарида.

Фото: PA Images/ТАСС
Фото: Metropolitan police

Ўз навбатида Скотленд-Ярд ва Буюк Британия Қироллик жиноий прокуратураси Солсберидаги ҳужум россиялик жосуслар томонидан содир этилганига етарлича исботлар мавжудлигини маълум қилмоқда.

Скотленд-Ярдда аксилтеррор бўлимга раҳбарлик қилувчи Нил Басунинг айтишича, ҳукумат Боширов ва Петровни ҳибсга олишга миллий ва халқаро ордер берган.

Нашр маълумотига кўра, Петров ва Боширов суиқасд содир бўлишидан икки кун аввал, 2 март куни ҳақиқий паспортлар билан Буюк Британия ҳудудига кирган ва 4 март куни сохта паспортлар билан мамлакатни тарк этган.

Ушбу шахслар 2-3 март кунлари мобайнида Лондон шарқидаги City Stay Hotel меҳмонхонасида яшашган. Улар тунаган хонада асаб тизимини фалажловчи «Новичок» моддаси излари топилган.

Фото: Metropolitan police
Фото: Metropolitan police

Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Скрипаль март ойи бошида Солсберида ҳушсиз ҳолда топилганди.

12 март куни Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй парламентга мурожаатида Скрипаллар Россияда ишлаб чиқарилган «Новичок» моддаси орқали заҳарлангани ҳақида маълум қилди. Москва томони бу айбловни рад этиб, 2017 йилда Россия ҳудудидаги барча кимёвий қуроллар йўқ қилинганини иддао қилади.

Мавзуга оид