Жаҳон | 12:20 / 11.09.2018
17709
3 дақиқада ўқилади

«Фавқулодда хавфли»: АҚШнинг шарқий қирғоқларига ҳалокатли довул яқинлашмоқда

АҚШнинг Жанубий ва Шимолий Каролина штатлари томон Атлантика океани ҳудудидан «Флоренс» довули ҳаракатланиб келмоқда. Мамлакат президенти Дональд Трамп ушбу ҳудудда фавқулодда вазият эълон қилган.

Жанубий Каролина штати губернатори Генри Макмастер эвакуация жараёни бошлангани ҳақида эълон қилган. Бу ҳудудда бир миллиондан ортиқ киши табиий офат туфайли ўз уйини тарк этади.

Хабар қилинишича, «Флоренс» айни вақтда ўн йилликдаги энг йирик довул бўлмоқда. Довул кучи 5 баллдан 4 баллга баҳоланмоқда. 

«Флоренс» айни вақтда кучайгандан кучайиб, АҚШнинг шарқий қирғоқлари томон ҳаракатланмоқда. 10 сентябрь куни бу 3 баллик довул экани айтилганди, аммо бир соат ўтиб шамол тезлиги соатига 178 километрдан 195 километргача кўтарилди. 4 баллик довул дарахтларнинг томирларини қўпориб, уйларни вайрон этади.

Метеорологлар Атлантиканинг илиқ сувларида кучайиб бораётган бу довул қуруқликда бешинчи даражага ҳам кўтарилиши мумкинлигини истисно этишмаяпти.

«Флоренс» кейинги 30 йил ичидаги энг талофатли довул бўлиши ҳам мумкин.

Охирги марта бундай йирик ураган ушбу ҳудудга 1989 йили ёпирилганди. Ўшанда «Ҳюго» довули Шимолий Кореяга жиддий зарар келтирган, зарар миқдори 7 миллиард долларни ташкил этган, 49 киши табиий офат қурбонига айланганди.

Тадқиқотлар миллий маркази ҳам «Флоренс» «фавқулодда хавфли» хусусиятларга эга эканидан огоҳлантиришмоқда.

Кучли ёмғирлар оқибатида қирғоқ ҳудудлари билан бир қаторда ички ҳудудларда ҳам сув тошқинлари келиб чиқиши мумкин.

Айни вақтда штатлардаги супермаркетларда узун навбатлар юзага келмоқда, дўконлар бўшаб қолмоқда, одамлар табиий офат вақтида зарур бўладиган буюмларни ёппасига харид қилишиб, озиқ-овқат жамғаришмоқда.

Жанубий Каролинага қўшни штатларда ҳам довул келишига тайёрланишмоқда. 

Шимолий Каролинада йўлларда тирбандликлар юзага келишининг олдини олиш учун, бу ҳудудга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари киришига чеклов қўйилган. АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Атлантика океани ҳудудидаги асосий ҳарбий-денгиз базаси бўлмиш Норфолк базасидаги кемалар Шимолий Каролина билан чегарадош ҳисобланган Виржиния штати ҳудудидаги сувлардан очиқ денгизга чиқарилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид