Жамият | 14:07 / 14.09.2018
167220
7 дақиқада ўқилади

Қалампир экканларни ҳам пиёз экканларнинг қисмати кутмоқдами?

Жорий йил баҳорида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги 62-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 15 минг гектардан ортиқ майдонга экспортбоп аччиқ қалампир кўчатлари қадалди.

Ўша вақтда катта шов-шув кўтарилиб, бир кило аччиқ қалампир жаҳон бозорида фалон доллар экан, ўзбек фермерларидан килосини фалон сўмдан олишаркан, деҳқоннинг кўкрагига ҳам шамол тегадиган кунлар келди, қабилида сўзлар янгради. Аммо оддий ҳақиқат шуки, жўжани кузда санашади.

Сўнгги вақтларда қалампир етиштирган ва тайёр маҳсулотни кимга сотишни билмай боши қотган деҳқонлар ва фермерлардан шикоят аризалари кўпайиб бормоқда. Улар шартнома бўйича маҳсулотни харид қилиши керак бўлган ташкилотлар (булар: Chiliuz, Nova Agro, Big Agro, Bekklaster) фермерларга алоқага чиқмаётганлари, етиштирилган маҳсулотни харид қилиш пунктлари ҳам маълум эмаслигини айтмоқда. Қалампир кўчатларини Agrobank кредити эвазига мажбуран харид қилиб эккан фермерлар орасида маҳсулотни сотиб олувчи ташкилотлар раҳбарлари хорижга чиқиб кетибди, банк кредитни тўлашни талаб қилса, ҳовлисига қалампирни олиб бориб, тўкамиз қабилидаги гап-сўзлар бўлаётгани ҳам қулоққа чалинмоқда.

Kun.Uz сайти мухбири шу каби мурожаатлар кўпайгани боис, мамлакатда етиштирилган қалампирни харид қилиш ва экспорт қилиш ишлари қай даражада эканини билиш мақсадида даставвал Президент қарори билан масъул ташкилотлардан бири сифатида белгиланган “Ўзозиқовқатхолдинг” компанияси билан боғланди. Бу ерда мазкур масала бўйича Chiliuz фирмаси ва “Ўзагроэкспорт” ташкилоти жавобгар эканини билдиришди.

“Ўзагроэкспорт”дагилар Chiliuz фирмасини кўрсатишди. Шундан сўнг, “қалампир эктириш” кампанияси ижроси учун масъул фирмалардан бири – Chiliuz (ваҳоланки, юқоридаги икки ташкилот ушбу фирма таъсисчилари ҳисобланади) директори Ботир Машарипов (2018 йил 28 июндан ушбу лавозимда фаолият юритмоқда, бунгача GMG фирмаси директори Фурқат Баҳромов раҳбар эди) билан учрашиб, суҳбатлашдик.

“Президент Шавкат Мирзиеёв Қорақалпоғистон Республикасига уюштирган сафарлари чоғида деҳқон-фермерлар билан учрашиб, ҳосилдорлиги паст пахта майдонлари ўрнида янги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан аччиқ қалампир етиштириш бўйича таклифларни маъқуллаш ташаббуси билан чиқди”, - деди Б.Машарипов.

Шундан сўнг, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январь куни 62-сонли қарори, кейинроқ қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича 2018 йил 21 февралда ўтказилган йиғилишнинг 8-сон баёни қабул қилинган. Машариповнинг маълум қилишича, йил бошида қалампир уруғини хориждан келтириш ва унинг кўчатларини етиштириб, марказлашган ҳолда деҳқон-фермерларга етказиш вазифаси, қарорда белгиланган фирма-ташкилотлар мавжуд бўлмагани боис, GMG фирмасига юкланган. У Ҳиндистондан “живалло” ва бошқа навли қалампирларни келтирган.

“Chiliuz компанияси ташкил этилганидан сўнг, деҳқон-фермерлар билан 192 млрд сўмлик аччиқ қалампирни харид қилиш бўйича фьючерс шартномалари имзоланган. Шартнома имзоланганидан кейин, фермерларга аччиқ қалампир етиштириш борасидаги агротехник маслаҳатлар ва бошқа масалалар юзасидан Chiliuz хизмат кўрсатиши керак эди”, - дея маълум қилди фирма раҳбари.

У, шунингдек аччиқ қалампир етиштириш кампанияси биринчи йилдаёқ бундай муваффақиятсизликка дуч келганини изоҳлади. 

“Бунинг асосий сабаби шундаки, Chiliuz компанияси ташкил этилган кундан бошлаб, шу кунга қадар, унга ва ҳудудий бўлинмаларига банклар ёки бошқа ташкилотлар томонидан маблағ ўтказилмагани, яъни етарли айланма маблағ билан таъминланмагани боис, Chiliuz жойларда етиштирилган ҳосилни харид қила олмай келмоқда”, - дея ойдинлик киритди Ботир Машарипов.

Chiliuz директори Ботир Машарипов

Унинг билдиришича, банк муассасалари Chiliuz таъсисчиларининг (“Ўзозиқовқатхолдинг” ва “Ўзагроэкспорт”) бугунги молиявий аҳволини, уларнинг бошқа кредит мажбуриятлари бўлгани сабабли кафолат бера олмаслигини инобатга олган ҳолда Chiliuz фирмасига кредит тақдим этишни рад этиб келган.

Машарипов, шунингдек бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилган гармдориларни хорижга экспорт қилишда ҳам муаммолар мавжудлигини айтар экан, бу масала моҳиятини ҳам очиқлади. Унинг сўзларига кўра, дунёнинг аччиқ қалампирни кўп истеъмол қиладиган асосий йирик давлатлари, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Сингапур, Корея ва Мексика каби давлатларда Ўзбекистонда етиштирилган аччиқ қалампирни киритиш бўйича тақиқлар бор. Айни шу сабабли, қалампирни экспорт қилиш борасида тўсиқларга дуч келинмоқда. Қолаверса, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Мексика, Болгария, Руминия ва Польша катта миқдорда аччиқ қалампир етиштиради.

Таъкидлаш ўринлики, юқоридаги сўзлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 август куни бўлиб ўтган ва 30 август куни тасдиқланган йиғилиш баёнида ҳам ўз аксини топган.

Chiliuz раҳбарининг айтишича, Ўзбекистонда етиштирилган аччиқ қалампир ҳосилини экспорт қилишда тақиқлар мавжудлиги ёки йўқлиги, маҳсулотни қандай усулда олиб кириш мумкинлиги борасида керакли мутасадди ташкилотлар томонидан ўз вақтида ахборот берилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августида имзоланган баённомасига биноан Agrobank АТБ томонидан суғурта асосида маблағ ўтказилиб берилиши белгиланган.

“Бош вазир баённомасига асосан, банк пулни қанақа тартибда ажратади, неча фоизда тақдим этади, шу масалалар ечимини топса, фермерлардан қалампир харид қилишни бошлаймиз. Аммо яна бир муаммо шундаки, ҳўл қалампирни хорижий давлатларга экспорт қилиш масаласини ҳам ҳал қилишимиз керак”, - деди Б.Машарипов.

Журналист мазкур мақолани тайёрлаш жараёнида, Chiliuz раҳбари билан телефон орқали боғланиб, Agrobank АТБ томонидан маблағ ўтказиш масаласи қандай ҳал этилганига қизиқди. Машариповнинг билдиришича, 2018 йил 11 сентябрь кун ҳолатига кўра, банк ҳеч қандай маблағ ўтказиб бермаган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳозирча жойларда етказилган қалампир ҳосилини харид қилиш ишлари бошлангани йўқ.

P.S.: Бугунги кунда жаҳон аччиқ қалампир (гармдори) бозорида 1 кг қуруқ маҳсулот 2,35 АҚШ доллари, кукун ҳолатдагисининг 1 килограмми янада қимматроқ. Бироқ Ўзбекистонда етиштирилган бу йилги гармдориларни экспорт қилиш имкони бўладими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Аччиқ қалампир етиштирган фермерлар қандай муаммолар билан дуч келаётгани ҳақида кейинги лавҳаларимизда сўз юритамиз.

Толиб Раҳматов Kun.Uz мухбири

Фазлиддин Абдуқодиров Kun.Uz оператори

Мавзуга оид