Спорт | 10:51 / 17.09.2018
50013
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: ХОҚ Ғофур Раҳимовга чақириқ билан чиқди

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчи Ғофур Раҳимовни ташкилот раҳбари лавозимига ўз номзодини илгари сурмасликка чақирди. Билдирилишича, бу бокснинг Олимпия ўйинлари дастурида сақланиб қолишини таҳдид остида қолдиради, деб хабар қилмоқда ТАСС Inside the games порталига таянган ҳолда.

Нашрнинг хабар беришича, ХОҚнинг этика ва талабларга мувофиқлик масалалари бўйича директори Пакеретт Жирар Запелли Раҳимовга мактуб йўллаган. Унда унинг номзоди AIBA президенти лавозимига қўйилиши ХОҚнинг Токиодаги Олимпиада-2020 дастурида боксни сақлаб қолиш бўйича қарорига таъсир ўтказиши мумкинлиги, сабаби у жиноят олами билан алоқаларда гумонланиши ҳақида айтилган. 

Аввалроқ, АҚШ Молия вазирлиги хорижий активлар устидан назорат қилиш бўйича департаменти Раҳимовни Ўзбекистоннинг энг асосий жиноятчиларидан бири сифатида санкциялар рўйхатига киритганди. Шунингдек, АҚШ Молия вазирлиги Раҳимовнинг АҚШ долларида исталган молиявий операцияларни амалга ошириш имкониятига тақиқ қўйиб қўйди. 

AIBA президенти сайловлари 3 ноябрь куни ташкилотнинг Москвадаги конгрессида бўлиб ўтади. Inside the games хабарига кўра, Осиё бокс конфедерацияси президенти, қозоғистонлик Серик Қўнақбаев AIBA раҳбарлигига ўз номзодини илгари суради. AIBA президенти сайловларига ариза билан чиқишнинг энг охирги муддати - 23 сентябрь.

ХОҚ ташкилот ижро қўмитасининг ноябрь ойидаги йиғилишида 2020 йилги Олимпия ўйинлари дастурида боксни сақлаб қолиш масаласини кўриб чиқади.

ХОҚ айни дамда AIBA’га нисбатан суриштирув ўтказмоқда, у февралда бошланган. Ушбу қарор ХОҚнинг Пхёнчханда бўлиб ўтган ижроия қўмитаси йиғилиши якунлари бўйича қабул қилинди. ХОҚ AIBA’нинг бошқарув, молия ва допингга қарши масалалар бўйича ҳисоботидан қониқмади. AIBA собиқ раҳбари Чинг Куо Ву истеъфога чиқди, унинг вазифаларини Раҳимов бажара бошлади.

Мавзуга оид