Ўзбекистон | 16:29 / 17.09.2018
75266
2 дақиқада ўқилади

UzCard ишлай бошлади. Компания расмий баёнот берди

UzCard онлайн тизими ишлаш жараёни тикланди. Бу ҳақда компания хабарида айтилади.

Қайд этилишича, тизимдаги носозлик аниқланганидан сўнг, мутахассислар томонидан уларни бартараф этиш, процессинг маркази фаолиятини тиклаш ва карточка маълумотлари сақланиб қолинишини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган, шунингдек, рўй берган ҳодиса текширувдан ўтказилган.

Тизимни тиклаш ишларига қатор мутахассис-шериклар ҳам жалб этилди. Натижада барча техник ва дастурий носозликлар бартараф қилинди. Айни дамда UzCard тизими фаолияти тўлақонли тикланишини таъминлаш бўйича бутун жараённи босқичма-босқич тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Тизимдаги носозликлар сабабини аниқлаш мақсадида дастурий таъминот батафсил ёзувлари олинди ва дастурий таъминот ҳамда сервер қурилмалари ишлаб чиқарувчиларини техник қўллаб-қувватлаш хизматига юборилди. Тизимнинг тўлиқ ишлашини тиклаш ва сабабларини аниқлаш ишлари якунлангач, Марказ носозлик сабаблари тўғрисида батафсил маълумот беради.

Компания карта эгаларидан, тадбиркорлардан ва ҳамкорларидан узр сўраган. Шунингдек, компания одамларда пайдо бўлган эътирозларни тушуниши ҳамда масаланинг моҳиятини ва масъулиятини чуқур англаган ҳолда аҳолидан юзага келган вазиятни тушуниш билан қабул қилишни сўраган.

UzCard истиқболда бундай ҳолатлар такрорланмаслиги йўлида барча чора-тадбирларни кўришини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UzCard тизимидаги носозликлар бугун, 17 сентябрь куни бартараф этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

UzCard тизими ишдан чиқиши Ўзбекистондаги 18 миллиондан ошиқ пластик карта муомаласига таъсир кўрсатди. Марказий банк маълумотларига кўра, 2018 йилнинг январь—август ойларида тўлов терминаллари орқали 39,2 триллион сўм пул тушган. Бу эса кунига ўртача 160 миллиард, соатига ўртача 6,7 миллиард сўм дегани.

Мавзуга оид