Бухородаги фожиа. ИИБ янги маълумот берди
2018 йилнинг ўтган даврида “ZELICH OIL GAZ” метан газ қуйиш шохобчасида автотранспорт воситаларига газ қуйилганидан сўнг содир этилган шу каби бахтсиз ҳодисалар сони 2тани ташкил қилиб, бугунги ҳолат учинчиси ҳисобланади. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ Kun.uz’га хабар берди.
Жумладан, (биринчи ҳолат) 2018 йил 2 февраль куни соат 22:50 да, Когон тумани, Янги ҳаёт МФЙ, Амиробод массивида жойлашган ушбу газ қуйиш шохобчаси чиқиш жойида, Когон шаҳар, С.Айний кўчасида яшовчи, 1988 йилда туғилган, «Чорбоғ Омега Плюс» МЧЖ ҳайдовчиси Бекзод Арабов бошқарувидаги ушбу МЧЖга тегишли “Матиз” русумли автомашинасида ўрнатилган метан газ баллони портлаб кетган.
Бунинг оқибатида автомашина салонида бўлган ҳайдовчи Б.Арабов ва шу манзилда яшовчи унинг турмуш ўртоғи, 1992 й.т., вақтинчалик ишсиз Юлдуз Худойкулова оғир тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Шунингдек, (иккинчи ҳолат) 2018 йил 26 август куни соат 09:05да, Когон шаҳар, Маданият кўчасида яшовчи, 1963 й.т. якка тартибда ишловчи Рустам Каримов 2005 йилда ишлаб чиқарилган “Нексия” русумли автомашинасига ўрнатилган 100 литр ҳажмдаги метан газ баллонига 190 атмосфера босими билан суюлтирилган газ қуйиб, ўттиз километрча масофада йўл босиб, автомашинани ўзи яшайдиган уй олдига келтириб қўйганидан сўнг (“Шуҳрат Шербек Замон Сервис” корхонаси томонидан 14.11.2016 йилда ўрнатилган СНГ-1 модели, ҒЕ 053184 рақамли, 2019 йилнинг ноябрь ойига қадар техник кўрикдан ўтказилган метан газ баллони) автомашина газ баллони портлаб кетган.
Ушбу жараёнда бирор киши жароҳат олмаган. Ҳозирги кунда терговолди суриштирув ишлари давом этмоқда. Дастлабки суриштирув ишлари бўйича қўшимча равишда маълумот бериб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 18 сентябрь куни соат 08:30 атрофида Когон тумани ҳудудидан ўтувчи Бухоро-Қоровулбозор магистрал йўлида йўловчи автобуси йўл транспорт ҳодисасига учрагани хабар берилганди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Kun.uz»га маълум қилишича, автобусдаги газ баллони портлаши натижасида 4 йўловчи воқеа жойида, 1 киши эса шифохонада вафот этган. Автобусда жами 26 киши бўлган.
Автоҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган.