Спорт | 22:40 / 19.09.2018
6090
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Кубоги. ОКМК қийинчилик билан Про-лига клуби тўсиғидан ўтди

Фото: Машъал ФК матбуот хизмати

Ўзбекистон Кубогида чоракфинал ўйинлари якунланди.

Олмалиқнинг ОКМК клуби ўз майдонида Про-лига вакили, Муборакнинг «Машъал» клубини қабул қилди. 

56-дақиқада «Машъал» Хумоюн Муртазоев зарбасидан сўнг, ҳисобни очишга муваффақ бўлди. 78-дақиқада Камолиддин Мурзоев уни тенглаштирди. Ўйиннинг асосий вақтида ғолиб аниқланмагач, қўшимча таймлар белгиланди. Унда ОКМК қийинчилик билан гол уриб, ғалабани илиб кетди. 110-дақиқада Владимир Бубанья ҳал қилувчи тўпни дарвозага йўллади. Сўнгги сонияларда эса Жасур Ҳасанов бўш қолган дарвозани ишғол этиб, якуний ҳисобни белгилади.

Натижада ОКМК Ўзбекистон Кубоги яримфиналига чиқди. Аввалроқ «Пахтакор», «Қўқон-1912» ва «Бунёдкор» клублари ҳам 1/2 финал иштирокчисига айланишган эди.

Яримфинал жуфтликлари Спорт телеканали орқали жонли эфирда намойиш этиладиган «Гол» кўрсатуви вақтида ташланадиган қуръа орқали аниқлаб олинади. Кўрсатув эртага, 20 сентябрь куни соат 19:40да бошланади.  

1/2 финал ўйинлари 27-28 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон кубоги, 1/4 финал
19 сентябрь, Олмалиқ
ОКМК (Олмалиқ) - Машъал (Муборак) - 3:1 (қ.в.)
Голлар:  Камолиддин Мурзоев (78), Владимир Бубанья (111), Жасур Ҳасанов (120+2) - Ҳумоюн Муртазоев (56)

Мавзуга оид